Жаҳон | 20:09 / 18.01.2026
9616
9 дақиқада ўқилади

Украинлар аёзда иссиқликсиз қолди, Трамп Эронга зарба бермади — ҳафта дайжести

Ассалому алайкум. Бугун 18 январ, якшанба. Қишнинг одатдагидан иссиқ келган кунлари ортда қолиб, совуқ кунлар бошланди. Афсуски, кунлар совиши билан электр ва газда узилишлар кўпайди, яна газ қуйиш шохобчалари олдида тирбандлик. Қишнинг ярми энергетика тизимига оғирлик қилмайдиган даражада илиқ ўтганига қарамай, барибир узилишлар бўляпти. Майли, қачондир хулоса қилишар.

Бизга ўхшаб 15 йил аввал газдан узилган қишлоқда яшасангиз, маслаҳатим «свет»га ишониб қолманг. «Шум бола»даги Омон айтганидай, биринчидан, қиммат, иккинчидан, исталган вақтда ўчиб қолиши мумкин. Ота-боболаримизни асрлар давомида қишдан олиб чиққан ўтин ва кўмирдан ишончлиси йўқ, айтиб қўяй. Биз одатдагидек ҳафтанинг баъзи муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.

Эронда намойишлар

Бу ҳафта ҳам Эронда намойишлар тинчигани йўқ. Энди бемалол айтсак бўлади, бу мамлакат замонавий тарихидаги энг жиддий намойишлар бўляпти. Халқаро ташкилотлар қурбонлар сони мингдан ошганини айтмоқда, эронликлар мамлакатдаги ўликхоналардан олинган видеоларни минг километрлаб интернет қидириб, ташқи дунёга етказяпти. Бошқа давлатга чиқиб кета олган эронликлар журналистларга ўликлар жуда кўп эканини айтиб бермоқда.

Илон Маск Starlink’ни Эронда текин қилиб қўйгани айтилмоқда. Теҳрон эса бутун мамлакатни интернетдан узиб қўйишни эплаганидан руҳланиб эндиликда Эронни тўлиқ ташқи интернетдан узиш ҳақида ўйлаётгани борасида хабарлар бор. Яна баъзи хабарларга кўра, Россия Эронда интернетни блоклашга ёрдам бераётган экан.

Хуллас, эронликлар жуда ёмон кунларни бошдан кечирмоқда. Нарх-наво ошганидан норозилик кайфиятида бошланган намойишлар қонли тўқнашувларга айланиб кетди. Энг ёмони, у ерда нима бўлаётганини билиб бориш имконсиз. Режим бор кучи билан намойишларни бостиришга интилмоқда, лекин намойишчилар бу гал бўш келмоқчи эмас. Улар нефтга ва истеъдодли инсонларга бой эронликлар ҳозиргидек инқирозда, халқаро яккаланишда эмас, озод, бой, тамаддуннинг бир қисми сифатида яшашга ҳақли, дейишмоқда.

«Ёрдам йўлда»

АҚШ президенти Трамп Эрондаги воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқда. У намойишчиларни қатл этиш давом этса, Эронга зарба бериш билан таҳдид қилди. Трамп Эронга зарба беришга қарор ҳам қилди, мамлакатнинг Қатардаги ҳарбий базасидан аскарлар эвакуация қилинди, Эрон бир муддат осмонини ҳар қандай парвозлар учун ёпди. Трамп Мадурони олганидан кейин энди унинг таҳдидларини жиддий қабул қилишмоқда. Балки шунинг учундир, Теҳрон намойишчиларни қатл этмаслигини маълум қилди. Трамп бунга жавобан Эронга зарба бермасликка қарор қилди. Айтганча, араб давлатлари Трампдан «Эронга яна бир имкон беришни сўрагани» айтилмоқда.

Бу воқеалар фонида АҚШ ва Эрон ўртасида махфий мулоқот ҳақида хабарлар чиқди. Кўрамиз, яқин келажакда Эрондаги тузум ҳокимиятни сақлаб қолиб, АҚШ билан ядро келишуви имзоласа, бу хабарлар рост бўлиб чиқади. Дарвоқе, жума куни Путин дўсти Нетаняҳу билан Эрондаги вазиятни муҳокама қилди. Балки Москва ҳам қандайдир келишувларда воситачилик қилаётгандир, буни тез орада билиб оламиз.

Соловёв янги «СВО» умидида

Ўзбекистонда энг кўп мухлисга эга, эфирлари энг кўп кузатиладиган журналистлардан бири Владимир Рудолфович Соловёв. Мен бу гапни осмондан олиб гапираётганим йўқ, юртимизда «Россия 24» канали куни билан ёниқ турадиган, асосан рус каналлари томоша қилинадиган хонадонлар сон мингта. Биз Соловёвга ўхшаган пропагандачиларнинг бутун минтақага таҳдид ўлароқ айтилган гапларини танқид қилганимиз учун жуда кўп инсонлар томонидан ҳақорат қилинганмиз.

Ҳафта давомида Россия бош пропагандачиси Соловёв бошқа давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам «СВО» бошлашга чақирди. Янада аниқроқ тушунтираман, Соловёв Россияни Украинада қилаётган ишларини бошқа давлатларда ҳам, хусусан, Ўзбекистонда ҳам қилишга чорлади.

Путиннинг қўлидан яқиндагина навбатдаги мукофотни қабул қилиб олган Россия бош пропагандачиси Марказий Осиёни «Россиянинг таъсир доирасидаги ҳудуд» деб атади. Ва бу гапларни АҚШ Венесуэлада қилган ишларини мисол қилиб гапирди. Тасаввур қиляпсизми, уруш бошланганидан бери Италиядаги дачасига боролмаётган товариш Соловёв нима демоқчи эканини?

Уруш бошланишини орзу қилган, лекин урушни жонлантириш бўлимида кутиб олиб, икки ойдан кейин ўлган Жириновский аввал Россиянинг мақсадларини ўзининг мужмал чиқишларида айтиб кетарди. Жириновский ўлгач, энди Соловёв шу позицияни эгаллади. Унга Россия бош телеканалида чексиз эфир, катта-катта шартномалар, сон-саноқсиз медаллар беришди.

Унинг Украина манзилига айтаётган жирканч сўзларини миллионлаб одамлар, хусусан, жуда кўп ўзбекистонликлар сеҳрлангандай томоша қилишди. Ва ажойиб кунларнинг бирида товариш Соловёв «энди Марказий Осиёда ҳам СВО ўтказиш кераклигини» айтиб чиқди. Владимир Рудолфовичнинг Ўзбекистондаги мухлисларига саломатлик тилайман. Қишдан эсон-омон чиқиб олинг, «свет»ингиз ўчмасин.

«Зеленский айбдор», деди Трамп

АҚШ президенти Доналд Трамп Венесуэлада Николас Мадурони олиб қочган бўлса ҳам, Россия президенти Путин билан яхши муносабатларни сақлаб қолган. Бу Трампнинг навбатдаги интервюсида ўз исботини топди. Трампнинг айтишича, Путин тинчлик истаётган, Зеленский эса тинчлик келишувига халақит бераётган экан. Тўғри айтасиз, мистер Трамп, Киевда ҳаво -19 даражага тушганда украинлар ўзлари светни, иссиқликни ўчириб ўтиришибди, ҳеч ким уларга ракета отаётгани йўқ, подстанциялар ҳам ракета билан портлатилмаяпти, «Орешник» деган ажабтовур ракета ҳам Полша чегарасига ўзи бориб тушган. Шундайми?

Украинада навбатдаги можаро

Уруш даврида Украинада навбатдаги коррупцион можаро авж олди. «Баткившина» партияси асосчиси, мамлакатдаги энг машҳур сиёсатчилардан бири Юлия Тимошенко депутатларни, хусусан, бошқа фракциялардаги депутатларни сотиб олишда гумонланмоқда.

Президентга ҳам бўйсунмайдиган НАБУ аксилкоррупция ташкилоти эълон қилган аудиога кўра, Тимошенко депутатларга бир сессияда керакли овоз бериш учун 10 минг доллар таклиф қилган. Пулни олган депутатлар Зеленскийнинг тайинловларини тўхтатиб қўйиши керак бўлган. Тимошенко хоним ўзига нисбатан айбловларни сиёсийлашган деб атади ва видеодаги 40 минг долларни компенсация кўринишда АҚШдан олганини айтди.

Кичик Қодиров «авария»га учради

Жума куни Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг вориси 18 ёшли Адам Қодиров йўл транспорт ҳодисасига учрагани ҳақида хабарлар чиқди. Буни аввало чечен мухолиф каналлари ёзиб чиқишди. Кейинроқ Грозний кўчаларидаги тирбандлик видеолари тарқалди, Грознийдан Москвага Қодировга алоқадор экани айтиладиган бир нечта самолётлар учди. Рус нашрлари Адам Қодиров даволаниш учун Москвага юборилгани ҳақида хабар берди. Маълум бўлишича, Қодировнинг ўғли ҳаётига хавф йўқ.

- 19 даража совуқда «свет»сиз

Украина халқи бешинчи йилки жуда оғир қишни ўтказмоқда. Россия ҳар йилги одатига кўра Украина бўйлаб аёзли кунлар ҳукм сўраётганда энергетика объектларига зарба беришни канда қилмаяпти. Россия Украина бўйлаб навбатдаги серияли зарбалар йўллади. Киевда иссиқлик, электр энергияси, ичимлик суви таъминоти бўйича вазият издан чиқди. Шу кунларда Украинада жуда совуқ ҳаво ҳукмрон. Ҳаво ҳарорати -19 даражагача тушган. Энергетиклар бу қишни уруш давридаги энг қийини дейишмоқда. Ҳаво совуқлиги учун Россия зарбаси сабаб зарарланган станцияларни тиклаш янада қийинлашган.

Россия айниқса Киевга ҳужумни қоралади. Украина пойтахтида марказлашган иситиш тизими амалда ва Россия зарбалари сабаб тизим ишдан чиққан. Оқибатда минглаб пойтахтликлар иссиқликсиз қолган.

Албатта, Стивен Уиткофф дўсти Доналд Жон Трампга киевликлар - 19 даража совуқда электр ва иссиқликсиз қолгани ҳақида эмас, Путин шахсий черковида Трампнинг шарафига шам ёққанини айтиб беради. Трампнинг ҳозир -19 даражада одамлар қандай исиниши билан иши ҳам йўқ, у бундан-да совуқроқ бир оролни қандай қилиб эгаллаш устида бош қотирмоқда. «Айтинг-чи куёв, босиб олсамми ёки сотиб олсамми?» деб куёви ва маслаҳатчиси Жаред Кушнерга юзланаётган бўлса керак президент Трамп...

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид