Спорт | 12:30 / 22.10.2025
8078
16 дақиқада ўқилади

«Арсенал» «Атлетико»га имкон қолдирмади, «Барса» 6 та, «ПСЖ» 7 та гол урди

«Наполи» кутилмаганда сафарда йирик ҳисобда ютқазди, «Қайрат» деярли 90 дақиқа бир киши кўп ўйнаб гол уролмади. Сешанба оқшомида ЕЧЛнинг 3-тури доирасидаги асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

«Арсенал»да идеал ўйин

«Арсенал» – «Атлетико» 4:0
Голлар:
Габриэл Магаляйнс, 57 (1:0). Мартинелли, 64 (2:0). Йокереш, 67 (3:0). Йокереш, 70 (4:0)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Габриэл Магаляйнс (Москера, 72), Люис-Скелли, Тимбер (Уайт, 83), Субименди (Норгар, 72), Райс, Эзе (Нванери, 72), Мартинелли, Сака, Йокереш (Мерино, 83)
«Атлетико»: Облак, Хименес (Руджери, 63), Ле Норман, Ганцко, Лиоренте, Коке (Галлаҳер, 63), Барриос, Гонсалес (Баэна, 63), Симеоне (Алмада, 72), Серлот (Гризманн, 72), Алварес
Огоҳлантиришлар: Субименди, 38 – Хименес, 33. Ле Норман, 75

«Канонирлар» бу мавсумда ҳам чемпионлик учун асосий даъвогарлар қаторида эканини намойиш этмоқда. Артета шогирдлари олдинги турларда нисбатан осонроқ рақиблар – «Атлетик» ва «Олимпиакос» устидан 2:0 ҳисобларида ғалаба қозонганди. Бу сафар эса «Атлетико»га қарши ўйин жамоа учун илк жиддий синов бўлиши кутилганди. Аммо Диего Симеоне жамоаси биринчи бўлимда чуқур ҳимояланиб, дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган бўлса-да, танаффусдан кейин 13 дақиқа ичида тўртта гол ўтказиб юборди. Аввалига лондонликлар одатдаги каби стандарт вазиятдан унумли фойдаланишди, Райс жарима зарбасидан тўпни ошириб берди, Магаляйнс боши билан аниқ зарба берди. Кейин эса чап қанот ҳимоячиси Люис-Скелли тўпни жарима майдонига қадар олиб бориб, Мартинеллини голли пас билан таъминлади. Голсиз серияси учун танқидга учраётган Йокереш эса дубл расмийлаштирди. У дастлаб Эзенинг зарбасидан кейин тўпга эга чиқиб, дарвозани ишғол этди, кейин эса яна бир стандарт вазиятни якунлаб берди. Райс бурчак зарбасидан кейин тўпни олис устун томон етказди, Магаляйнс эса тўпни дарвозабон ҳудудига ташлаб берди ва Виктор керакли жойда пайдо бўлди. «Арсенал» учинчи ўйинда ҳам дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди ва уч ўйинда уч ғалаба билан пешқадамлар сафида бормоқда.

Сон жиҳатдан устунлик – кафолат эмас

«Қайрат» – «Пафос» 0:0
«Қайрат»: Анарбеков, Мартинович, Сорокин, Луиш Мата, Тапалов (Туякбаев, 46), Арад (Рикардинио, 90+2), Глейзер (Зария, 61), Жоржинио, Громико (Касабулат, 89), Мринский, Сатпаев
«Пафос»: Михаил, Давид Луиз, Люккассен, Пилеас (Голдар, 66), Бруну (Ланга, 90), Шунич, Пепе (Сема, 79), Драгомир, Оршич (Димата, 79), Кина (Бассауамина, 66), Жоау Коррейа
Огоҳлантиришлар: Сатпаев, 21. Арад, 40. Туякбаев, 82 – Шунич, 80
Четлатиш: Жоау Коррейа, 4

