“Кўп нарса ҳокимларнинг савиясига боғлиқ” — ватанга қайтган инвестор қандай тўсиқларга учради?
Тадбиркор Руслан Қаландаров – Kun.uz'нинг яқинда эълон қилинган мултфилми прототипи. У биз билан суҳбатда чет элдаги фаолиятини Ўзбекистонда кўрган-кечирганлари билан таққослайди, жойлардаги амалдорларнинг савиясига баҳо беради, қишлоқ хўжалигидаги катта потенциал кўкка совурилаётганидан афсус билдиради.
– Сизни прототип сифатида олиб, мултфилм ясадик. Ўша мултфилмда айтилган биографиянгизни қисқароқ бўлса ҳам айтиб беринг.
– Авваламбор, қизиқиш кўрсатаётган камдан кам тараф бўлиб турганингиз учун раҳмат. Юртимизда ўқидик, яхши ўқидик, хорижда ўқидик, илм олишга ҳаракат қилдик, академик тажрибамиз ҳам бор. Ундан ташқари, тижоратнинг ичига чуқур киришга ҳаракат қилдик. Туркияда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни дунёга сотдик, Англиядан тортиб Филиппингача.
– Айтганларингиздан хулоса қиладиган бўлсак, яхшигина айланма маблағингиз бўлган. Нима сабаб бўлди қайтиб келишингизга?
– Авваламбор, отам “энди бу ёқда ҳам бир фойданг тегсин” деди. Барибир, истаймизки, Ватанга фойдамиз тегсин, шу ерда ютуқларга эришайлик. Ўша даврда ўзига яраша қийинчиликлар бор эди – ҳар ернинг тош-тарозуси бор. Буни тушунган ҳолда келдик. Аввало бозорни ўргандик. Энг оптимал маҳсулот кунжут бўлиб чиқди, перспективасини, келажаги порлоқлигини кўрдик. Дунёда уч ярим миллиард долларлик бозори бор кунжутнинг. Ва ўсиб бораётган бозор бу. Инвестиция қилдик, заводлар қурдик, ишчи ўринлари очдик.
Ҳар бир жабҳада примитив услубларни, ҳосилдорлик паст эканлигини, ишлар саноатбоп эмаслигини кўрдик. Илмий тадқиқот деярли йўқ эканлигини кўрдик. Олимлар олдига вазифа қўйдик: “мана, дунё бозорида, саноатида кунжутга бунча талаб бор, етишиб юришимиз керак” дедик. Муҳокама қилдик, тортишдик, гаплашдик. Ҳаттоки хориждан мутахассисларни олиб келдик.
Бугунга келиб, тахминан уч минг гектарга яқин шахсан ўзимнинг кунжут етиштириш тажрибам бор. Хоразм бўйича бошқа фермерларнинг ерларида ҳам консалтинг қилиб, етиштирган кунжутларимиз бўлди. Бундан ташқари, Республикамизнинг бошқа ҳудудларида, Қорақалпоғистон, Қашқадарё ҳудудларида ҳам кунжут етиштирувчиларга кўп ёрдамлар бердик.
Энди ўзимизнинг ерга келадиган бўлсак, 2019 йил мана шу кўриб турган ҳудудда 270 гектар кунжут етиштирдик. Айни 2019 йилнинг ўзида қайта ишланган, қўшимча қиймат қўшилган маҳсулотлардан 500 минг долларлик экспорт қилишга муваффақ бўлдик.
Ҳаётимизни шунга бағишладик. Техникаларни олиб кела бошладик. Кунжутга хос касалликларини ўргана бошладик, биринчилардан бўлдик бу соҳада, касалликларни кўрсатиб тартибга солдик. Мамлакатимизда иккита-учта фабрика бор, фақат бланшировка қилади. Биз эса паста, ҳолва, ёғ чиқариш – ҳаммасини йўлга қўйдик. Экспорт соҳасидаги Туркиядаги мутахассислар билан маслаҳатлар қилдик.
Маҳаллий ҳокимиятга илмий тадқиқотлар ва бошқа муаммолар қизиқ эмас. “Менга экспорт керак фақат”, дейди. “Экспортга боғлиқ бўлган муаммолар бор, булардан бошлаш керак, уруғни ҳал қилмасак, 25 фоиз йўқотиш қиламиз”, десак, тушунмайди.
