Ҳафта давомида Яқин Шарқда уруш давом этди, эронлик футболчилар мадҳия куйлаши яна диққат марказида бўлди, Америка рамзи долларнинг янги купюралари Трампнинг имзоси билан чиқариладиган бўлди, Украина Саудия Арабистони билан ҳарбий битим имзолади. Қуйида ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарларини ёдга оламиз.

Уруш давом этди

Яқин Шарқда феврал охирида бошланган уруш ҳамон давом этмоқда. Америка интенсивликни пасайтирди, чунки Трампнинг айтишича, «Эронда урадиган нишоннинг ўзи қолмаган». Исроил эса ҳар замонда бирор эронлик мулозимни ўлдирмоқда. Трамп тўғри айтди, ҳозир Эронда ҳеч ким юқори лавозимларни эгаллашни истамаяпти, чунки Ларижоний каби давлат номидан гапирганлар ўлдириб юбориляпти.

Лекин АҚШ ва Исроил урушдан нима кўзлаётгани аниқ эмас. Ҳозир фақат Ҳўрмуз бўғози блокланиши асосий муҳокама мавзуси. Американинг ҳаракатсизлигига қараганда улар ҳам бўғоз ёпиқ қолишига қарши эмасдек. Бўлмаса Эрон олий раҳбарини бир неча соатда ўлдирган Америка учун биргина бўғозни очиш муаммо туғдирмаслиги керак. Балки америкаликлар нефт нархи етарлича ошмаган деб ҳисоблаётгандир. Маълумот учун, ҳозир brent нефтининг бир бочкаси учун бозор 106 доллар таклиф қиляпти.

Қизчалар хотирланди

Эронлик футболчилар мадҳия пайти нима қилгани яна муҳокама марказида. Уруш бошланганда бутун дунё Эрон мадҳиясини куйламаган эронлик аёл футболчиларни муҳокама қилганди, бу гал Эрон эркаклар миллий жамоаси футболчилари муҳокама марказида бўлди. Анталяда Нигерияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушган эронликлар мамлакат мадҳияси ижро этилаётганда Америка авиазарбаси сабаб ҳалок бўлган ўқувчи қизлар хотирасига ҳурмат кўрсатиб, қиз болалар портфелини кўтариб туришди.

Албатта, эронлик футболчилар уруш ичидаги мамлакати мадҳиясини Гаттузо, Буффон, Бонуччи каби куйлагани йўқ, баъзи футболчилар хоҳламайгина оғиз қимирлатиб турди. Катта эҳтимол бу акция Эрон ҳукумати томонидан амалга оширилган. Шундай бўлса-да, қонли уруш қурбони бўлган мактаб ўқувчиларини бундай хотирлаш жуда таъсирли бўлди.

«Бу НАТОнинг уруши эмас»

Америка энг яқин иттифоқчиси Исроил билан бирга Эронда уруш бошлаганидан кейин президент Трамп НАТО Америкага ёрдам бермаётганига кўп урғу беряпти. Яқинда яна шу ҳақда гапирган Трамп «Бизга НАТОдан ҳеч нарса керак эмас, лекин ҳеч нарсани унутмаймиз», деди.