Жаҳон | 23:30 / 16.10.2025
6153
6 дақиқада ўқилади

Мисрда тарихий келишув: минтақада узоқ муддатли тинчликка умид пайдо бўлди

Мисрнинг Шарм аш-Шайх курорт шаҳрида Ғазодаги урушни тугатиш бўйича сулҳ имзоланди. Ўт очишни тўхтатиш бўйича якуний келишувни АҚШ, Қатар, Туркия ва Миср имзолади. Учрашувга 30 га яқин давлат раҳбари борди, лекин Нетаняҳу иштирок этмади. Қуйида бу келишув нимани англатиши ҳақида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Трамп учиб борди

Охирги икки йилда араб ва мусулмон давлатлари Ғазодаги урушни тугатиш бўйича жуда кўп учрашув ўтказди, бироқ улардан ҳеч қандай наф бўлмади. Мисрдаги учрашувда ҳам таркиб деярли ўша эди, фақат улар сафига Америка ҳам қўшилди. Ва шу биргина давлатнинг қўшилиши кўп нарсани ҳал қилди — Трамп урушга якун ясади. Мисрда расман тўрт давлат Ғазодаги урушда ўт очишни тўхтатиш бўйича ҳужжат имзолади. Катта эҳтимол, Исроил келишувни бузмаслигига АҚШ кафил бўлди, ҲАМАС келишувни бузмаслигини ким кафолатлаши номаълум.

Дарвоқе, бу муҳим учрашувда ҲАМАСни қўлловчи Эрон томони қатнашмади. Маълум бўлишича, Миср Эронни таклиф қилган, лекин Теҳрон учрашув Америка таъсирида ўтказилгани учун унда иштирок этишни истамаган.

Саммитнинг асосий меҳмони Доналд Трамп келишув имзоланишидан аввал Исроилга бориб, дўсти Нетаняҳу иштирокида уруш тугаганини эълон қилди. Кейин Мисрга бориб барча меҳмонлар билан учрашди. Саммитга араб ва мусулмон лидерларидан ташқари Европа давлатлари етакчилари ва БМТ бош котиби ҳам борди. Трамп барчани ўзига қулоқ солдириб нутқ сўзлади. Америка президенти шу тариқа бу жиддий келишув унинг саъй-ҳаракатлари билан амалга ошганини кўрсатгиси келди гўё.

Трамп ҳужжатга имзо чекаркан «Бу келишув учун уч минг йил кетди, тасаввур қиляпсизми?» деди. Шунингдек, келишув учинчи жаҳон урушининг олдини олганини айтди.

Нетаняҳусиз

Мисрдаги келишув имзоланишида ҲАМАСдан ҳам, Исроилдан ҳам ҳеч ким қатнашмади. Эрдўған бошчилик мусулмон давлатлар Нетаняҳу қатнашса, саммитга бойкот қилишларини айтди. Балки Трамп шу сабаб Исроил бош вазирига бормасликни айтгандир. Расман Нетаняҳу яҳудийлар байрами сабаб саммитда иштирок этолмаслигини айтди.

Энди бу келишув нимани англатиши ҳақида. Урушда ғолиблар бўлмайди, бу аниқ, лекин ҳар қандай уруш тугаши бўйича келишувда қайсидир томон ютган бўлади. Мисрдаги келишув Исроилнинг мағлубияти бўлгани шубҳасиз. Ахир яқиндагина Ғазони босиб олиш, у ерни курортга айлантириш, ғазоликларни бошқа давлатга қувиб чиқариш ҳақида орзу қилаётган Исроил Трампнинг босимидан кейин жимгина 20 асир озод қилинишини ғалаба сифатида нишонлашга мажбур бўлди.

Исроил армияси Ғазони тўлиқ тарк этадиган бўлди, бўлгани вақтинча 15 кишилик кенгаш бошқаради ва бу технократлар ҳам ғазоликлар. Ғазонинг бир қаричи ҳам Исроилга ўтмайди, сектор тўлалигича Фаластин давлати ҳудуди сифатида қолади. Демак, бу жуда катта гапириб юборган Исроилнинг мағлубиятидир.

Урушаётган икки томоннинг бугунги ҳолатини қаранг: Исроилда ҳамон кучли армия, ҳар қачонгидан сергак махсус хизматлар ва Америкадай кучли иттифоқчи бор. ҲАМАС эса максимум Ғазода вақтинча полиция вазифасини бажариш ҳуқуқини сақлаб қолган, озроқ қуроли бор гуруҳ. Ва мана шу ҳолатда ҳам ҲАМАС музокаралардан ғолиб сифатида чиқмоқда.

ҲАМАС Ғазони ортиқ назорат қила олмаса керак ва бу келишув энг аввали бўлгадаги жафокаш Фаластин халқининг сабрига мукофот бўлди. Албатта, Исроил ўн минглаб тинч аҳолини ўлдирди, бутун бошли миллатни қириб юборишга интилди, фаластинликлар ҳеч қандай келишувни байрамдек нишонлай олмайди. Лекин энг ёмон сценарийда улар ватанидан қувилиши, шу бир парча шаҳарлари ҳам Исроил томонидан эгаллаб олиниши мумкин эди. Ҳа, азизлар, Мисрда ғазоликлар учун мавжуд бўлган энг мақбул келишув имзоланди. Ҳозирги реалликда бундан ортиғини кутиб бўлмайди.

Энг муҳими

Биласизми, бу келишувда энг муҳими нима? Энди Исроил томонда фақат битта давлат қолган бўлса, Фаластин томонда ўнлаб кучли давлат саф тортди. Нафақат араб давлатлари ва мусулмонлар, балки Европадаги кучли давлатлар. Туркия, Миср ва Европа давлатларининг АҚШ орқали Исроилга ўтказган жиддий босимлари Мисрдаги келишув имзоланишига, уруш тугашига олиб келди. Олдинги видеоларимизда айтганимиздек, энди АҚШ Исроил учун бутун дунё билан тескари бўлмайди, глобал куч сифатида қолиш учун мусулмонлар билан ҳисоблашишга мажбур. Туркия бошчилик мусулмон давлатлар урушни тугатиш учун ҳеч нарса қилолмагани айтилди, лекин айнан шу Эрдўған бошчилик коалиция босими Американи Исроилга босим ўтказишга мажбур қилди.

Исроил ва Фаластиндаги гуруҳлар ўртасидаги уруш янгилик эмас. Лекин бу галги якун келажакда минтақа анча тинч бўлишига умид бераётгандек. Чунки урушни тугатувчи саммитда жуда кучли давлатлар қатнашди, кафил бўлди. Энди бу кучли давлатлар ҳал қилиши керак бўлган яна бир муҳим масала қолди: Ғарбий соҳилдаги Исроилнинг зўравонлигини тўхтатиш. Аслида минтақадаги барча урушлар айнан Қуддусдаги Исроилнинг ҳаракатлари сабаб бошланади. Бу осон иш бўлмайди, лекин дунё тарихий адолатни тиклаши керак. Урушсиз, дипломатик йўл билан, одамга ўхшаб. Ҳозир бу учун чиндан тарихий имкон пайдо бўлди.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид