Ўзбекистон | 13:46 / 30.12.2022
68082
2 дақиқада ўқилади

Владимир Норов Ташқи ишлар вазири лавозимидан озод этилди

Унинг ўрнида шу пайтга қадар Халқ таълими вазири лавозимида ишлаб келаётган Бахтиёр Саидов иш бошлайди.

Владимир Норов / Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари билан:

Владимир Имамович Норов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири лавозимидан озод этилди;

Бахтиёр Саидов / Фото: Қонунчилик палатаси

Бахтиёр Одилович Саидов Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири лавозимидан озод этилди.

Маълумот учун, жорий йил апрел ойи охирларида ҳам Ўзбекистон президенти тегишли фармонлари билан Ташқи ишлар вазирлигида ўзгаришлар амалга оширилганди. Хусусан, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб келган Абдулазиз Комилов президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланиб, унинг ўрнини Владимир Норов эгаллаганди.

Янги Ташқи ишлар вазири в.б Бахтиёр Саидов 1981 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, 2002 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.

У 2016 йил январидан «Ўзбекенгилсаноат» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари — бош менежери бўлган.

2017 йил июлида Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги дипломатик миссияси раҳбари этиб тайинланган. У 2018 йил апрелидан Мўғулистон, 2019 йил июлидан Филиппиндаги (қароргоҳи Пекинда жойлашган) элчи вазифасини ҳам бажариб келган.

2021 йилнинг ноябрь ойидан буён эса Халқ таълими вазири сифатида ишлаб келаётган эди.

Мавзуга оид