Жаҳон | 22:27 / 08.08.2024
7147
2 дақиқада ўқилади

Японияда 7 магнитудали кучли зилзила содир бўлди

Кюсю оролидаги зилзила аллақачон цунамига сабаб бўлган. Баъзи жойларда тўлқин баландлиги бир метрга етгани таъкидланмоқда. Маҳаллий Иката атом электр станцияси иши вақтинча тўхтатилган.

Фото: AP

8 август куни Японияда, мамлакат жануби-ғарбидаги Кюсю ороли яқинида 7,1 магнитудали зилзила қайд этилди.

Маҳаллий идорадан олинган видеокузатув камераларида одамларнинг стол остига яширинганини кўриш мумкин.

NHK телеканали маълумотларига кўра, зилзила эпицентри Кюсю оролидаги Миязаки префектураси ҳудудида жойлашган ва ўчоқ 31 км чуқурликда бўлган.

«Зилзила маҳаллий вақт билан соат 4:42 да юз берди. Биз силкинишдан 5 сония ўтгач, бу ҳақда сигнал олдик. Энди Нанкай ёриғи қандай ҳолатда эканини баҳолаш муҳим», дейилади сейсмологлар хабарида.

Маҳаллий аҳоли ҳушёр бўлишга чақирилди. Сейсмологлар ерости силкинишлари такрорланишини истисно қилмаяпти. Оролда тезюрар поездлар ҳаракати тўхтатилган.

«Биз Япония аҳолисига мурожаат қиламиз: эҳтиёт бўлинг, оммавий ахборот воситаларидаги маълумотларни кузатиб боринг. Агар эвакуация зарур бўлса, биз сизни хабардор қиламиз. Яна 6 баллгача бўлган янги зилзилага тайёр туринг», деди Япония Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Ёсимаса Хаяши.

Зилзила аллақачон цунамига сабаб бўлган. Баъзи жойларда тўлқин баландлиги бир метрга етгани таъкидланмоқда. Маҳаллий Иката атом электр станцияси иши вақтинча тўхтатилган ва станция ҳолати текширилмоқда.

Маҳаллий мутахассислар Кюсю ороли ҳудудидаги зилзилани аллақачон ўрганмоқда. Нанкай ёриғига алоҳида эътибор қаратилган. 80 йил олдин у ерда кучли зилзила бўлган ва мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Сейсмологлар бу яна такрорланиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид