Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 8 март, якшанба. Ортда қолаётган ҳафтамиз Америка Яқин Шарқда бошлаган навбатдаги қонли уруш билан ёдда қолди. Исроил ва Америка бомбалаётганига қарамай, Эрон қулагани йўқ. Теҳрон араб давлатларини хавфли ҳудудга айлантиришда давом этмоқда. Америка Яқин Шарқни Эрон дронларидан ҳимоя қилиш учун Украинадан ёрдам сўради. Ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим мавзуларини биргаликда эслаймиз.
Уруш давом этмоқда
Ҳафта давомида Америка ва Исроил бошлаган Эронга қарши уруш давом этди. Теҳрон уч кунда қуламади, тезкор ҳарбий мақсадга эришиш содир бўлмади. Эрон 40 йиллик раҳбари ўлганидан кейин ҳам оёқда туриб курашяпти. Ўзи уруш очиб, уни қисқа муддатда тугатиш билан мақтаниш ҳозирги ҳарбий державалар учун одатга айланди.
Америка узоқ муддатли уруш учун режа тузмагани кўриниб турибди. Уларнинг мақсади катта эҳтимол Али Хоминаийни ўлдириш билан кифояланган. У ўлгач раҳбарият ўзгариши, тузум қулашини тахмин қилишган. Лекин Эрондаги бошқарув тизими улар тахмин қилганидек марказлашган диктатура кўринишида бўлиб чиқмади. Мадурони олишгач, Венесуэла «қулаганди», Асад ағдарилгач, Сурия «қулади», лекин Эрон бутунлай бошқача давлат эканини унутишди. Қайтага Эрон аввалгидан ҳам яхшироқ курашмоқда. Одамлар Трампнинг чорловига қарамай, кўчага чиқиб ҳокимиятни қўлига олгани йўқ.
Араб давлатлари энди хавфли
Эрон урушнинг илк кунларидаёқ Америка ва Исроил ҳужумига жавобан араб давлатларини ўққа тутишни бошлаганди. Сабаб оддий, араб давлатларида Американинг ҳарбий базалари бор. Теҳрон учун асосий нишон Дубай бўлди. Араб оламининг сайёҳлар учун энг машҳур шаҳри айнан Дубай. Эроннинг ҳужумларидан кейин Дубай шарпалар шаҳрига айланиб қолди, кўчалар бўш, аэропортлар ҳувиллаб қолган, одамлар Дубайдан қочиш умидида. Бир неча кун ичида Эрон дунёдаги сайёҳлар энг серқатнов шаҳар бўлган Дубайни дунёдаги энг хавфли шаҳарлардан бирига айлантириб қўйди.
Америка ва Исроил бошлаган уруш сабаб энди Эрон ва араб давлатларининг муносабатлари аввалгидек бўлмаслиги аниқ. Форс давлати араб давлатларга нафратини очиқчасига намойиш қилмоқда, бу нафрат анчадан бери юзага чиқмаётганди. Энди кўрфаз асло аввалгидек бўлмайди, уруш кўп нарсани ўзгартириб юборди.
Америка Украинадан ёрдам сўради
Уруш инсонга шундай сабоқ берадики, у беихтиёр доно ихтирочига, муваффақиятли стратегга айланиб қолади. 2022 йил февралдаги воқеаларни эсланг, Украина қўшниси Россия босқинига дош бериш учун Америкадан, Европа давлатларидан қурол сўраб юрганди, чунки ўша пайтда бир неча минг кишилик армияга эга бўлган, СССР давридан қолган қуролларга қараб қолган Украина қўшнисига қаршилик қилиши қийин эди. Лекин урушнинг бешинчи йилига келиб Америка деган дунёдаги энг қудратли давлат Украинадан Эрон дронларига қарши курашда ёрдам сўраб ўтирибди. Қойилмисиз?