– Тўсиқлар ҳақида гапира бошладингиз. Тўсиқлар қандай шаклда, қандай кўринишда бўляпти?
– Бошида экспорт қилишга қўлимиз калталик қилди, чунки биз ҳам қишлоқ хўжалигини, ҳам саноатни, ҳам илмий изланишларни ўзимиз бажардик, экспорт масалаларига улгурмадик. Фаолиятимизни 2016 йил бошлаган бўлсак, 2018 йилда экспорт қилишни бошладик. Бу ёқда кадр муаммолари, кадр йўқ, ўзимиз тарбия қилишга мажбур бўлдик.
Кўплаб ташкилотлар бор эди ўша пайтда, экспортга кўмаклашадиган: экспортни қўллаб-қувватлаш фонди, Агроэкспорт, туманлардаги, районлардаги экспортга масъуллар, банкларнинг масъуллари ва ҳоказо. Ҳаммасига маҳсулот бериб чиқдик: “мана, саноат қилдик, завод қурдик, ёрдам беринглар”, дедик. Элчилар ҳам масъул қилинди. Уларга ҳам маҳсулот бердик. Лекин қарангки, ёрдам беришолмади. Маҳсулот яратилди, аммо реализация қилинмади. Бу ёқда кредитларни тўлаш керак, солиқларни тўлаш керак, ишчиларга ойлик бериш керак...
– Ташкилотлардан ёрдамни қандай шаклда кутгандингиз?
– Харидор топишда кўмак беришларини.
– Уларнинг бунга имкониятлари борми?
– Улар бунга масъул. Шунга мувофиқ имконият, инструментария – ҳаммаси берилган уларга. Ҳар ҳолда, биз шундай тушундик, бизларга шундай тушунтиришган эди. Балки уларнинг ёндашуви нотўғри бўлгандир, балки улар стереотип йўллардан юраётгандирлар, чапга, ўнга чиқишни билишмаётгандир, бизга қоронғи.
Марказий банкдан келишди Хоразмга, дангалини айтдик: “бугунги кунда сизлар дунё бозорида рақобатбардош эмассизлар” дедик. Маблағ сўрасак, камида бир ой тутиб туришади, лекин Туркиядан кунжут хомашёсини оладиган тадбиркор уч кунда кредит олиб, бу ёққа самолётда учиб келиб, бурнимизнинг тагида хомашёни олиб кетяпти. Учта бозоримиз бор эди, энг каттаси – Россия бозори, юқори нархларда кирдик у ерга, Қирғизистон бозорига кира бошлагандик. Тажрибамиз бор, принципимиз – биринчи навбатда пул эмас, биринчи навбатда малака, тажриба ва шакллантирилган бозорлар. Ҳали ҳам мижозларимиз бизлардан маҳсулот етказиб беришимизни кутишяпти. Аммо банкларимиз панд берди.
Яна бир муаммо – маҳаллий мутасаддиларнинг мавжуд потенциалларни кўра олмаслиги, ўлчай олмаслиги. Мисоллар айтаман: Урганч туманида йигирма икки минг гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бор. Тасаввур қилинг, битта ҳам томат паста чиқарадиган завод йўқ, ҳали ҳам. Ёки, дейлик, булғор қалампирини қайта ишлайдиган завод йўқ, тузламалар қиладиган завод йўқ. Кимгадир кулгили бўлиши мумкин, лекин мен учун трагедия – Хоразмда ишлаб чиқарилган мураббо йўқ.
– Сабаб?
– Капитал йўқ. Капитал шакллантира олишмаяпти. Ҳалигача трактори йўқ фермерлар бор, ҳалигача болаларини хорижда ўқита олмаётган фермерлар бор. Фермерлар прогресс қилиш ўрнига, регресс қиляпти. Чунки фермер озод фермер эмас. Танлашда озод эмас, қарор қабул қилишда озод эмас. Шоли экканнинг шолисини бузиб ташлашяпти. Пахтани мажбурлашади. Норентабел бўлса нега эктиради? Алтернативага ўрин йўқ.
– Куни кеча сайтимизда чиқди – 14 гектар пишиб турган шолини бузиб ташлашибди... Тасаввур қиляпман фермернинг кўнглидан нима кечяпти... Бу ҳолатда у келажакка режа қиладими? Йўқ! Чет элда яшаб, фаолият юргизгансиз, кўрганларингизни айтиб беринг, деҳқон қандай ишлайди у ерда, фермерлар қандай муҳитда ишлаяпти, масалан, Туркияда?
– Туркияда саноат фермер билан яқиндан боғланган. Уларнинг орасига учинчи шахс аралаша олмайди. Саноат талабини айтади, орада илмий изланиш институтларига сўров билдирилади, бунда фермерлар ҳам тўғридан тўғри иштирок этади. Олимлар ва саноатда бир-бирини ривожлантиришга иштиёқ мавжуд. Маҳсулот етиштиришдан олдин ҳаммаси ўрганиляпти ва келишиляпти, натижада кафолатли сотиш бўляпти. Ҳаммага яхши: фермерга ҳам, ўз режаларини амалга ошираётган саноатга ҳам, олимларга ҳам. Ҳокимлар фақат ёрдам беришади!
– Энди савол: нега турк ҳокими ўзини бундай тутади-да, бизнинг ҳокимлар – бошқача?
– Оғир бўлса ҳам айтиш керак – савия масаласи бор. Таъбир жоиз бўлса, келин олиш учун етти авлодини ўрганиш кераклигини айтади донолар... Ҳоким тайинлаш олдидан битта ҳам “авлоди” ўрганилмаяпти чамаси... Ҳоким турли масалаларда компетент бўлиши керак. Президент бизни – хорижда юрганларни таклиф қилди. Биз келдик. Инвестиция киритдик. Янги ғоялар олиб келдик. Бизлар билан ишлайдиган мутасаддилар ҳам шунга мувофиқ бўлиши керакмасми?! Уларнинг савияси савол остида қоляпти.
– Савия ҳақида гапиряпсиз. Аммо ҳаммаси савияга боғланмайди-да. Ўша – савиясиз деяётганингиз ҳоким ҳам агар тизим тўғри шакллантирилган бўлса, ўша тизимга сиғмай қолади-ку.
– Бошимиздан ўтказиб турибмиз – чиқаётган қонунлар бизлар учун мос бўлиб чиқяпти. Қонунлар орқали биз тадбиркорлар ўзимизни минимал даражада бўлса-да ҳимоя қила оляпмиз. Лекин масъуллар, билмадим, бошқача кўз билан қараяптими?
– Биз шуни кузатяпмизки, ҳокимлар тўғридан тўғри қонундан чиқиб кетяпти. Агар вақтида қонунга хилоф ҳаракатларнинг томирига уриладиган бўлса, ўша ҳокимлар ҳам ўзини тутиб ҳаракат қилади. Бу ерда шунчаки савиясизлик эмас, қонунларни умуман менсимаслик ҳолатларини ҳар куни кузатамиз.
– Икки кун олдин худди шунақа нарсани кўрдик, ҳоким тарафидан қонунларни менсимасликни. Жуда кўп ёлғон бўляпти. Кунжутни ҳам алмашиб экиш керак, аммо тўсқинлик қилишади.
Урганч туманида янги ҳоким келганига деярли икки йил бўлди, лекин бирор бир завод йўқ. Потенциалимиз юқори бўлган соҳа – қишлоқ хўжалиги. Шунча хомашё бўлишига қарамай, ишлаб чиқариш йўқ. Чунки ишлашга йўл беришмаяпти. Атай сув бермай қийнашади. Ҳокимнинг гапи фақат: “ерингни топширасан”... Тадбиркордан ҳол сўраш йўқ, биргаликда бунёдкорлик қилиш йўқ.
Чет элдаги бозорларимизни жуда осон бериб қўйяпмиз. Президент мутлақ иммунитет берди ҳокимларга, “ҳеч ким тегмасин” деди. Бунақа иммунитет олганлардан кейин, фақат олдинга юриш керак.
Курашда олдинги сафда туриб курашадиган – тадбиркор. Олдинда туриб курашсам-да, орқамдан туриб, ёрдам бериб туришадими ёки пичоқ урадими деб ўйласак, бўлмайди. Абсурд бу.
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
14:21 / 21.12.2024
Ҳокимлар ва футбол. Йил бошидаги мақсад ва харажатга яраша қандай натижага эришилди?
07:35 / 20.12.2024
Қишлоқ хўжалиги вазирига янги ўринбосар тайинланди
14:06 / 12.12.2024
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 16 фоизга ошди
15:43 / 05.12.2024