«Қайрат» Чемпионлар лигасидаги илк очкосини қўлга киритди, аммо Алматидаги стадионга йиғилган мухлисларни бу қониқтиргани даргумон. Биринчидан, рақиб Қозоғистон чемпионлари енгиши мумкин бўлган жамоалар сирасидан эди, қолаверса, «Пафос» тўртинчи дақиқадаёқ Корреянинг четлатилиши туфайли бир киши кам бўлиб қолди. Кипрликлар озчилик ҳолатда ҳам ҳужумларда хавфли ўйнади ва ўйин тугашига 20 дақиқа қолганида дарвозани ишғол қилди ҳам. Аммо ҳакамлар «Пафос»нинг ушбу ҳужуми вақтидаги офсайд ҳолатини қайд этиб, «Қайрат»нинг жонига ора кирди. Шундан кейин Рафаэл Уразбахтин шогирдларида ҳам чинакамига хавфли вазият юзага келди, аммо Араданинг зарбасидан кейин тўп дарвоза устунига тегди. Умуман, мезбонлар ўйин давомида 22 марта зарба берди, аммо шундан фақат 2 таси дарвоза соҳасига тўғри борди, меҳмонларда эса 9 зарбадан 6 таси аниқ бўлди. Якунда «Пафос» ЕЧЛда иккинчи очкосини қўлга киритди.

Ферминнинг тарихий ҳет-триги

«Барселона» – «Олимпиакос» 6:1
Голлар:
Фермин Лопес, 7 (1:0). Фермин Лопес, 39 (2:0). Ал-Кааби, 54 – пеналти (2:1). Ямал, 68 – пеналти (3:1). Рэшфорд, 74 (4:1). Фермин Лопес, 76 (5:1). Рэшфорд, 79 (6:1)
«Барселона»: Шченсни, Кубарси, Гарсия, Балде (Араухо, 75), Кунде (Мартин, 75), Педри (Бернал, 80), Касадо, Фернандес (де Йонг, 59), Фермин Лопес, Ямал (Барджи, 75), Рэшфорд
«Олимпиакос»: Тзолакис, Пирола, Рецос, Ортега (Онемаечи, 53), Коштиня, Дани Гарсия, Эссе, Шикиню (Диогу Насименту, 31), Поденсе (Яремчук, 77), Мартинш (Музакитис, 46), Ал-Кааби (Тареми, 77)
Огоҳлантиришлар: Балде, 23 – Эссе, 35. Дани Гарсия, 39. Поденсе, 55
Четлатиш: Эссе, 57 (иккинчи сариқ)

Биринчи бўлимда Фермин Лопес иккита гол урди. «Олимпиакос» эса иккинчи бўлим бошида турнирдаги илк голини уриб, ўйинга интригани қайтарди. Бу вазиятда Эрик Гарсия тўпни қўли билан ўйнади ва Ал-Кааби пеналтини аниқ ижро этди. Аммо арбитрнинг кейинги қарори греклар зарарига бўлди. Ҳакам тўп учун кураш вақтида Эссе рақибнинг юзига уриб юборган деб топди ва аргентиналик футболчига иккинчи сариқ карточкани кўрсатди. Ҳолбуки бу вазиятда мезбонлар футболчиси Касадо актёрлик маҳоратини ишга солганди, аммо VAR вазиятга аралашмади ва хатони тузатмади.

Шундан кейин пирейликларнинг кайфияти тушиб кетди ва ўйиннинг қолган қисмида каталонияликлар истаганини қилишди. 68-дақиқада ҳакам Шнидер яна бир баҳсли қарор чиқарди, Рэшфорд рақиб жарима майдони ичида дарвозабон билан контактдан кейин йиқилди ва меҳмонлар дарвозасига пеналти қўйилди, ҳолбуки бу вазиятда дарвозабон тўпга биринчи улгурганди. 11 метрлик зарбани Ямал аниқ ижро этди. Қолган вақт мобайнида Рэшфорд дублни расмийлаштирди, Фермин эса учинчи голини урди – 6:1. Эътиборли жиҳати Лопес «Барса» сафида ЕЧЛ ўйинида ҳет-трик қайд этган илк испаниялик футболчига айланди. Каталонияликлар Европа майдонларида саккиз ярим йилдан буён бир ўйинда олтита гол урмаганди (бунақаси охирги марта «ПСЖ» билан ўша машҳур ўйиндаги 6:1 ҳисоби бўлганди).

«10 га 10» форматидаги йирик ҳисоб

«Байер» – «ПСЖ» 2:7
Голлар:
Пачо, 7 (0:1). Гарсия, 38 – пеналти (1:1). Дуэ, 41 (1:2). Кварацхелия, 44 (1:3). Дуэ, 45+3 (1:4). Нуну Мендеш, 50 (1:5). Гарсия, 54 (2:5). Дембеле, 66 (2:6). Витиня, 90 (2:7)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Грималдо, 25’
«Байер»: Флеккен, Баде, Тапсоба, Андрих, Фернандес (Менса, 81), Гарсия, Грималдо, Артур, Эчеверри (Маза, 46), Поку (Бен Сегир, 63), Кофане (Белосян, 52)
«ПСЖ»: Шевале, Забарний, Пачо, Нуну Мендеш, Ҳакими, Витиня, Дуэ (Эрнандез, 46), Заир-Эмери (Нджанту, 76), Барколя (Мбай, 72), Кварацхелия (Ли Кан Ин, 63), Маюлу (Дембеле, 63)
Огоҳлантиришлар: Эчеверри, 43. Тапсоба, 45 – Забарний, 24
Четлатишлар: Андрих, 31. Забарний, 37

Эрик тен Ҳаг истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнига Каспер Юлманн тайинланганидан буён мағлубиятсиз серия қайд этиб келаётган «Байер» «ПСЖ» машинасини тўхтата олмади. Бу жамоалар куннинг энг сермаҳсул ўйинини ўтказиб беришди – мухлислар жами тўққизта гол кўришди. Шундан еттитаси парижлик футболчилар номига ёзилди.

Йирик ғалабага қарамай, Европанинг амалдаги чемпионлари ҳимоясида муаммолар кўзга ташланмоқда. Забарнийнинг фолидан кейин парижликлар дарвозасига пеналти қўйилди, аммо Грималдо бу имкониятдан фойдалана олмади, кўп ўтмай Андрих тирсаги билан Дуэнинг юзига уриб юборгани учун қизил карточка олди ва мезбонлар бир киши кам бўлиб қолишди. Аммо Забарний яна ҳунар кўрсатди ва яна жарима майдони ичида қўполлик ишлатиб, иккинчи пеналтига сабабчи бўлди, етмаганига қизил карточка олиб майдонни тарк этди. «10 га 10» форматида ҳам Луис Энрике шогирдлари мезбонларга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Дуэ дубл муаллифига айланди. Учинчи голли ҳужумда Дезирега ассистентлик қилган Кварацхелия бўлим охирида кучли зарба билан ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлим бошида Мендеш ҳисобдаги фарқни оширди, захирадан ўйинга қўшилган Дембеле ҳам ўз голини урди, сўнгги дақиқаларда эса Витиня якуний ҳисобни ўрнатди – 7:2. Уч ўйинда уч ғалабага эришган «ПСЖ» тўплар нисбатига кўра яхшироқ кўрсаткичга эга бўлгани учун турнир жадвалини бошқаришда давом этмоқда.

Ҳоландда суперсерия

«Вилярреал» – «Манчестер Сити» 0:2
Голлар:
Ҳоланд, 17 (0:1). Бернарду Силва, 40 (0:2)
«Вилярреал»: Луис Жуниор, Фойт, Вейга, Педраса (Кардона, 46), Моуринио, Комесаня (Перес, 72), Парти, Гейе (Парехо, 81), Бюкенен (Молейро, 66), Микаутадзе (Олувасейи, 66), Пепе
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Стоунс, Гвардиол, Матеус Нунес, Бернарду Силва, Льюис (Рейндерс, 73), Гонсалес (Ковачич, 57), Доку (Бобб, 72), Савио (Мармуш, 86), Ҳоланд (Шерки, 86)
Огоҳлантиришлар: Педраса, 11. Моуринио, 45. Гейе, 75. Молейро, 85 – Бернарду Силва, 22. Рубен Диаш, 65

«Вилярреал» Ҳоланднинг навбатдаги қурбонига айланди, норвегиялик ҳужумчи тезкор гол уриб, расмий ўйинлардаги голли сериясини 12 тага етказиб қўйди. Люиснинг узатмасидан кейин тўпни бир тегинишда дарвоза тўрига йўллаган ҳужумчида ЕЧЛда ўтказган ўйинларидан кўра кўпроқ голга эга – 51 ўйинда 53 гол. Эрлинг иккинчи гол урилишида ҳам муҳим рол ўйнади, мезбонлар ҳимоячилари Савинио айнан унга узатма беришини кутиб, Бернарду Силвани бўш қолдиришганди. Мезбонлар муносиб қаршилик кўрсатишди ва xG бўйича номдор рақибдан унчалик ортда қолмади – 1,50 га қарши 1,38, зарбалар сони бўйича эса устунроқ ҳам бўлди (11:10), аммо ҳужумларни якунлашда оқсаш кузатилди. Ишончли ғалабадан кейин «шаҳарликлар» 7 очко билан кучли саккизликда қолди, уч ўйинда атиги бир очко олган «сариқ субмариналар» эса умумий жадвалнинг қуйи қисмига шўнғиди.

«Интер» ҳам гол ўтказмаяпти

«Юнион» – «Интер» 0:4
Голлар:
Дюмфрис, 41 (0:1). Мартинес, 45+1 (0:2). Ҳоқон Чалхонўғли, 53 – пеналти (0:3). Эспозито, 76 (0:4)
«Юнион»: Схерпен, Берджесс, Лейсен, Макаллистер, Расмуссен (Родригес, 61), ван де Перре, Зорган (Схофс, 84), Ньянг (Патрис, 75), Халаили, Аит Ал-Ҳожи (Флоруч, 60), Дэвид (Жигер, 61)
«Интер»: Зоммер, де Врей (Аканжи, 46), Бастони (Димарко, 59), Биссек, Зелински, Фраттези, Ҳоқон Чалхонўғли (Сучич, 59), Карлос Аугусту, Дюмфрис (Луис Энрике, 77), Мартинес (Бонни, 58), Эспозито
Огоҳлантиришлар: Схофс, 89 – де Врей, 31

«Интер»да идеал старт – уч турда уч ғалаба. ЕЧЛнинг ўтган мавсуми финалчиси бу сафар Белгияда «Юнион»га раҳм қилмади. Мезбонлар ўйинни яхши бошлаганди, аммо ўз имкониятларидан фойдалана олмади, Зоммер икки бор сейв қилишига тўғри келди, яна бир вазиятда ҳимоячилардан бири тўпни дарвоза чизиғи олдида тўхтатди. Шундан кейин меҳмонлар ташаббусни ўз қўлига ола бошлади ва танаффус арафасида Думфрис ва Мартинеснинг саъй-ҳаракатлари билан икки гол уришди. Иккинчи бўлим бошида эса «нерадзуррилар» пеналти ишлади, Чалхонўғли одатдагидек совуққонлик билан аниқ зарба бериб, ҳисобни йириклаштирди. Кейин эса «Интер»нинг ёш юлдузи Эспозито асосий еврокубокдаги илк голини нишонлади. Миланликлар ҳам худди «Арсенал» каби учинчи ўйинда ҳам дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишди.

«Наполи» 6 та гол ўтказиб юборди

«ПСВ» – «Наполи» 6:2

Голлар: Мактоминай, 31 (0:1). Буонджорно, 35 – автогол (1:1). Сайбари, 38 (2:1). Ман, 54 (3:1). Ман, 80 (4:1). Мактоминай, 86 (4:2). Пепи, 87 (5:2). Дриош, 89 (6:2)|
«ПСВ»: Коварж, Гасеровски (Обиспо, 46), Схаутен, Салах-Эддин (Дест, 85), Фламинго, Мауро Жуниор, Верман, Сайбари (Ваннер, 88), Перишич (Пепи, 85), Ман, Тил (Дриош, 85)
«Наполи»: Милинкович-Савич, Буонджорно, Бекема (Гутеррес, 58), Спинаццола (Жуан Жезус, 58), Ди Лоренцо, Гилмор (Ланг, 58), Де Брюйне (Элмас, 85), Замбо Ангисса, Мактоминай, Политано (Нерес, 73), Лукка
Огоҳлантиришлар: Гасеровски, 28. Верман, 30. Сайбари, 70. Дриош, 90 – Спинаццола, 42
Четлатиш: Лукка, 76

Эйндҳовенда эса сенсация қайд этилди. Италиянинг амалдаги чемпиони «Наполи» Нидерландияда олтита гол ўтказиб юборишини ҳеч ким кутмаганди. Антонио Конте жамоаси мудофааси шу куни очиқ эшиклар куни ўтказди, шу туфайли Мактоминейнинг дубли дуранг учун ҳам етарли бўлмади. 76-дақиқада меҳмонлар ҳужумчиси Лукка майдондан четлатилиши ҳисоб йириклашиб кетишига сабаб бўлди. Шундан кейин руминиялик вингер Ман дублни расмийлаштирди, кўпчиликка таниш бўлмаган марокашлик Дриош 1+1 қайд этди. Италия жамоалари ЕЧЛда ўн йилдан буён бунча гол ўтказмаганди. Ўшанда «Рома» «Барселона» томонидан тор-мор этилган (1:6). Аммо Европа грандига бундай ютқазиш бошқа иш, одатда ўзи йирик ҳисобда ютқазиб юрадиган ПСВдан бунча кўп гол ўтказиш бошқа иш, Нидерландия жамоалари асосий еврокубокда 1979 йилдан буён бир ўйинда 6 та гол ургани ҳам кўп нарсани англатади.

Дортмундликларда барқарорлик

«Копенҳаген» – «Боруссия» Д 2:4
Голлар:
Нмеча, 20 (0:1). Антон, 33 – автогол (1:1). Бенсебаини, 61 – пеналти (1:2). Нмеча, 76 (1:3). Силва, 87 (1:4). Дадасон, 90 (2:4)
«Копенҳаген»: Котарски, Габриэл Перейра, Хатзидиакос (Гарананга, 75), Мелинг (Лопес, 63), Судзуки, Лерагер, Клем (Заге, 81), Ашури (Мадсен, 81), Ларссон (Дадасон, 75), Классон, Мукоко
«Боруссия» Д: Кобел, Шлоттербек, Бенсебаини (Анселмино, 85), Антон, Беллингҳэм, Нмеча (Забитцер, 77), Свенссон, Коуту (Рюэрсон, 62), Байер (Чуквуэмека, 62), Брандт (Силва, 62), Гирасси
Огоҳлантиришлар: Лерагер, 60. Заге, 89 – Бенсебаини, 75

«Боруссия» учун барчаси ажойиб бошланди – Нмеча жарима майдони чизиғи олдидан туриб, тўпни тўсин остидан дарвоза тўрига йўллади. Аммо «Копенҳаген» таркибида шу куни дортмундликларга қарши катта иштиёқ билан тўп суриши аниқ бўлган футболчи бор эди. Бу шу ёзда «асаларилар» сафидан Дания клубига ўтган Мукоко. Айнан ушбу форвард бурчак зарбасидан кейин жарима майдони марказидан кучли зарба йўллаб, меҳмонлар мудофаасида ваҳима уйғотди, Бенсебаини тўпни узоқлаштиришга уриниб, жамоадоши Антонга қарата тепди ва автогол юзага келди. Лекин жазоирлик футболчи иккинчи бўлимда пеналтини аниқ ижро этиб, ўз айбини ювди. Нмечанинг узоқ масофадан йўллаган яна бир аниқ зарбаси эса ўйин масаласини ҳал қилди. Ўйин охирида жамоалар биттадан гол уришди ва ҳисоб 2:4 кўринишини олди. Эътиборли жиҳати, дортмундликлар уч турда ҳам тўрттадан гол уришмоқда, бундан олдинги турларда «Ювентус» билан 4:4, «Атлетик» билан 4:1 ҳисоблари қайд этилганди.

Моуринио тубда

«Нюкасл Юнайтед» – «Бенфика» 3:0
Голлар:
Гордон, 32 (1:0). Барнс, 71 (2:0). Барнс, 83 (3:0)
«Нюкасл Юнайтед»: Поуп, Ботман, Тшау, Берн, Триппиер, Майли, Рэмси (Жоэлинтон, 63), Гимарайнс (Уиллок, 90), Гордон (Осула, 85), Мерфи (Барнс, 63), Волтемаде (Эланга, 85)
«Бенфика»: Трубин, Отаменди, Силва, Араужу, Барренечеа, Риос, Эурснес, Дедич (Иванович, 63), Судаков, Лукебакио, Павлидис
Огоҳлантиришлар: Тшау, 17 – Лукебакио, 45

Жозе Моуринионинг «Бенфика» бош мураббийлигига тайинланганидан кейин Англияга қилган иккинчи сафари ҳам муваффақиятсиз якунланди. Лиссабонликлар «Челси» ортидан «Нюкасл»га ҳам ютқазишди. Ҳисоб 0:0 ҳолатида Лукебакио қулай вазиятдан фойдалана олганида ўйин бутунлай бошқача кечиши мумкин эди, Гордон эса бўлим ўрталаридан ўтганда ўз имкониятидан аниқ фойдаланиб, ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда эса «Бенфика» на ҳужумда, на ҳимояда яхши ҳаракатланди. Мезбонларнинг захирадан тушган форварди Барнс 12 дақиқа ичида дублни расмийлаштирди. Эътиборли жиҳати, унинг биринчи голига Поуп ҳаммуаллифлик қилди, у тўпни қўли билан отиб, 59 метр масофага етказиб берди.

Эдди Ҳау жамоаси қаторасига иккинчи йирик ғалабага эришди, уч ўйинда ҳам ютқазган «Бенфика» эса турнир жадвалининг қуйи қисмида.

Умумий жадвал:

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид