Ўзбекистон | 13:13 / 26.01.2026
6997
2 дақиқада ўқилади

АҚШда ушлаб турилган ўзбекистонликлар элчихона орқали ёрдам сўради

АҚШдаги Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Виржиния штатида жойлашган Kerolayn ва Farmvill хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказларига бориб, у ерда сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашди.

Фото: Wikipedia

“Дунё” АА хабарига кўра, учрашувлар давомида ватандошларни сақлаш шароитлари, соғлиғи ва умумий аҳволи, овқатланиши ҳамда бошқа маиший масалалар ўрганилган. Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларига консуллик ва ҳуқуқий масалалар бўйича тегишли тушунтиришлар берилган.

Ўзбекистонликлар билдиришича, уларнинг АҚШга ноқонуний кириб келгани сабабли ҳозирда депортация масаласида суд ишлари олиб борилмоқда. Шу муносабат билан, улар Ўзбекистонга тезроқ қайтишда амалий кўмак сўраб мурожаат қилган.

Элчихона ўз ваколатлари доирасида фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш масалалари бўйича хорижий томонлар билан тегишли музокаралар ўтказишга, зарур консуллик ҳужжатларини тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканини маълум қилган. Шу билан бирга, АҚШ иммиграция сиёсатидаги сўнгги ўзгаришлар инобатга олиниб, хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига қонуний бўлиш, маҳаллий қонунларга қатъий риоя қилиш ва ноқонуний фаолиятдан тийилиш тавсия этилган.

Зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси консуллик бўлими билан қуйидаги алоқа каналлари орқали боғланиш мумкин: телефон: +1 (202) 887-5300. Электрон почта: [email protected].

2026 йил 21 январ куни АҚШда ноқонуний бўлиб тургани учун мамлакатдан чиқариб юборилган 44 нафар Ўзбекистон фуқароси чартер рейс орқали Тошкентга келгани ҳақида ҳам хабар берилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид