Жаҳон | 15:48 / 20.01.2026
19652
9 дақиқада ўқилади

Трамп нега Эрондаги намойишчиларга ёрдамга келмади?

Эронликлар Трамп оятуллоҳ режимини ағдаришда ёрдам беришига умид қилишганди. Унинг ўзи ҳам намойишларни давом эттиришга чақириб, «ёрдам аллақачон йўлдалиги»ни айтганди. Кейин эса ҳеч нарса қилмади.

Shawn Thew / EPA / Bloomberg / Getty Images

28 декабр куни Эронда оммавий намойишлар бошланганидан кейин АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон режимига ҳужум қилиш билан таҳдид сола бошлади. 2 январ куниёқ у АҚШ намойишчиларга ёрдамга бориши мумкинлигини истисно этмаганди, 13 январ куни эса тўғридан тўғри намойишчиларни ҳокимиятни ағдаришга чақириб, «ёрдам аллақачон йўлда» эканига ишонтирди. Аммо АҚШ томонидан Эрон бўйлаб ҳеч қандай зарба бўлмади. The Washington Post ва Axios нашрлари Трамп нима учун Эронга ҳужум қилишдан (камида ҳозирча) тийилганини аниқлашди. «Медуза» бу мақола мазмунини келтиради.

Трамп қачондан Эронга зарба бериш ҳақида ўйлаб қолганди?

Трамп 2 январ куниёқ Эрондаги вазиятга аралашиши билан таҳдид қилган бўлса-да, («Агар Эрон ўз одатига кўра намойишчиларни ўққа тутадиган ва уларни шафқатсизлик билан ўлдирадиган бўлса, АҚШ уларга ёрдамга боради»), унинг маъмурияти ўша вақтда намойишларни оятуллоҳ режимига жиддий таҳдид сифатида кўрмаган. Америка разведкаси аввалбошдан кўчалардаги чиқишларни етарли даражада ғайратли эмас деб баҳолаганди. Лекин бу баҳо 8 январга келиб ўзгаради, бу вақтда Эрондаги намойишчилар фаоллиги кескин кўтарилганди.

9 январ куни Оқ уйда АҚШнинг Эрондаги норозилик намойишларига эҳтимолий реакцияси бўйича юқори даражадаги илк йиғилиш бўлиб ўтади. Унда иштирок этган энг юқори лавозимли мансабдор вице-президент Жей Ди Вэнс эди. Бу вақтга келиб, Эрон ҳукумати мамлакатда интернетни ўчириб қўйди, жанговар қуролларни ишга солиб, кўча намойишлари иштирокчиларини ёппасига ўлдиришга киришди.

Бу йиғилишдан кўп вақт ўтмасдан, 10-11 январ кунлари Трампга Эрон бўйлаб зарбалар бериш бўйича бир неча вариантлар тақдим этилгани ҳақида хабарлар чиқди. Худди шу вақтда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи вазиятни юмшатиш учун Америка президенти махсус вакили Стив Уиткофф билан боғланди. «Бир неча кун ўтгач, бу норасмий алоқа канали Трамп томонидан қабул қилинган қарорда муҳим рол ўйнади», – деб ёзади Axios.

13 январ куни Эрондаги намойишлар бўйича йиғилишда Трампнинг ўзи ҳам иштирок этади (бунгача у фақат разведка ҳисоботлари, шунингдек, Вэнс ҳамда ва давлат котиби Марко Рубионинг ҳисоботларини қабул қилиш билан чекланган). Маслаҳатчилар унга АҚШнинг куч билан жавоб қайтариш вариантларини, жумладан, ҳарбий кемалар ва сувости кемаларидан Эрон режими объектларига зарбалар беришни таклиф қилишади. Трамп эҳтимолий ҳужумга тайёргарлик жараёнини охирига етказишни талаб қилади, аммо бу ҳақда аниқ буйруқ бермайди.

14 январ куни Оқ уйда ҳам, Яқин Шарқда ҳам Трамп ҳужум ҳақида буйруқ беришини кутиб туришганди, дея ёзади Axios ва The Washington Post. Шу вақтда Эрон ўз осмонини ёпади. АҚШнинг Яқин Шарқдаги асосий ҳарбий базасидаги ходимларни эвакуация қилиш бошланади. Буйруқ президентнинг миллий хавфсизлик бўйича жамоа билан кундузги йиғилишидан кейин бўлиши кутилганди, аммо буйруқ барибир берилмайди. «У [Трамп] вазиятни кузатишда давом этишни истади», – дейди Axios манбаси.

Трампни куч ишлатишдан воз кечишга нима мажбур қилди?

The Washington Post маълумотига кўра, 14 январда – барча Эрон бўйлаб зарба беришни бошлашга буйруқни кутиб турганида – Уиткофф Трампга Эрон ҳукуматининг вазиятни юмшатиш белгиси сифатида намойишчиларни ёппасига қатл этиш режасини бекор қилишга тайёрлиги ҳақидаги хабарини етказади. Кейинроқ АҚШ президенти Эрондаги вазиятни муроса билан изоҳларкан, айнан шунга ишора қилди. Трамп журналистларнинг Эрон режимига нисбатан таҳдидлари нега амалга ошмагани ҳақидаги саволларига жавоб бера туриб, шу тахлит юзини сақлаб қолишга қарор қилган бўлиши мумкин. Аммо уни Эронга зарба беришдан воз кечишга мажбур қилган бошқа прагматик сабаблар ҳам бор эди.

Ўша куни, 14 январда, Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан қўнғироқлашади. У Исроил 2025 йил ёзида Эрон билан бўлиб ўтган 12 кунлик урушдан кейин ўз ресурсларини ҳали тиклаб олмагани ва Теҳрон томонидан Вашингтоннинг ҳужумига бўладиган жавобга тайёр эмаслигидан огоҳлантиради. АҚШнинг Яқин Шарқдаги бошқа иттифоқчилари – Саудия Арабистони, Қатар ва Миср ҳам ўз хавотирларини билдиришган. Улар бутун минтақада беқарорлик юзага келмаслиги учун Оқ уйни Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлардан қочишга чақиришган.

Пентагоннинг АҚШ ҳозирда Яқин Шарқда Эроннинг қарши ҳужумини қайтариш учун етарли ҳарбий кучга эга эмаслиги ҳақидаги мулоҳазаси ҳам муҳим рол ўйнаган: сўнгги ойларда йирик денгиз кучлари Венесуэла президенти Николас Мадурога босим ўтказиш кампанияси доирасида Кариб ҳавзасига олиб кетилганди.

Аммо, куч ишлатишга қарши асосий аргумент – бу йўл Эронда ҳокимият дарҳол ўзгаришига олиб келишига кафолат йўқлиги эди. Трамп унга таклиф қилинган ҳарбий вариантлар кутилган натижани беришига – ва бутун Яқин Шарқ минтақаси ҳамда ўзининг «бенуқсон» обрўси учун муаммолар келтириб чиқармаслигига ишончи комил эмасди, деб ёзади The Washington Post.

«Зарба [Эрондаги] режим ўзгаришига олиб келармиди? Жавоб аниқ „йўқ“. Ҳужумнинг салбий оқибатлари ҳам режимни жазолаш нуқтайи назаридан ҳар қандай фойдадан устун бўларди. Охир-оқибат, буларнинг барчаси харажатлар ва фойда таҳлилидир», – дейди газетанинг Оқ уйга яқин бўлган суҳбатдоши.

Оятуллоҳ режими мухолифлари қандай муносабатда?

Трамп ҳозирча Эрон бўйлаб зарба беришдан тийилмоқда, аммо бу вариант ҳали ҳам истисно қилинмайди, дея қайд этади The Washington Post ва Axios суҳбатдошлари. Шунга қарамай, Эрондаги намойишларнинг кўплаб иштирокчилари ўзларини сотилгандек ҳис қилишмоқда, деб ёзади The Guardian.

«Эрон халқи унга ишонганди. Агар у бу шафқатсиз тузумга қарши ҳеч нарса қилмаса, ишончга путур етади ва Эрон халқи ким у билан бирга бўлганини, ким ундан юз ўгирганини унутмайди», – деган газетага Канадада яшовчи эронлик Аъзам Жангравий, унинг яқин дўсти Исфаҳондаги намойишлар чоғида ўлдирилган.

«Мен ўзимизнинг нақадар ожизлигимиз ҳақида ўйлардим: нажот ва озодлигимиз учун бошқа мамлакат бизга ҳужум қилиши учун ибодат қилишимизга тўғри келади. Лекин ҳозир ғазабим қайнаб турибди. Менимча, Трамп яна ортга бурилди ва эронлик ёшларнинг ҳаётини сотди», – дейди Туркияда яшовчи эронлик Аанахита.

Европалик мулозимлардан бири аноним тарзда айтишича, кўплаб эронликлар АҚШ президенти уларга ҳокимиятни ўзгартиришда ёрдам беришига ишонган ва ҳозир ҳам ишонади. Агар бу содир бўлмаса, Трамп «Эроннинг тинч аҳолисини намойишларга ундаган ва ёрдам ваъда қилган, кейин эса уларни ташлаб кетган» шахс сифатида тарихга кириши мумкин, деди ушбу расмий The Washington Post нашрига берган интервюсида.

Трампнинг сўзлари Эрондаги норозилик намойишларига ва режимнинг уларга нисбатан шафқатсиз муносабатига қанчалик таъсир қилганини баҳолаш қийин. Аммо улар Эрон расмийларининг оммавий риторикасида аниқ акс этди. 17 январ куни мамлакат олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий Трамп минглаб эронликларнинг ўлимида айбдор экани, уларни тартибсизликларга «қўзғатгани»ни айтди.

Трамп бунга жавобан оятуллоҳни «касал одам» деб атаган. «Мамлакат ўз функцияларини бажаришда давом этиши учун – ҳатто жуда паст даражада бўлса ҳам – раҳбарият назоратни сақлаб қолиш мақсадида минглаб одамларни ўлдириши эмас, балки тўғри бошқарувга эътибор қаратиши керак», – деди у Хоминаийни назарда тутган ҳолда.

Эронлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг 18 январдаги маълумотларига кўра, Эрондаги норозилик намойишлари чоғида камида 3900 киши ҳалок бўлган. 19 январ куни эронлик расмийлардан бири ОАВга аноним тарзда камида беш минг киши ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид