Зулфиқор Мусоқов «Ўзбеккино» устидан шикоят йўллади. Агентлик айбловларни рад этмоқда
Ўзбек киносининг таниқли арбоби, кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов президент Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига мурожаат йўллади. Мурожаатда у «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг раҳбарлик фаолияти юзасидан салбий фикрларини билдирган.
Зулфиқор Мусоқов президентга юборган мурожаати матнини Kun.uz'га тақдим этди.
«Ишонинг, мен бу мурожаатни бир фуқаро, ниҳоят ота сифатида, бир бобо сифатида ўз яқинларининг келажаги ҳақида ўйлаб, чин юракдан қиляпман. Зоҳиран қараганда, ҳамма сизнинг кўрсатмаларингизга амал қилади, лекин бу кўрсатмалар кинода сизнинг стратегиянгизга қарама-қарши равишда амалга оширилади. Мен «Ўзбекфилм» студияси остонасини 17 ёшлигимда хатлаб ўтиб, шу ердан нафақага чиқдим, сочим шу даргоҳда оқарди, ҳозир ҳам ишлаяпман... Умримда биронта лавозимни эгалламаганман ва хоҳламайман ҳам... Лекин киномизда одам чидаб тура олмайдиган жараёнга бефарқ бўла олмайман», – деб ёзади Зулфиқор Мусоқов.
Кинорежиссёр мурожаати давомида президентнинг 2017 йил 3 августда ижодкор зиёлилар билан учрашувда таъкидлаб ўтган танқидий фикрларини эслаб ўтган ва уларни қўллаб-қувватлашини билдирган. Шу билан бирга, унинг фикрича, «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори этиб Фирдавс Абдухолиқов тайинланиши билан бир йил ичида кинода «ҳалокатли ҳолат» вужудга келган.
«Бутун ҳаётини кинога бағишлаган мутахассислар турли расмий баҳоналар билан ишдан бўшатилмоқда ёки тўғридан тўғри таъқиб қилинмоқда», – дейди Мусоқов.
У президентга мурожаат қилар экан, жамият манфаатларини шахсий бизнеслар билан аралаштириб юбориш ҳолатлари кўзга ташланаётгани, санъатни тижоратга айлантиришга ҳаракат қилинаётганини таъкидлайди.
«Фақат кўз-кўз қилиш ва кўзбўямачиликни кузатяпмиз. Сизнинг аниқ кўрсатмангиз бўйича тайёрланиши керак бўлган 30та бадиий фильмни суратга олиш бўйича ишлар четда қолиб, кўплаб презентациялар ўтказиш (бу тадбирлар, аксарият ҳолларда, карантин пайтида ўтказилаётганига ақл бовар қилмайди) билан шуғулланилмоқда.
Кино соҳасида профессионаллар четлаштирилмоқда, бутун умрини кинога бағишлаган кино арбобларини «Ўзбеккино»дан сиқиб чиқариш учун шароит яратиб берилмоқда», – деб ёзади Зулфиқор Мусоқов.
Таниқли режиссёрнинг сўзларига кўра, «Ўзбеккино» агентлигига кино соҳасига алоқаси бўлмаган ва «санъат ҳақида мутлақо тушунчага эга бўлмаган» кадрлар ишга олинган.
«Раҳбар ўз атрофида шу каби санъатдан йироқ, кинодан бехабар инсонларни тўплаган. Энг жирканч жойи – уларга, масалан, олий категорияли режиссёрнинг ойлигидан 1,5 ва 4 баробар маош тўлайди. Ҳамма ҳужжатлар бор», – дея қайд этган у.
Зулфиқор Мусоқов шу йилнинг апрель ойида кино соҳасига алоқадор 109 киши «Ўзбеккино» бош директори Фирдавс Абдухолиқов устидан бош вазир номига шикоят йўллаганини эслаб ўтган.
«Мен уларга: «Ҳой, тўхтанглар, карантин пайтида вақти эмас», деган эдим. Кейин ўз номимдан Президентга мурожаат қиламан, деб ваъда берган эдим. Мана, вақт ўтиб, вазият ўта кучайиб кетди. Яхши яшаганларидан ёзмаган-ку ўша инсонлар?» – дейди Мусоқов.
Таниқли киноижодкор мактуби сўнгида Фирдавс Абдухолиқовни кино соҳасини бошқаришга «мутлақо қобилиятсиз» деб ҳисоблашини билдирган. «У бир йилдан буён сизнинг кино санъатига оид фикрларингизга умуман мос келмаган, мутлақо тескари бир сиёсатни амалга ошириб келмоқда», – дея Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган Зулфиқор Мусоқов.
«Ўзбеккино» айбловларни рад этди
30 сентябрь куни «Ўзбеккино» миллий агентлиги «сўнгги пайтлар кино соҳасининг айрим вакиллари томонидан расмийлар, давлат ва нодавлат ташкилотларига мурожаатлар йўлланаётгани» муносабати билан баёнот эълон қилди.
Агентлик давомли равишда расмийларга шикоят йўллашни ташкилот раҳбарияти ва ходимларига босим ўтказишга уриниш, дея баҳолаган.
«Агентлик ушбу соҳада ижодкорлар меҳнат қилишини, уларнинг ҳар бирининг ўзига хос феъл-атвори мавжудлигини тушунади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, муаммо ва камчиликларни белгиланган тартибда ёки маъмурият билан мулоқот орқали ҳал қилиш тарафдори. Бироқ, муаллифлардан «Ўзбеккино» миллий агентлигига расман мурожаат келиб тушмаган. Агентлик шу нуқтайи назардан ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали бир гуруҳ шахслар томонидан давомли равишда расмийларга шикоят йўллашни ташкилот раҳбарияти ва ходимларига босим ўтказишга уриниш, дея баҳолайди.
Мурожаатларнинг аксари эҳтиросларга бой бўлиб, аниқ далил ва асосларга эга эмас. Шу сабабдан Агентлик муаллифларнинг шахсий фаразлардан иборат айбловларини асоссиз ва баъзи ўринларда ҳақоратли деб билиб, уларни рад этади», – дейилади баёнотда.
Агентлик мурожаатларда ўз иштирокини инкор этган ва имзоси сохталаштирилганини билдирган ижодкорлар борлиги, бу эса шикоятчи фаолларнинг холислигига нисбатан шубҳа уйғотишини қайд этган.
«Шу билан бирга, Агентлик танқид, таклиф ва мулоқотга очиқлигини яна бир бор маълум қилади. Бироқ ушбу мулоқот конструктив кечиши тарафдори», – дея таъкидлашган «Ўзбеккино»дагилар.
Расмий билдиришда айтилишича, сўнгги йилларда «Ўзбеккино» бюджетининг катта қисми бир хил студия ва шахсларга ажратилган, 2018-2019 йилларда айрим студияларга 25 миллиард сўмга яқин маблағлар ажратилган. Бу эса агентлик бюджетининг 44 фоизини ташкил этади.
«Оқибатда соҳада рақобат муҳитига путур етган. Агентлик ушбу амалиётни чеклаб, рақобат муҳитини шакллантириш тарафдори. Норозиликнинг сабабларидан бири сифатида бошқа режиссёрлар, ёш ижодкорларга ҳам имконият берилиб, рақобат муҳити тикланаётганини айтиш мумкин», – дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, сўнгги йиллар киномаҳсулотларнинг кинопрокатдаги натижалари аянчли аҳволда. 2018-2019 йилда суратга олинган фильмларнинг кинопрокатдан топган даромади сарфланган маблағнинг ўртача 1,5 фоизини ташкил этган. Бу эса на давлатнинг ва на томошабинларнинг кутилмаларига мос эмас. Агентлик бу ҳолатни яхшилаш, солиқ тўловчилар пуллари эвазига суратга олинган фильмларнинг даромад кўриши зарурлигини маълум қилган.
«Мухолиф позициядаги шахслар тушунчаларни қориштириб, ушбу ҳолатни «Кинони бизнесга айлантириш» дея аташга уринмоқда. Агентлик кинони бизнесга айлантирмоқчи эмас. Аксинча, кучли киносаноатини яратган ҳолда кино санъатини юксалтиришни мақсад қилган.
Ижтимоий тармоқларда ўтказилган сўровномада 78 фоиз респондентлар ҳам агентликнинг ушбу позициясини қўллаб-қувватлаган. Ўзбек кинолари ўзининг олтин даврларида мамлакат иқтисодиётининг илғор тармоғи бўлган. Ўзбек киносининг потенциали йўқ, деб айтиш қийин», – таъкидланади расмий билдиришда.
Маълум қилинишича, «Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига кўра, 2020 йилда 16 та бадиий, 25 та ҳужжатли, 6 та мультфильм ва илк бора 10 та бадиий сериал ишлаб чиқилмоқда. Шу йилнинг ўзида 2021 йилда ишлаб чиқарилиши лозим бўлган 25 та бадиий, 23 та ҳужжатли, 4 та мультипликацион фильмлар ҳамда 25 та сериаллар бўйича ишларни бошлаш режалаштирилган. Кино ва у билан боғлиқ фаолият тури билан 5 мингга яқин ижодкорлар ва мутахассислар меҳнат қилиши кўзда тутилган.
«Ушбу рақамлар кинонинг таназзули ва жарликка келиб қолгани ҳақидаги эҳтиросли иддаоларнинг асосга эга эмаслиги исботи бўла олади. Шунингдек, мазкур мурожаатлар барча киноижодкорларнинг фикр ва қарашларини ифода этмайди.
«Ўзбеккино» Миллий агентлиги барча учун очиқ. Норози кайфиятдаги ижодкорларни тушунмовчиликларни ўзаро мулоқот ва музокаралар орқали ҳал қилишга чорлайди», – дея қайд этилган агентлик эълон қилган релизда.
Мавзуга оид
07:03 / 27.08.2023
Мустақиллик байрами арафасида таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳалари ходимлари мукофотланди
18:01 / 01.11.2022
Ўзбек киноижодкорлари Туркияда
15:21 / 23.11.2021
«Ҳеч қандай муаммо йўқ» — «Ўзбеккино» «Осмондаги болалар 3» фильми бўйича Зулфиқор Мусоқовнинг эътирозларига жавоб берди
16:50 / 21.04.2021