Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш тизими такомиллаштирилади
Фото: Depositphotos
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти, Фанлар академиясининг собиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ҳузуридаги Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари давлат комиссияси (Давлат кимё комиссияси)ни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари давлат комиссияси (кейинги ўринларда – Давлат кимё комиссияси деб аталади) этиб қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.
Қуйидагилар Давлат кимё комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгиланади:
қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун тавсия этилаётган республикада ва чет элларда ишлаб чиқарилган кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг илмий-техника ҳужжатларини экспертиза қилиш, уларнинг биологик самарадорлигини, токсикологик-гигиеник ва экологик хусусиятларини аниқлаш учун синовлар ташкил этиш;
кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллаш тартибини тасдиқлаш, уларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш, республика қишлоқ хўжалигида қўллаш учун рухсат этилган препаратлар рўйхатига киритиш ва рўйхатдан чиқариш;
республика корхоналарида ишлаб чиқариладиган ҳамда импорт бўйича келтириладиган кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини инсон саломатлигига ва атроф-муҳитга салбий таъсир қилиши, биологик самарадорлигини етарли даражада бўлмаган ҳолатлари аниқланганда уларни қўллашни тақиқлаш.
Давлат кимё комиссияси оптималлаштирилиши ва унинг таркиби ўзгариши муносабати билан қуйидагилар белгилаб қўйилади:
а) Ўзбекистон Республикасининг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қуйидагилар учун жавобгардир:
ўсимликларни ҳимоя қилишнинг давлат дастурларини рўёбга чиқариш;
кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларидан самарали фойдаланиш, шунингдек уларни ташиш, сақлаш қоидалари ва қўллаш регламентларига риоя этилиши, кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллашнинг сифати юзасидан мониторинги юритиш;
қишлоқ хўжалигининг кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларига бўлган, фавқулодда вазият ҳолатлари учун эса кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг захираларини шакллантиришга бўлган эҳтиёжини аниқлаш;
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг буюртмаларини умумлаштириш орқали минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ва биологик ҳимоя қилиш воситаларига бўлган талабнинг ҳар йилги прогнозларини шакллантириш;
минерал ўғитлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш ва тақсимланишининг ҳар йилги балансларини ишлаб чиқиш;
б) “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти қуйидагилар учун жавобгардир:
қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ва биологик ҳимоя қилиш воситалари билан таъминлаш;
шакллантирилган буюртмалар ва кафолат шартномаларига мувофиқ қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар билан таъминлаш, шу жумладан, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларидан самарали фойдаланишни, шунингдек уларни ташиш, сақлаш қоидалари ва қўллаш регламентларига риоя этилишини ташкил этиш;
ўсимликларни ҳимоя қилиш, зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари ва ёввойи ўтлар билан курашиш соҳасида фермерлар ва деҳқон хўжаликлари, бошқа ташкилотлар ҳамда аҳолига комплексли агрокимё хизматларини кўрсатиш;
қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари билан курашишнинг биологик усулларини кенг кўламда ривожлантириш ва қўллашга кўмаклашиш, биоматериаллар сифатини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, биолабораторияларнинг моддий-техник базасини кучайтириш, биологик препаратларни ишлаб чиқариш;
ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича профилактика ва интеграция чора-тадбирларини ўз вақтида ташкиллаштиришни таъминлаш;
в) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидагилар учун жавобгардир:
пестицидларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, қўллаш, зарарсизлантириш, кўмишда нормалар, қоидалар ва нормативларга риоя қилиниши учун санитария-гигиена назоратини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириш;
озиқ-овқат маҳсулотларида ва табиий-муҳит объектларида (сув, ҳаво, тупроқ) пестицидлар мавжуд бўлишининг гигиеник нормативларини ишлаб чиқиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш ва пестицидларни токсикологик-гигиеник баҳолаш ва хулоса бериш;
пестицидлар билан ишловчи шахсларни дастлабки ва тизимли равишда тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда пестицидлар билан ўткир ва сурункали заҳарланган беморларни ташхислаш ва даволаш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида пестицидлар қолдиғини аниқлаш;
г) Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қуйидагилар учун жавобгардир:
рўйхатдан ўтказишга тавсия қилинаётган ва республикада қўлланилаётган кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини атроф-муҳит (сув, ҳаво, тупроқ, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси)га таъсирини холисона баҳолаш;
препаратларнинг таъсирчан моддасини идентификациялаш;
пестицидларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, қўллаш, зарарсизлантириш, кўмишда атроф-муҳит муҳофазаси талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
д) Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш учун жавобгардир. Бунда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқ бўлган кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олишга йўл қўйилмайди.
Белгиланишича:
Давлат кимё комиссияси томонидан белгиланадиган кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллаш тартиби ва шартлари, мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча фойдаланувчилар учун мажбурийдир;
белгиланган тартибда рўйхатга олинмаган ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш, олиб келиш, реализация қилиш ва қўллаш тақиқланади. Бунда ўсимликларни ҳимоя қилиш юзасидан рўйхатга олинмаган ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллаган тарзда шошилинч чоралар кўриш талаб қилинадиган вазиятлар юзага келган ҳолларда бундай воситаларни бир йилгача муддатда тажриба тарзида қўллашга йўл қўйилади.
Мавзуга оид
18:34 / 26.04.2026
“Дача”ларнинг электрон базасини яратиш ва ижара нархларини назорат қилиш режалаштирилмоқда
09:35 / 01.04.2026
Мобил тарифларга янги талаблар жорий этилиши мумкин
08:11 / 18.03.2026
Битирувчилар учун 3 йил ишлаб бериш талаби бекор қилиниши мумкин
11:59 / 17.12.2025