Ўзбекистон | 15:10 / 30.04.2026
7189
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳридаги автоаварияда ППХ ходими ҳалок бўлди

Самарқанднинг марказий кўчаларида тунги вақтда тезликни ошириб ҳаракатланган Lacetti ичида ички ишлар органи ходимлари бўлган “Nexia-3”га бориб урилган. Натижада хизмат вазифасини ўтаётган ходимлардан бири вафот этган.

Kun.uz’га тақдим этилган видеода 2026 йил 26 апрел куни соат 01:30 лар атрофида Самарқанд шаҳри Ибн Сино кўчасида “Lacetti” катта тезликда ҳаракатлангани акс этган.

Манбага кўра, орадан бир неча дақиқа ўтиб, айнан шу автомобил Бўстонсарой ва Улуғ Турсунов кўчалари чорраҳасида йўл-транспорт ҳодисасига учраган. “Lacetti” йўлдан қайрилиб олаётган “Nexia-3” билан тўқнашган.

Айтилишича, “Nexia-3”да икки нафар пост-патрул хизмати ходими бўлган. Улардан бири - 1998 йилда туғилган Достон Қўзиев оғир тан жароҳатлари билан шифохонага олиб кетилган ва кейинчалик вафот этган.

Видеода акс этган ҳолатлар ва манба маълумотларига кўра, тунги соат 00:00 дан кейин Самарқанд кўчаларида юқори тезликда ҳаракатланиш деярли одатий ҳолга айланган. Айни ҳолатда ҳам “Lacetti”да тўрт нафар ёш йигит бўлгани, ҳайдовчининг эса гувоҳномаси бўлмагани тахмин қилинмоқда.

Манба шунингдек, ушбу вазиятда “Nexia-3” айбдор сифатида кўрсатилиши мумкин бўлса-да, “Lacetti”нинг юқори тезликда ҳаракатлангани кузатув камераларида қайд этилганини таъкидламоқда.

Ҳодиса юзасидан вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати муносабат билдириб, “Nexia-3” ҳайдовчиси чапга бурилиш вақтида тўғри йўналишда келаётган “Lacetti”га йўл бермаганини маълум қилган. Тўқнашув оқибатида “Lacetti”да ёнғин келиб чиққан ва у ФВБ ходимлари томонидан бартараф этилган.

Расмий маълумотларда ҳар икки автомобилдаги жабрланганлар шифохонага мурожаат қилгани айтилган.

Кейинчалик вилоят ички ишлар бошқармаси Достон Қўзиевнинг вафот этганини Kun.uz’га тасдиқлаб, ҳодиса у хизмат вазифасини бажараётган вақтда содир бўлганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 25 феврал куни Тошкент шаҳри Миробод туманида вояга етмаган Дониёр Турғунов BMW бошқарувида йўл-патрул хизмати инспектори Ҳосилбек Эшназаровни уриб юборганди. Инспектор кейинчалик олган оғир жароҳатлари оқибатида вафот этган.

Исомиддин Пулатов
Муаллиф Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид