Ўзбекистон | 17:04 / 20.06.2018
9363
4 дақиқада ўқилади

ОТМ раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малака ошириш тизими жорий этилиши мумкин

Фото: devedu.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларининг педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг:

• олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малака ошириш тизимини амалиётга жорий этиш;
• олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий ва тармоқ марказлари тузилмасига халқаро ҳамкорлик бўйича мутахассис лавозимини киритиш;
• олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказларида профессор-ўқитувчиларнинг белгиланган сонидан келиб чиқиб, камида 3 штат бирлигидан иборат “Таълим технологиялари” кафедрасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар:

• Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малака ошириш жараёнларини ташкил этиш тўғрисидаги Низом;
• Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий ва тармоқ марказларининг намунавий тузилмалари тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва тасарруфида олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идоралар:

• 2019 йил 1 январдан бошлаб педагог кадрларнинг ўқув-методик ва илмий-педагогик фаолияти натижаларини инобатга оладиган, уларга мунтазам равишда касбий ўз-ўзини ривожлантириб бориш имкониятини берувчи узлуксиз малака ошириш тизимини амалиётга киритиш;
• ўқув режалари ва дастурлари мазмунини такомиллаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда педагог кадрлар малакасини оширишнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш;
• минтақавий ва тармоқ марказлари тингловчиларининг республика олий таълим муассасалари ва халқаро илмий маълумотлар базасидан кенг фойдаланишлари учун зарурий шароитларни яратиш;
• минтақавий ва тармоқ марказларини хорижий нашрлар, замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан мунтазам таъминлаб бориш, шунингдек курсларнинг ўқув-услубий таъминотини доимий янгилаб бориш тадбирларини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда Олий таълим тизими педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш бош илмий-методик маркази ҳамда минтақавий ва тармоқ марказлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори ва шартларини қайта кўриб чиқади ва тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг минтақавий ва тармоқ марказлари малакали педагог кадрларининг фаолияти таҳлилидан келиб чиқиб, уларни базавий лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик устамалар белгилаш асосида ҳамда машғулотлар ўтказиш учун соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари билан жалб этиладиган малакали педагог кадрларга соатбай ҳақ тўлаш миқдорининг 20 фоизигача кўпайтирилган ҳолда моддий рағбатлантириш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид