Жаҳон | 14:50 / 12.05.2026
1693
3 дақиқада ўқилади

Yango иловаси Европада 100 млн евро жаримага тортилди

“Яндекс”нинг Европадаги шуъбаси – Yango такси иловаси мижозлар ва ҳайдовчиларнинг шахсий маълумотларини Россияга узатгани учун 100 млн евро жаримага тортилди. Илова оператори айбловни рад этиб, маълумотларни тегишли тартибда ЕИ ҳудудида сақлаётгани ва жарима устидан судга шикоят киритишини билдирди.

Фото: LEHTIKUVA/VESA MOILANEN

Европадаги Yango такси иловаси оператори – Россиянинг “Яндекс” компаниясига тегишли MLU компанияси мижозлар ва ҳайдовчиларнинг маълумотларини Россияга бергани учун 100 млн евро жаримага тортилди. Бу ҳақда Нидерландия шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бошқармаси хабар берди.

Регуляторнинг таъкидлашича, Нидерландияда рўйхатдан ўтган ва Россиянинг “Яндекс” гуруҳига кирувчи MLU компанияси Норвегия ва Финландиядаги Yango фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини зарур хавфсизлик чоралари кўрилмаган ҳолда Россияга узатган.

Бошқарма вакиллари Норвегия ва Финландиядаги ҳамкасблари билан бирга 2023 йил охиридан бошлаб Yango фаолиятига нисбатан суриштирув ўтказган. Суриштирувда аниқланишича, Yango иловаси ҳам мижозлар, ҳам такси ҳайдовчилари ҳақидаги “кўплаб шахсий маълумотлар”ни Россиядаги серверларда йиғган ва сақлаб келган.

Ҳайдовчилик гувоҳномаларининг сканерланган нусхалари, уй манзиллари, алоқа маълумотлари, ҳисобрақамлар, аниқ жойлашув, саёҳат тарихи, расмлар, чат мазмуни ва ижтимоий суғурта рақамлари каби махфий маълумотлар шулар жумласидан.

Россиядаги шахсий маълумотлар Европадагидек даражада ҳимояланмаган. Бу эса рус ҳукумати ушбу маълумотларга потенциал равишда кириш имконига эга бўлиши мумкинлигини англатади, – деди Нидерландия шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бошқармаси раҳбари Алейд Волфсен. – Шунинг учун ҳам мижозлар ва ҳайдовчиларнинг махфий маълумотлари янада ишончли ҳимояланиши керак эди, айниқса Россияда мустақил шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш органининг йўқлигини ҳисобга олсак. Биз бу тўғри амалга оширилмаганини аниқладик ва бу жиддий муаммо”.

Европа қоидаларига кўра, шахсий маълумотлар Европа Иттифоқидан ташқарига фақат тенг даражадаги ҳимоя таъминланган тақдирдагина узатилиши мумкин.

MLU'га солинган жарима миқдори асосчи компаниянинг йиллик айланмасидан келиб чиқиб ҳисобланган бўлиб, “Яндекс”нинг 2024 йилги даромади 12 млрд евродан ошган.

Жаримадан ташқари, MLU компаниясига Yango'нинг Европадаги фойдаланувчиларига оид шахсий маълумотларни Россияга узатишни дарҳол тўхтатиш буюрилди.

Компания жарима устидан судда эътироз билдириш ниятида эканини билдирди. BLU расмийлари компания “Европа қонунчилиги талабларига мувофиқ барча зарур ҳимоя чораларини кўргани”ни ва шахсий маълумотларни ЕИ ҳудудида шифрланган ҳолда сақлаётганини таъкидлади.

Шунингдек, улар Yango 2025 йилдан бошлаб Норвегия ва Финландияда фаолият юритмаётганини ҳам қайд этишган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид