Спорт | 12:19 / 03.12.2025
9335
11 дақиқада ўқилади

«Сити» 4 та гол ўтказди, «Барса»да камбэк

Гвардиола шогирдлари 5:1 ҳисобидаги устунликни бой беришига бир бахя қолди, «Атлетико» «Барса»га қарши ўйинлардаги мағлубиятли сериясини давом эттирди.

Англия: Ҳоланднинг рекорди

«Фулҳэм» – «Манчестер Сити» 4:5
Голлар:
Ҳоланд, 17 (0:1). Рейндерс, 37 (0:2). Фоден, 44 (0:3). Смит-Роу, 45+2 (1:3). Фоден, 48 (1:4). Берге, 54 – автогол (1:5). Ивоби, 57 (2:5). Чуквуэзе, 72 (3:5). Чуквуэзе, 78 (4:5)
«Фулҳэм»: Лено, Басси, Андерсен, Сессенон, Тете (Кастан, 46), Берге, Лукич (Чуквуэзе, 46), Смит-Роу (Кинг, 74), Ивоби, Уилсон (Кевин, 82), Хименес (Куси-Асаре, 73)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Гвардиол, О`Райли, Матеус Нунес, Гонсалес (Стоунс, 64), Бернарду Силва, Рейндерс (Шерки, 82), Доку (Савио, 64), Фоден (Аке, 90+7), Ҳоланд
Огоҳлантириш: Шерки, 90

Англия чемпионатида анча вақтгача мухлислар ёдидан чиқмайдиган ноёб ўйин бўлиб ўтди. Аввалига «Фулҳэм» ва «Манчестер Сити» учрашуви Эрлинг Ҳоланднинг рекорди билан ёдда қоладигандек тасаввур уйғонганди.

Ўзи учун ноодатий тарзда қаторасига уч ўйинда гол уролмаган Ҳоланд ўйин дебютидаёқ нохуш сериясига барҳам бериши мумкин эди, аммо у Фоденнинг узатмасидан кейин дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, дарвоза устунини пойлади. Фақат бўлим ўрталарига яқинлашгандагина у ўз мақсадига эришди – Докунинг қанотдан узатмасидан кейин Эрлинг дарвозани ўққа тутди.

Бу норвегиялик ҳужумчининг АПЛдаги 100-голи бўлди ва у бу натижага барчадан тезроқ эришди. Унга бунча гол учун 111 учрашув етарли бўлди. Бундан олдинги рекорд 100 гол учун 124 ўйин сарфлаган Алан Ширерга тегишли бўлганди.

Ҳоланд биринчи бўлимда Рейндерс ва Фоденнинг голларига ассистентлик ҳам қилди, ўйиннинг 54-дақиқасига келиб эса ҳисоб 1:5 кўринишини олди.

Шундан кейин Хосеп Гвардиола шогирдлари хотиржамликка берилишди, мезбонлар эса яна учта жавоб голини уришди. Захирадан ўйинга туширилган Саму Чуквезе дубл қайд этиб, 78-дақиқада ҳисобни 4:5 кўринишига келтирди. Натижада ўйиннинг қолган қисми «шаҳарликлар» учун ўта асабий тус олди.

«Фулҳэм»нинг учинчи голи уч ярим дақиқа давомида VAR орқали текширилгани туфайли ҳакам иккинчи бўлимга саккиз дақиқа қўшиб берди. Ва айнан 90+8-дақиқада ўйин тақдири ҳал бўлди. Мезбонлар вингери Кевин чап қанотдан жарима майдонига кириб бориб, бир неча метр масофадан зарба йўллади, Доннарумма тўпни ўтказиб юборди, аммо Гвардиол тўпни чизиқ олдидан қайтариб юборди ва жамоаси ғалабасини сақлаб қолди.

Бу ғалабадан кейин «Сити» пешқадам «Арсенал» билан орадаги фарқни иккитагача қисқартирди, «канонирлар» тур ўйинини бугун ўз майдонида «Брентфорд»га қарши ўтказади. «Фулҳэм» эса 15-поғонага тушди.

«Нюкасл Юнайтед» – «Тоттенҳэм» 2:2
Голлар:
Гимарайнс, 71 (1:0). Ромеро, 78 (1:1). Гордон, 86 – пеналти (2:1). Ромеро, 90+5 (2:2)
«Нюкасл Юнайтед»: Рамсдейл, Тшау, Берн, Ҳолл, Ливраменто, Тонали (Гимарайнс, 46), Жоэлинтон, Майли (Шер, 90+3), Барнс (Гордон, 66), Мёрфи (Эланга, 66), Волтемаде
«Тоттенҳэм»: Викарио, Дансо, Ромеро, Удоджи, Порро, Бентанкур, Бергвалл (Симонс, 77), Сарр (Грэй, 87), Жонсон (Ришарлисон, 77), Қуддус (Одобер, 87), Коло Муани (Тел, 77)
Огоҳлантиришлар: Ромеро, 23. Бентанкур, 56. Ришарлисон, 86

«Нюкасл» ва «Тоттенҳэм» ҳозирда турли ҳолатда. «Қарғалар» мавсум стартидаги инқироздан аста-секинлик билан чиқиб келмоқда, «шпорлар» эса, аксинча, чўкиб бормоқда. Сешанба куни икки жамоа ҳам ўз анъанасини давом эттирди, бу жамоалар қаторасига олтинчи турда биринчи бўлимда гол уролмади. Лекин иккинчи бўлимда Томас Франк шогирдлари иродали дурангга эришди ва ҳатто ғалабага рақибдан кўра яқинроқ эди. 86-дақиқада Гордон пеналтини аниқ ижро этиб, жамоасини яна ҳисобда олдинга олиб чиққанида, ўйин тақдири ҳал бўлгандек кўринганди.

Лекин меҳмонлар таслим бўлмади ва аргентиналик ҳимоячи Ромеро қўшимча дақиқаларда чалқанча ҳолатда йўллаган зарбаси билан дублни расмийлаштириб, ҳисобни тенглаштирди. Бу «Сент-Жеймс Парк»да 2025 йил бошидан буён қайд этилган илк дуранг бўлди. Бунгача Эдди Ҳау жамоаси ўз уйида ёки ғалабага эришган, ёки ютқазган, лекин бирор марта дуранг ўйнамаганди.

Испания: чемпионлик пойгасида муҳим ғалаба 

«Барселона» – «Атлетико» 3:1
Голлар:
Баэна, 19 (0:1). Рафиня, 26 (1:1). Олмо, 65 (2:1). Торрес, 90+6 (3:1)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Левандовски, 36’
«Барселона»: Х. Гарсия, Кубарси, Мартин, Балде, Кунде, Педри (Касадо, 74), Э. Гарсия, Олмо (Рэшфорд, 66), Рафиня (Фернандес, 74), Ямал (Кристенсен, 88), Левандовски (Торрес, 67)
«Атлетико»: Облак, Хименес, Лангле, Ганцко, Молина, Кардозо (Коке, 14, Гризманн, 75), Барриос, Баэна (Алмада, 62), Гонсалес (Галлаҳер, 46), Симеоне (Серлот, 63), Алварес
Огоҳлантиришлар: Мартин, 45 – Баэна, 41

«Реал» қаторасига уч ўйинда дуранг ўйнагач, «Барселона» биринчи ўринга чиқиб олганди. Аммо Ҳанс-Дитер Флик жамоасига ўйин масаласида саволлар сақланиб қолаётганди, ушбу мутахассис «Алавес»га қарши кечган ғалабали ўйиндан кейин (3:1) ҳам ғамгин қиёфада эди. 19-турда эса каталонияликларни «Камп Ноу»да «Атлетико» билан жиддий жанг кутаётганди. Диего Симеоне жамоаси Испания чемпионатида қаторасига олти ўйинда ғалаба қозониб, «Барса»га уч очколик масофада яқинлашиб олганди.

«Барса»да бетоб бўлиб қолган Френки де Йонг майдонга туша олмади. «Челси» билан ўйинда антиқаҳрамонга айланган Роналд Араухо эса ўзига келиб олиш учун таътилга чиқиб кетганди. Натижада ҳимоя марказида Жерар Мартин туширилди – у номинал чап қанот ҳимоячиси, аммо Ҳанси Флик уни ёзги мавсумолди йиғинида марказда ҳам ўйнатганди. «Алавес» билан иккинчи бўлимда туширилган Педри эса бу сафар стартга қайтди.

Диего Симеоне Коке ва Антуан Гризманни захирада қолдирди. Француз соғлом ҳолатда, аммо бу мавсумда асосан жокер ролида.

12-дақиқада «Атлетико» Жонни Кардозони йўқотди: ушбу таянч яримҳимоячиси Дани Олмо билан енгил тўқнашувда жароҳатланди. У ўйинни давом эттириш учун икки бор ҳаракат қилди, аммо якунда ўрнини Кокега бўшатиб беришга мажбур бўлди. Мажбурий ўзгариш меҳмонлар ўйинига таъсир кўрсатмади: ўнг қанот ҳимоячиси Науэл Молина узун пас билан яна ҳимоя чизиғини анча олдинда жойлаштирган Фликни жазолади ва дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетган Алекс Баэна ҳисобни очди.

«Барса» 26-дақиқада мувозанатни тиклади: Педрининг ажойиб голли пасидан кейин Рафиня дарвозабонни алдаб ўтиб, дарвозани ишғол этди.

Шундан кейин «Атлетико» ҳимояга ётиб, қарши ҳужумларда пайт пойлади. «Барса» эса тиғиз ҳимоя чизиғини ёриб ўтишга уринди ва 36-дақиқада Олмо пеналти ишлади.

Роберт Левандовски нуқтага яқинлашди ва тўпни тўсин юқорисидан ўтказиб тепди. Бу «Барса»нинг ла лиганинг бир мавсумида икки пеналтидан фойдалана олмаган илк футболчиси бўлди: у «Севиля» билан ўйинда ҳам 11 метрдан гол уролмаганди ва бу омадсизлик унинг ёзда жамоани тарк этиши ҳақидаги хабарлар фонида бўлмоқда.

Танаффус арафасида эса баҳсли вазият юзага келди: Жерар Мартин яккама-якка вазиятга чиқиб кетаётган Жулиано Симеонени ортдан подкат ишлатиб тўхтатди. Бош ҳакам Бенгоэчеа эса бу эпизодни сўнгги умид фоли деб баҳоламади ва сариқ карточка бериш билан чекланди.

Танаффусдан кейин «Барса» яна ташаббусга эгалик қилди: «Атлетико» қарши ҳужумларга таянди, аммо биринчи голда иш берган трюк такрорланмади. Флик эса тобора кўпроқ рақиб ҳимоясини ёриб ўта бошлади ва 65-дақиқада бу ўз самарасини берди: Левандовски тўп учун курашда ютиб чиқди, Олмо жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Лекин Дани бу эпизодда елкасидан жароҳат олди ва ўйинни давом эттира олмайдиган бўлди.

Флик кўп ўтмай Педри ва Рафиняни ҳам асраш учун захирага олди. Натижада ўйин охирида «Атлетико» кучли босим уюштирди ва мағлубиятдан қутулиб қолиши ҳам мумкин эди. 80-дақиқада Тияго Алмада бўш дарвозани ишғол қилолмади. 90+3-дақиқада эса Антуан Гризманн қанотдан узатилган тўпга яхши зарба бера олмади. 90+6-дақиқада эса рақиб жарима майдонида ёлғиз қолдирилган Ферран Торрес Балденинг узатмасидан кейин учинчи голни урди ва «Камп Ноу»да йиғилган мухлислар енгил тин олишди.

Муҳим ғалабадан кейин каталонияликлар «Реал»дан тўрт очкога (мадридликлар бугун «Атлетик» меҳмони бўлади), «Атлетико»дан олти очкога ўзиб кетди. Энди Флик шогирдларида 2025 йилни ла лига пешқадами сифатида якунлаш учун яхши имконият мавжуд.

● «Барса» сўнгги 5 ўйиндан 4 тасида ғалабага эришди. Ягона мағлубият – «Челси» майдонидаги 0:3 бўлди. ОАВда каталонияликлардаги инқироз ҳақида ёзишаётганди, аммо амалда жамоа барқарор равишда очко тўпламоқда.

● «Барса» «Атлетико»га қарши ўйинларда қаторасига учинчи ғалабага эришди: ўтган мавсумда «Монжиук»да мағлуб бўлишганди, кейин Кубок ўйинида уйда 4:4 ҳисоби қайд этилди, аммо вазият ўнгланди ва қаторасига икки ўйинда ғалаба қозонди – чемпионатда 4:2 ва кубок баҳсида 1:0.

● Диего Симеоне «Камп Ноу»да бирор марта ҳам ғалаба қозона олмаган. 14 йилдирки «Барса» уйини забт этолмайди.

● «Атлетико» етти учрашувдан иборат ғалабали сериясини тўхтатди. Бунгача «Бетис» (2:0), «Севиля» (3:0), «Юнион» (3:1), «Леванте» (3:1), «Хетафе» (1:0), «Интер» (2:1) ва «Овиедо» (2:0) мағлуб этилганди.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид