Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ҳақиқатга тўғри келмайди” – Тошкент вилояти ИИББ ППХ ходими билан боғлиқ хабарга муносабат билдирди
Бошқармага кўра, ходим 22 ёшли танишининг маслаҳат олиш борасидаги чақирувига асосан борган. Шунда аёл 14 ёшли қиз таниши билан бирга чиқиб, ходимнинг машинасига ўтирган.
Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати ППХ ходими билан боғлиқ хабар юзасидан расмий муносабат билдирди. Бошқармага кўра, суриштирувлар давомида тарқатилаётган хабарда келтирилган иддаолар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслиги маълум бўлган.
“Жорий йилнинг 27 апрел куни соат тунги 00:40 да Оҳангарон шаҳар ИИБ ППХ ходимига таниши 22 ёшли А.К. (аёл) қўнғироқ қилиб, ундан маслаҳат олиш заруратини айтиб чақирган. ППХ ходими етиб борган вақтида А.К. билан унинг 14 ёшли қиз таниши бирга чиқиб, ходимнинг машинасига ўтирган. Шу вақтда 18 ёшли А.Х. (видеода мурожаат йўллаган шахс) 4 нафар танишлари билан келиб, ходимни ҳақоратлаб, жанжал кўтарган. У аслида 14 ёшли қизнинг ҳеч қандай қариндоши ҳисобланмайди”, дейилади.
Бошқарма ҳолат вояга етмаган қиз иштирокида бўлгани сабабли, тўлиқ тафсилотлар ҳозирча очиқланмаслигини маълум қилган. Шунингдек, иш якунига кўра ёлғон ахборот тарқатган шахсларга нисбатан маъмурий, оғир оқибатларга олиб келган тақдирда жиноий жавобгарлик чоралари кўрилиши қўшимча қилинган.
Аввалроқ Оҳангарон шаҳрида ППХ ходими 14 ёшли қизни дугонаси билан бирга тоғли ҳудудга олиб бориб, уларга шилқимлик қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ҳолат текширилаётганини, ходим ишдан бўшатилганини маълум қилган эди.