Жамият | 19:52 / 19.11.2024
21615
4 дақиқада ўқилади

Тўрақўрғонда ота турмушга чиқишни рад қилган қизини бўғиб ўлдирди

22 ёшли қиз ота-онасига унаштирилган йигитга турмушга чиқмаслигини айтган. Бундан жаҳли чиққан ота мудҳиш жиноятга қўл урган. Қотил ота жиноий жазога тортилди: судда марҳуманинг онаси турмуш ўртоғини кечиришини, аммо у қилмишига яраша жазо олиши кераклигини билдирган.

Фото: Сунъий интеллект чизган сурат

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ўз қизини ўлдирган отага суд ҳукми ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, мудҳиш жиноят 2024 йилнинг 12 июн куни туманнинг Исвахон маҳалласида содир этилган. 1974 йилда туғилган М.Э. шу куни соат 7:00 ларда ўзининг яшаш хонадонида 2002 йилда туғилган қизи Д.У.ни рўмол билан бўғиб ўлдирган. Бунга қизи унаштирилган йигитга турмушга чиқишни рад қилгани, бошқа йигит билан гаплашишини айтгани сабаб бўлган.

Бир неча дақиқа рўмол билан қизини бўғиб турган ота у ўлмаганини кўриб, қўллари билан бўғишни давом эттирган. Қизи ўлгач, турмуш ўртоғи ишдан келиб қўрқиб кетмаслиги учун унинг мурдасини уйнинг ертўласига олиб тушиб қўйган.

Сўнгра М.Э. қўшнисининг олдига чиқиб, машинасида бир жойга бориб келишни илтимос қилган. Қўшниси рози бўлгач, улар туманнинг Қурама маҳалласи ҳудудидаги сой бўйига келишган. Шу ерда қотил ота қўшнисига қилган жиноятини айтиб, ўз жонига қасд қилмоқчилигини билдирган. Аммо қўшнисининг бу нотўғри эканлиги ҳақидаги гапларидан кейин аввалига туман ИИБга, сўнгра прокуратурага бориб, содир қилган қилмишини бўйнига олган.

Судда М.Э. айбига иқрор бўлиб, қизини ўлдириб қўйганлигидан қаттиқ пушаймонлиги ва афсусдалигини билдирган ҳамда ўзига нисбатан қонуний енгиллик сўраган.

Марҳуманинг онаси Т.Э. суд муҳокамасида ўғли учун турмуш ўртоғини кечиришини, лекин у қилмишига яраша жазо олиши кераклигини маълум қилган.

Қизим йигит билан кўришиб, аввалига бир-бирларига маъқул келишганини айтганди. Шундан сўнг унаштириб қўйгандик. Лекин 2024 йил 25 май куни қизим ўртоқлари билан кўришиш учун кўчага чиқиб кетиб, кайфияти бироз бузилган ҳолда уйга қайтди. Орадан 2-3 кун ўтганидан кейин эса уйга бўлажак куёв келиб, қизим номаълум бир йигит билан гаплашиб келганини айтди ва тўйни тўхтатайлик деб кетди.

Турмуш ўртоғим билан қизимни ўртага олиб, телефонда гаплашиб келган бола кимлигини, нима учун бундай қилганини сўрадик. У ҳеч нарса демади. Эртаси куни синглим келганида унга ҳам бўлган ҳолатни айтиб, қизим билан яна гаплашдик. Шунда у телефонда гаплашган йигит ишхонасидаги бир ходимлигини, у билан ака-сингилдек эканлигини айтди.

Турмуш ўртоғимга тақдир экан, майли дедим. Аммо турмуш ўртоғим “маҳаллада гап бўлса нима дейман?” дея бироз жаҳл қилди.

12 июн куни соат 6:30 ларда ишга кетдим. Ундан олдин қизимнинг хонасига кириб, туриб чой ичишини айтдим. Ишда кўнглим бир хавотирни сезди. Кейин жияним билан уйга келсам, ҳовлида ИИБ ходимлари юришган экан”, деган она кўрсатмасида.

Суд ҳукми билан М.Э. Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид