Деҳқоннинг “уйи куйди”: Кегейлида 14 гектар пишай деб турган шоли даласи бузиб ташланди
Фермер Мансурбек Йўлдошев қарийб 70 гектар яроқсиз ерни 10 йил давомида қишлоқ хўжалиги ерига айлантириб, яхшигина ҳосил ола бошлаганди. Лекин куни кеча унинг 14 гектар етилай деб турган шолиси маҳаллий идоралар истаги билан бузиб ташланди.
Мансурбек Йўлдошев – “Aminboy Sharwa” фермер хўжалиги раиси. Унинг Kun.uz'га айтишича, 26 сентябр куни соат 17:00 атрофида ИИБ ходимлари унинг дала майдонига бир нечта автомашиналарда келиб, хўжалик ишчисининг телефонини олиб қўйиб, ишчини машиналардан бирига ўтқазиб, олиб кетишган.
ИИБ ходимлари ўзлари билан битта “Беларус” ва иккита “New Holland” тракторларини далага бошлаб келиб, 14 гектарда пишиб турган шолини пайҳон қилишди, дейди у.
Деҳқоннинг сўзларига кўра, расмийлар бу ишлари билан унинг асосий даромадини йўқ қилишган.
Ҳолат борасида Кегейли туман ИИБнинг муносабатини сўрадик, айни пайтда изоҳ берилиши кутилмоқда. Экинни бузиш жараёнида бевосита қатнашгани айтилаётган ички ишлар ходимларидан бири эса телефон орқали мулоқотда Kun.uz мухбири эканимни айтишим билан, гўшакни ўчириб қўйди.
Мансурбек Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида фермерликни 10 йил олдин бошлаган: қарийб 70 гектар ўнқир-чўнқир ташландиқ ерни олиб, чорвачилик йўналишида фаолиятини йўлга қўйган. Бироқ маҳаллий ҳокимият унинг эгнига пахта ва буғдой “режа”сини ҳам юклаган. Фермернинг чорвачилиги эса “саховат”га айланган.
“Пахтадан фойда олмайман, буғдойдан ҳам, чунки ўзлари белгилаган нархда ҳосилни олишади мендан. Чорва эса “саховат”га айланди – гўштни ярмаркада (арзонлаштирилган нархда – таҳр.) сотасан деб мажбурлашади”, – дейди “Aminboy Sharwa” фермер хўжалиги раиси.
Бу гапларни эшитиб, фиғоним фалак бўлади: “Фойдани қаердан оласиз? Ахир, хўжалик қаердандир даромад олиши керак!” – савол бераман фермерга. “Шолидан”, – дейди у.
“Бу том маънодаги фермерчилик эмас, ҳокимият билан ўзига хос келишув бўйича амалга оширилаётган ёлланма фаолият”, – деган хулосага бораман:
“Чорва фермери бўласан, аммо пахта ва буғдой етиштирасан, молингни сўйиб, гўштини ярмаркага берасан, фойдангни ўзинг амаллайсан”.
— Шунга кўнгансиз-да, шундайми? – сўрайман “фермер”дан.
— Шундай, бошқа илож қанча – жавоб беради у.
Қонунларда битилган “фермер” тушунчасининг асл маъноси бошқача-ку! Бунақа бузилган алмойи-алжойи “фермерчилик” билан соҳа қаерга боради, ривожланишнинг барча тамойилларига зид-ку бу!
“Яроқсиз ерни ер қилиш учун 600 миллион сўмдан ошиқ пулим кетди. Энди мана даромадимнинг ягона манбаси – шоли ҳам нобуд қилинди”, – дейди фермер. “Дардимни сизларга айтдим, тезроқ чиқарингизлар, илтимос, биз эса ерни ташлаб уйимизга кетамиз, чунки... босимлар бошланади”.
Соҳадаги бедодликнинг ҳомийси ким?
Шокир Шарипов
Мавзуга оид
20:46 / 07.11.2024
Президент 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлашни буюрди
19:07 / 07.11.2024
2025 йилда каналларни бетонлаштиришга 800 миллиард сўм ажратилади
18:21 / 07.11.2024
Президент сув таъминоти оғир туманларда суғоришни «ақлли тизимга» ўтказишни буюрди
20:28 / 01.11.2024