Ўзбекистон | 13:51 / 15.04.2021
14611
3 дақиқада ўқилади

МИБнинг Ангрен бўлими ва Қорақалпоғистон бошқармасидаги ҳолатлар Сенат томонидан назоратга олинди

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Ангрен МИБ бошлиғининг ўз ходимларини ҳақорат қилгани ва МИБ Қорақалпоғистон бошқармаси ходимларининг коррупция ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари юзасидан Бош прокурорга ёзган шикоятлари назоратга олинганини маълум қилди.

Сенат расмий баёнотида М.Юсупова ходимларини кунлик режасини бажармагани учун касб одобномасига, инсонийлик ва аёллик фазилатларига тўғри келмайдиган сўзлар билан ҳақоратлагани таъкидланган.

“Мамлакатимизда инсон қадри ҳамма нарсадан устун бўлиб турган бир пайтда, афсуски, бундай “раҳбарлар” ҳам учрамоқда.

Табиийки, ушбу ҳолат сенаторларни ҳам бефарқ қолдирмади. Шу боис, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Мажбурий ижро бюросидан мазкур ҳолат бўйича бюронинг Ангрен шаҳар бўлими бошлиғининг хатти-ҳаракатларини атрофлича таҳлил қилиб, қонуний чора кўрилиши ва тегишли ахборот тақдим этилишини сўрайди,” – дейилади баёнотда.

Шунингдек, сенаторлар МИБнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари номидан Бош прокурорга йўлланган шикоятни ўрганиш натижалари юзасидан баёнот берилмаганига ҳам эътибор қаратди:

“Ўз ўрнида, мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан назоратга олинган ҳолда ўрганиб чиқилиши ва натижаси юзасидан расмий баёнот берилиши сўралади”.

Эслатиб ўтамиз, кеча 14 апрел куни Kun.uz’да Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти Ангрен шаҳар бўлими бошлиғи Моҳизода Юсуповага тегишли экани айтилаётган аудио эълон қилинган эди.

МИБ мансабдори овозли хабарида кунлик режани бажармаган ходимларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, ўзига, халққа ва МИБга душманликда айблайди ва меҳнат қонунчилигига зид равишда ярим тунда мажлисга бориши кераклигини айтиб, уларга таҳдид қилади.

МИБ матбуот хизмати ходимлар хавфсизлигини таъминлаш ва ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича махсус тармоқ ҳолатни ўрганиб чиқиб, айбдорларга чора кўрилишини билдирган.

Шунингдек, бир неча кун олдин МИБ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари бошқармада таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, коррупция ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кўпайганидан норозилик билдириб, Жўқорғи Кенгес раиси Мурат Камалов ва бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга ариза ёзганди.

Ходимлар айрим туман бўлим бошлиқларининг прокуратурадаги танишларига ишониб ишга хоҳласа келиб, хоҳласа келмаслиги, иш вақтида алкогол ичимликлар истеъмол қилиши, интизомий жазо олган ҳолда танишнинг кучи билан мартаба даражалари олганини билдирган ва бош прокурорнинг шахсан назорати остида текширув ўтказиб, тизимни «тозалаш»ни илтимос қилган.

Шундан сўнг, МИБ матбуот хизмати бюронинг марказий аппарати масъул ходимлари томонидан мурожаатда келтирилган ҳар бир важ бўйича ўрганиш ишлари бошланганини маълум қилганди.

Мавзуга оид