Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой Тайван атрофида машғулот бошлади: ҳарбийлар оролни блокада қилишни синовдан ўтказади
Душанба тонгида Хитой Тайван атрофида «Адолат миссияси–2025» йирик ҳарбий машғулотларини бошлади. Ҳарбийлар оролни ўраб турган денгиз ва ҳаво ҳудудида реал ўқ отиш машқларини ўтказади. Таҳлилчиларга кўра, Пекиннинг ҳаракатлари оддий тайёргарликдан тобора – «эҳтимолий ҳужум тайёргарлиги»га ўхшаб бормоқда.
Фото: X/China Military Bugle
29 декабрь куни Хитой ҳарбийлари Тайван атрофида қуруқлик, денгиз, ҳаво ва ракета бўлинмалари сафарбар қилинаётганини эълон қилди. «Адолат миссияси–2025» деб номланган йирик ҳарбий машғулотлар «муҳим ҳудудларни блокада қилиш ва назоратга олиш»ни синовдан ўтказади. Хитой Шарқий Ҳарбий округи қўмондонлиги эълонига кўра, Тайван оролини ўраб турган бешта денгиз ва ҳаво ҳудудида реал ўқ отиш машқлари ўтказилади.
Расмий баёнотга кўра, денгиз ва ҳаво ҳудудларидаги машғулотларга эсминецлар, фрегатлар, қирувчи самолётлар ва бомбардимончилар жалб қилинади. Шунингдек, машқлар денгиз нишонларига ҳужум қилиш, минтақавий ҳаво устунлигини эгаллаш ҳамда сувости кемаларини қидириш ва уларга қарши операцияларни ўз ичига олди.
Chinese PLA Eastern Theater Command Conducts Training of Assault on Maritime Targets, Seizure of Regional Air Superiority, and Anti-Sub Operations to the East of Taiwan Island
— China Military Bugle (@ChinaMilBugle) December 29, 2025
东部战区位台岛以东海空域开展对海突击、区域制空、搜潜反潜等科目演练
On December 29, the Chinese #PLA… pic.twitter.com/q5KUYE2nrZ
Шарқий Ҳарбий Округ матбуот котиби Ши Йи машғулотлар – «денгиз ва ҳаво ҳудудларида жанговар тайёргарлик патруллари, тўлиқ назоратни қўлга олиш машқлари» ҳамда «асосий портлар ва муҳим ҳудудларни блокада қилиш ва назоратга олиш»га қаратилишини айтди.
«Бу машғулот ‘Тайван мустақиллигиʼ сепаратист кучлари ва ташқи аралашувчиларга жиддий огоҳлантиришдир», — деди Ши, АҚШ ва унинг иттифоқчиларига ишора қилиб. «Бу миллий суверенитетни ҳимоя қилиш ва миллий бирликни сақлаш учун қонуний ва зарур чорадир».
CNN нашрининг ёзишича, Хитой давлат ОАВларида эса янада очиқроқ фикр билдирилган. Хусусан, ҳарбий таҳлилчи Фу Нан машғулотлар нега айнан ҳозир ўтказилаётганига изоҳ бериб, бунга АҚШ–Тайван қурол битимини сабаб қилган. Уни «ҳамкорликдаги ҳаракатларнинг кескинлашуви» деб атади.
Нашрнинг ёзишича, ушбу машғулотлар эълон қилиниши Хитой ички аудиториясига мўлжалланган миллатчилик тарғиботи билан бирга олиб борилмоқда. Жумладан оролга алангали ўқлар ёғилаётган плакат эълон қилиниб, унга «Адолат ўқи — назорат ва рад этиш» деган ёзув ёзилган.
Тайваннинг жавоби
Тайван ҳукумати машғулотларни қоралаб, Хитойни «ҳарбий қўрқитиш»да айблади. Хусусан, Тайван президенти матбуот котиби Карен Куо баёнотида машғулотлар «Тайван бўғози ва Ҳинд–Тинч океани минтақасидаги хавфсизлик ва барқарорликни очиқчасига бузмоқда» деди.
Тайваннинг юқори мартабали хавфсизлик расмийси Reutersʼга Хитойнинг ўнлаб ҳарбий кемалари ва самолётлари орол атрофида ҳаракатланаётганини айтган. Расмийга кўра, уларнинг айримлари атайлаб Тайваннинг қирғоғидан 24 денгиз мили масофадаги туташ ҳудудига яқинлашмоқда.
Тайван Мудофаа вазирлиги ўз саҳифаларига АҚШда ишлаб чиқарилган HIMARS ракета тизимлари, гаубицалар ва бошқа қуроллар акс этган видеони жойлади.
We strongly condemn the PRC’s irrational provocations and oppose the PLA’s actions that undermine regional peace.
— 國防部 Ministry of National Defense, ROC(Taiwan) 🇹🇼 (@MoNDefense) December 29, 2025
Rapid Response Exercises are underway, with forces on high alert to defend the Republic of China and protect our people.#ROCArmedForces#PeaceThroughStrength pic.twitter.com/4s10nfLO6D
Тайван Соҳил қўриқлаш хизмати эса Хитой кемалари фаолиятига жавобан йирик кемаларни жўнатганини ва ҳарбийлар билан биргаликда денгиз йўллари ва балиқчилик ҳудудларига таъсирни камайтираётганини билдирди.
Хитой сешанба куни 10 соатлик реал ўқ отиш машқлари учун Тайпей ҳаво ҳудудида «вақтинчалик хавф зонаси» эълон қилган. Оқибатда, Тайван Авиация идораси хавфсиз ва муқобил йўналишлар белгиланаётганини маълум қилди.
Кескинлашган вазият
Пекиннинг бу «ҳарбий ўйинлари» минтақа учун ниҳоятда кескин ва нозик бир паллада бошланмоқда.
Сўнгги ҳафталарда Тайван бўйича Япония бош вазирининг баёнотлари туфайли Пекин ва Токио дипломатик тортишуви бошланиб кетди. Ўшанда Япония бош вазири Санаэ Такаичи агар Хитой Тайванни куч билан эгаллашга уринса, Япония ҳарбий жавоб бериши мумкинлигини айтганди. Пекин бу гапларни ўз суверенитетига бевосита таҳдид сифатида қабул қилмоқда.
АҚШ эса Хитой Коммунистик партиясининг орол устидан суверенитет даъвосини қабул қилмаган. Шунингдек, АҚШ Тайван билан яқин норасмий алоқаларни сақлаб келади ва сўнгги йилларда уларни кучайтирди. АҚШ қонун бўйича оролни ўзини ҳимоя қилиш воситалари билан таъминлашга мажбур ва унга мудофаа қуроллари етказиб беради.
Хусусан, декабрь ойида эълон қилинган АҚШ ва Тайван ўртасидаги 11,1 миллиард долларлик тарихий қурол битими HIMARS ракета тизимлари, танкка ва бронетехникага қарши ракеталар, дронлар, гаубицалар ва ҳарбий дастурий таъминотни ўз ичига олади.
Пекин назарида эса АҚШ–Хитой муносабатларидаги асосий «қизил чизиқ» - айнан Тайвандир. Хитой расмийлари узоқ йиллардан бери Тайпей ва Вашингтон ўртасидаги норасмий алоқаларни қоралаб келади.
Шу билан бирга, Тайван президенти Лай Чинг-те 40 миллиард долларлик махсус мудофаа бюджетини тасдиқлатишга уринмоқда. Аммо бу ҳужжат мухолифат назоратидаги парламентда тасдиқланишда қийинчиликка дуч келмоқда.
Буларнинг барчаси Пекинни ғазаблантирди. Аслида, Хитой Коммунистик партияси ўзини ўзи бошқараётган Тайванни ҳеч қачон назорат қилмаган. Шунга қарамай, уни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди ва зарурат туғилса, куч билан бўлса ҳам, оролни қўлга олишга ваъда берган.
Reutersʼнинг таҳлилчиларга таяниб ёзишича, Пекин машқлари тобора оддий тайёргарлик билан – эҳтимолий ҳужумга тайёргарлик ўртасидаги чегарани хиралаштирмоқда. Бу эса АҚШ ва унинг иттифоқчиларига минимал огоҳлантириш билан зарба бериш имконини берувчи стратегия ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Тайванга босим ошиб бормоқда: Хитой самолётлари ва кемалари деярли ҳар куни Тайван атрофида кўринмоқда, шунингдек, кенг кўламли машғулотлар мунтазам ўтказилмоқда.
Мавзуга оид
23:17 / 18.03.2026
“Хитойнинг мақсади – радарларни синаб кўриш” — Ҳикматилла Казакбаев
15:09 / 05.02.2026
Си Жинпинг Трампга: Тайванга қурол етказиб беришда АҚШ эҳтиёткор бўлиши керак
22:37 / 02.02.2026
Хитой кетма-кет 16 йилдан буён дунёдаги энг йирик кемасоз давлат мақомини сақлаб турибди
20:40 / 02.02.2026