Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 15 март, якшанба. Бу ҳафта ҳам Эрондаги уруш тугамади. Форсларнинг араб давлатларига ҳужуми сусайди, лекин барибир уруш давом этмоқда. Уруш фонида нефт нархи кўтарилди, Америка Россияга нисбатан санкцияларни юмшатди, оқибатда Москва кунига юз миллионлаб доллар қўшимча фойда кўра бошлади. Қуйида ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.

Уруш давом этди

Ҳафта давомида Эрондаги уруш давом этди. Доналд Трамп айтганидек, бу давлатда уриш мумкин бўлган ҳеч қандай нишон қолмади. Америка чиндан Эроннинг ҳарбий имкониятларини йўққа чиқарди. Буни ҳар кунлик отилаётган ракеталар сони камайиб бораётганидан ҳам билиш мумкин.

Лекин уруш бошлашдан мақсад фақат шу эмас, Америка ва Исроил Эронда тузумни ағдармоқчи эди. Лекин бундай бўлмади, эронликлар Хоминаий ўрнига унинг ўғлини раҳбарликка сайлади. Уни ҳам ўлдиришса, катта эҳтимол худди шу йўналишдаги яна кимдир раҳбар бўлади.

Трамп «Америка урушнинг илк соатларидаёқ ғалаба қозонганини» эълон қилди, лекин бу гапга америкаликлар ҳам ишонгани йўқ. Ўзи бу кимдир ютадиган уруш бўлаётгани йўқ. Америка Эроннинг ҳарбий қудратини йўқ қилиши мумкин, лекин бу давлатдаги қаршилик ғояси барибир йўқолиб қолмади. Қуроллар йўқ бўлгандир, лекин уни ясайдиган инженерлар бор. Ядро дастурини ҳам тоғ остидаги омборлар эмас, одамлар яратади. Хуллас, Америка Хоминаий ўлса, Эронда барчаси буткул ўзгариб кетишини кутганди, лекин Эрон улар ўйлаганидан бошқача давлат бўлиб чиқди.

Разведка ҳисоботи

Reuters ўз манбаларига таяниб Америка разведкасининг Эрондаги уруш бўйича хулосаларини эълон қилди. Унда айтилишича, разведка Эронда тузум қулашининг ҳеч қандай аломатларини кўрмаган, ҳукумат ҳамон аҳоли устидан тўлиқ назоратни сақлаб қолган. Эрондаги амалдаги бошқарув тузуми қулаши учун хавф борлиги ҳам аниқланмаган. Шунингдек, исроиллик мулозимлар ҳам уруш Эронда тузум ўзгаришига олиб келмаслигини тан олган.

Футболчилар хавф остида

Ҳафта давомида Австралиядаги Осиё чемпионатида қатнашаётган эронлик аёл футболчилар мавзуси дунё муҳокамасида бўлди. Ўйинлардан бири бошланишида эронлик футболчи қизлар мамлакат мадҳиясини куйламаган. Мадҳияда Эрон олий раҳбари улуғлангани, Хоминаий АҚШ томонидан ўлдирилгани сабаб бу ҳодиса Эронда жуда ёмон қаршиланди. Ўзи эронлик футболчилар мадҳия куйламаслиги янгилик эмас, Қатардаги жаҳон чемпионатида эронлик эркак футболчилар ҳам мадҳия куйламаганди. Бу ўзига хос жимлик манифести ҳисобланади.