Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Испанияда кучли старт, Германияда кетма-кет учинчи мағлубият. Европада кун ўйинлари
Европада ЖЧ-2026 саралашида Испания, Германия, Франция ва Португалия каби номдор жамоалар ҳам курашга қўшилмоқда; турклар ғалаба билан бошлади, гуруҳ босқичини олдинроқ бошлаган Қозоғистонда навбатдаги мағлубиятдан кейин имконият янада пасайди. Пайшанба оқшомида Европа саралашида ўтказилган ўйинлар ва гуруҳлардаги вазият.
Фото: Gettyimages.ru/Lars Baron
А гуруҳи
Немислар мағлубият билан бошлади
Словакия – Германия 2:0
Голлар: Ганцко, 42 (1:0). Стрелец, 55 (2:0)
Словакия: Дубравка, Шатка, Шкриняр, Ганцко, Дембер, Лоботка, Дуда (Бенеш, 90), Беро, Сауэр (Боженик, 83), Дюриш (Риго, 66), Стрелец (Тупта, 83)
Германия: Бауманн, Рюдигер, Та, Миттелштедт, Коллинз (Раум, 46), Киммих, Штиллер (Амири, 60), Горецка, Вирц, Гнабри (Адейеми, 66), Волтемаде
Огоҳлантиришлар: Рюдигер, 61. Адейеми, 89. Миттельштедт, 90
Немислар иккинчи дақиқадаёқ бурчак зарбасидан кейин гол ўтказиб юбориши мумкин эди. Словакия бу ўйинда ҳеч бир жабҳада Германиядан ортда қолмасдан, немисларнинг ҳужумларига муносиб қарши ҳужумлар билан жавоб қайтарди. Масалан, Вирцнинг фақат Дубравканинг реакцияси туфайли гол билан якунланмай қолган чиройли рейдидан кейин амалга оширилган жавоб ҳужумида Рюдигер қўпол хатога йўл қўйди. Меҳмонлар фақат Танинг ўзини зарба йўлига ташлаши туфайли голдан қутулиб қолди. Аммо якунда барибир немислар ҳимоясидаги заиф нуқта панд берди. Юлиан Нагелсманн танаффусдаёқ 21 ёшли дебютант Коллинзни захирага олди. Биринчи бўлим давомида унинг қанотида тез-тез таҳликали вазият юзага келганди ва Ҳанцконинг голи ҳам шу қанотдан бошланган ҳужум натижасида урилди. Унга ассистентлик қилган Стрелец эса иккинчи бўлим бошида амалда ўйин тақдирини ҳал қилди.
Аввалига Дубравка Горецканинг хавфли зарбасини қайтарди, жавоб ҳужумида Стрелец финти билан Рюдигернинг бошини айлантириб ташлади ва айланма зарбаси билан тўпни олис «тўққизлик»ка жойлаштирди. Германия миллий жамоаси ўйиннинг 70 фоиз вақтида тўпга эгалик қилишди, аммо бу гол олиб келмади. Братиславадаги ўйин немислар ЖЧ саралашини илк бор мағлубият билан бошлаган ўйин сифатида тарихга кирди. Бундан ташқари, Германия ЖЧ саралашларида сафар ўйинларида 52 ўйин давом этган мағлубиятсиз сериясини тўхтатди.
Германия қаторасига тўртинчи ўйиндирки ғалаба қозона олмаяпти, қаторасига учинчи ўйинда мағлубиятга учради. Мартда италянлар устидан қозонилган 2:1 ҳисобидаги ғалабадан кейин худди шу жамоа билан – 3:3 ўйналди (немислар 3:0 ҳисобида олдинга борган ва бу устунликни бой берганди), кейин эса уч мағлубият қайд этилди: Миллатлар лигасида Португалиядан 1:2 ва Франциядан 0:2, энди эса ФИФА рейтингида 52-ўринда турган жамоадан 0:2 ҳисобида.
Афтидан, Юлиан Нагелсманни олдинда кўп иш кутмоқда.
Люксембург – Шимолий Ирландия 1:3
Голлар: Рид, 7 (0:1). Дардари, 30 (1:1). Ш. Чарлз, 46 (1:2). Девенни, 70 (1:3)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Прайс, 7
Люксембург: Мори, Корац, Махмутович, Карлсон, Янс, Олесен (Дуарте, 89), Морейра (Боржес Саншес, 65), Баррейру, Бонерт (Пинту, 81), Синани, Дардари (Муратович, 81)
Шимолий Ирландия: Пикок-Фаррелл, Макнэйр (Сэвилл, 84), Тоал (Макконвилл, 77), Ҳюм, Гэлбрейт, Макканн, Ш. Чарлз, Девенни, Брэдли (Донли, 77), Рид (Маршалл, 69), Прайс (Д. Чарлз, 84)
Огоҳлантиришлар: Корац, 6. Бонерт, 34. Синани, 45 – Макканн, 18
Четлатиш: Корац 66 (иккинчи сариқ)

7 сентябр. Германия – Шимолий Ирландия, Люксембург – Словакия
E гуруҳи
Барқарор Ойярсабал
Болгария – Испания 0:3
Голлар: Ойярсабал, 5 (0:1). Кукуреля, 30 (0:2). Мерино, 38 (0:3)
Болгария: Вуцов, Димитров, Ценов, Нюрнбергер (Божинов, 62), Недялков, Панайотов (Петков, 46), Груев, Чочев (Миланов, 81), Кирилов (Минчев, 72), Минков, Колев (Николов, 71)
Испания: Симон, Ле Норман (Кубарси, 46), Ҳаусен, Кукуреля, Порро (Карваҳал, 62), Субименди (Родри, 62), Педри, Мерино, Уилямс (Олмо, 71), Ямал (Родригес, 79), Ойярсабал
Огоҳлантириш: Ле Норман, 39
Европанинг амалдаги чемпионлари саралаш циклини жуда кучли бошлаб, сафардаги ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ болгарлар дарвозасига учта гол йўллади. Испаниянинг 2025 йилдаги энг сермаҳсул футболчиси Ойярсабал (4+2) 5-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Унинг «Реал Соседад»даги собиқ жамоадоши, шу ёзда «Арсенал»га ўтган Субименди уни голли пас билан таъминлади. Кейин эса Ямал катта саҳнага чиқди. У ўзи гол урмади, лекин барча голларда иштирок этди. Биринчи гол ҳам унинг қанотида бошланган ҳужум якунида урилганди, бўлим ўрталаридан ўтганда Ламиннинг узатмасидан кейин Кукуреля тўпни дарвозага михлаб қўйди, бироз ўтиб у бурчакдан оширган тўпни «Реал Соседад»дан «Арсенал»га ўтган яна бир футболчи Мерино ўз услубида тўрга жойлади. Шундан кейин Луис де ла Фуэнте шогирдлари икки кундан кейин Туркияда кечадиган ўйин учун куч тежаш мақсадида тежамкор режимда ўйнашга ўтди, аммо шундан кейин ҳам мезбонлар дарвозаси олдида кетма-кет хавфли вазиятлар яратилди (Меринонинг яна бир зарбаси дарвоза тўсинига борди). Пайшанба оқшомидаги эътиборга молик воқеалардан бири «қизил фурия» сафида 19 ёшли Хесус Родригес дебют қилиши бўлди, ўтган мавсумда «Бетис» сафида порлаган ушбу ёш футболчи ёзда 22,5 млн евро эвазига «Комо»га трансфер қилинди.
Гуржистон – Туркия 2:3
Голлар: Мерт Мулдур, 3 (0:1). Карим Оқтуркўғли, 41 (0:2). Карим Оқтуркўғли, 52 (0:3). Давиташвили, 63 (1:3). Кварацхелия, 90+8 (2:3)
Гуржистон: Мамардашвили, Кашия, Гогличидзе, Лочошвили (Азаров, 69), Какабадзе (Гочолеишвили, 85), Кочорашвили, Меквабишвили (Гулиашвили, 81), Давиташвили, Цитаишвили (Гагнидзе, 46), Кварацхелия, Микаутадзе
Туркия: Угуржан Чақир, Мерих Демирал, Абдулкарим Бардакчи, Эрен Элмали, Мерт Мулдур, Ҳоқон Чалхонўғли, Исмаил Юкшек (Орхон Кўкчи, 46), Арда Гулер (Ирфан Қаҳвачи, 86), Кенан Йилдиз (Ферди Кадиўғли, 79), Юнус Оқгун (Бариш Йилмаз, 66), Карим Оқтуркўғли (Оғуз Ойдин, 66)
Огоҳлантиришлар: Лочошвили, 39. Какабадзе, 40. Кочорашвили, 73. Микаутадзе, 90 – Исмаил Юкшек, 21. Кенан Йилдиз, 74. Ҳоқон Чалхонўғли, 90
Четлатиш: Бариш Йилмаз, 71
Гуржистон ва Туркия мухлисларни голларга бой футбол билан хушнуд этишди. Мезбонлар иккинчи бўлим бошига келиб 0:3 ҳисобида ортда қолаётганди. Мерт Мулдур 3-дақиқадаёқ бурчакдан оширилган тўпни дарвозага йўллаб ҳисобни очганди, кейин эса Карим Оқтуркўғли дублни расмийлаштирди. Иккинчи бўлим давомида мезбонлар камбэк амалга оширишига сал қолди – аввалига Зурико Давиташвили ҳисобни қисқартирди. У майдон марказида ҳужумни бошлаб берди ва жамоадошининг зарбасидан кейин устундан қайтган тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Бироз ўтиб турклар ҳужумчиси Бариш Йилмаш майдонга тушганидан беш дақиқа ўтиб рақиб оёғига бутсасининг остки қисми билан тепиб, қизил карточка олиши гуржистонликларнинг ишини осонлаштирди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Хвича Кварацхелия ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди, аммо Вилли Саниёл шогирдлари учинчи голни ура олишмади. Ҳакам томонидан қўшиб берилган 11-дақиқада Давиташвили йўллаган кучли зарбани дарвозабон қайтариб қолди.

7 сентябр. Гуржистон – Болгария, Туркия – Испания
G гуруҳи
Голландларда илк йўқотиш
Нидерландия – Полша 1:1
Голлар: Дюмфрис, 28 (1:0). Кэш, 80 (1:1)
Нидерландия: Вербрюгген, ван Ҳекке (де Врей, 87), ван Дейк, ван де Вен, Дюмфрис, Рейндерс (Тимбер, 83), де Йонг (Клюйверт, 83), Гравенберҳ, Гакпо, Симонс (Вегҳорст, 78), Депай (Мален, 78)
Полша: Скорупски, Висневски (Кендзера, 83), Беднарек, Кивер, Кэш, Зелински (Капустка, 71), Слиш, Шимански (Гросицки, 71), Залевски (Вшолек, 71), Камински, Левандовски (Свидерски, 63)
Танаффус арафасида Роналд Куман табассумини яшира олмаётганди. Унинг июн ойидаги икки ўйинда жавобсиз ўнта гол урган шогирдлари бу сафар Полшани ҳам мағлуб этаётганди. Биринчи бўлим ўрталарида тўпурар ҳимоячи Дюмфрис Депай амалга оширган бурчак зарбасидан кейин бош билан аниқ зарба йўллади. Полякларга эса Левандовскининг жамоага қайтиши айтарли ёрдам бермади. У бош мураббий Михал Пробеж билан баҳслашиб қолганидан кейин сардорлик боғичидан маҳрум этилган ва жамоага чақирилмай қўйганди. Аммо ёздаги муваффақиятсиз ўйинлардан кейин мураббий истеъфога чиқди, янги бош мураббий Ян Урбан эса жамоа тўпурарини сафга қайтарди.
Танаффусдан кейин эса «тўқсариқранглилар» куладиган ҳолатда эмасди. Мезбонлар ҳисобдаги устунликни сақлашда давом этишди ва иккинчи гол вақт масаласи бўлиб кўринаётганди. Меҳмонлар эса етакчиларини алмаштирди — жароҳатдан кейин формасини тўлиқ тикламаган Левандовски, Зелински ва Шимански захирага олинди. Шунга қарамай, Полша Кэшнинг маҳорати эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди. Ушбу ҳимоячининг зарбаси «тўққизлик»ка аниқ борди. Нидерландиянинг саралаш босқичидаги илк очко йўқотишидан кейин гуруҳда учта жамоадаги очколар сони бир хил - 7 тадан бўлиб турибди, лекин Нидерландиянинг захирада бир ўйини бор, поляклар ва финнларда эса ўзаро ўйин кутмоқда – улардан қайси биридир (ёки иккиси ҳам) очко йўқотиши муқаррар.
Литва – Малта
Голлар: Сатариано, 83 (0:1). Гинейтис, 90+7 – пеналти (1:1)
Литва: Гертмонас, Уткус, Гирдвайнис, Тутишкинас, Упстас (Калинаускас, 68), Воробев (Янсонас, 76), Сиргедас (Голубикас, 68), Гинейтис, Должников (Янкаускас, 46), Ласицкас, Паулаускас
Малта: Бонелло, Шоу, Пепе, Бирман (Корбалан, 46), Мускат, Пайбер (Греч, 64), Сатариано, П. Мбонг (Оверенд, 74), Шуареф, Д. Мбонг (Жонс, 74), Кардона (Аццопарди, 86)
Огоҳлантиришлар: Тутишкинас, 35. Должников, 45. Воробев, 48. Уткус, 65 – Сатариано, 12. П. Мбонг, 26. Шоу, 43. Бирман, 45. Мускат, 90. Греч, 90
Четлатишлар: Аццопарди, 90. Уткус, 90 (иккинчи сариқ)

7 сентябр. Литва – Нидерландия, Полша – Финландия
Қозоғистоннинг имконияти пасаймоқда
Қозоғистон – Уэлс 0:1
Гол: Мур, 24 (0:1)
Қозоғистон: Анарбеков, Малий, Алип (Жаксибаев, 81), Қосим, Оразов (Мужиков, 86), Касабулат, Вороговский, Каиров, Кенжебек (Чесноков, 65), Сатпаев (Омиртаев, 87), Самородов (Жумат, 86)
Уэлс: Дарлоу, Дэвис, Лоулор, Мефам (Кабанго, 86), Уилсон, Каллен (Ж. Жеймс, 77), Шихан, Уилямс, Томас (Брукс, 77), Жонсон (Д. Жеймс, 65), Мур (Ҳаррис, 65)
Огоҳлантиришлар: Малий, 80 – Уилямс, 90
«Қайрат» Чемпионлар лигасига чиқиши ортидан Қозоғистонда яна бир байрам бўлмайдиган бўлди, ҳолбуки иккинчи бўлим давомида мезбонлар камида бир очкога лойиқ ўйин кўрсатишганди. Биргина Кенжебекнинг ўзида учта хавфли вазият бўлди, унинг зарбаларидан бири тўсинга тегди. Мезбонларда вазиятлар етарлича эди, лекин Самородовнинг яқин бурчакка йўллаган зарбасини ҳам дарвозабон қайтариб қолди. Ўйинга қўшиб берилган олтинчи дақиқада эса Мужиковнинг жаримадан йўллаган кучли зарбаси устунга борди. Остонада ўтган ўйин тақдирини меҳмонлар биринчи бўлим ўрталарида стандарт вазиятдан урган ягона гол ҳал қилди, «Селтик»ка қарши ўйин қаҳрамони Анарбеков Калленнинг мураккаб зарбасини қайтарганди, аммо ҳимоячилар шу куни миллий жамоада дебют қилган дарвозабонга ёрдам бермади ва Мур қайтган тўпни дарвозага киритишига қаршилик кўрсатишмади. Пайшанба оқшомида «аждарлар» сафида юбилей 50-ўйинини ўтказган тажрибали форвард Уэлс гуруҳда биринчи ўринга олиб чиқди. Ўйин давомида 14 бор зарба йўллаганига қарамай, бирорта гол уролмаган Қозоғистон эса учинчи мағлубиятини қабул қилди ва энди иккинчи ўриндаги жамоадан беш очкога ортда қолмоқда.
Лихтенштейн – Белгия 0:6
Голлар: Де Кейпер, 29 (0:1). Тилеманс, 46 (0:2). Теат, 60 (0:3). Де Брюйне, 62 (0:4). Тилеманс, 70 – пеналти (0:5). Фофана, 90+1 (0:6)
Лихтенштейн: Бюҳел, Трабер, Хофер, Малин, Зеле (А. Хаслер, 63), Люхингер (Ф. Волфингер, 84), Н. Хаслер (Цюнд, 84), Геппел, С. Волфингер (Майер, 76), Люк-Нотаро, Саглам (Пицци, 63)
Белгия: Куртуа, Дебаст, Теат, Де Кейпер (Кастан, 67), Мене (Морейра, 79), Тилеманс, Ванакен, Де Брейне (Троссар, 67), Доку (Де Кетеларе, 61), Фофана, Опенда (Салемакерс, 61)
Огоҳлантиришлар: С. Волфингер, 16. А. Хаслер, 69
Гуруҳ жадвалида ҳозирча учинчи ўринда турган Белгия (жамоа иштирокини фақат ёзда бошлаган ва камроқ ўйин ўтказган) эса аутсайдарга қарши ўйинда ҳеч қандай муаммога учрамади. Лихтенштейн биринчи бўлимда муносиб қаршилик кўрсатди ва биргина гол ўтказиш билан чекланди, аммо иккинчи бўлимда мезбонлар ҳимояси пароканда бўлиб кетди. Юри Тилеманс дубл расмийлаштирди. Биринчи голни олис масофадан ажойиб зарба йўллаб, иккинчисини пеналтини аниқ ижро этиш орқали урди. Шу куни Тибо Куртуа ва Кевин Де Брюйне майдонда эканига қарамай, айнан Юри сардорлик боғичида жамоани бошлаб тушганди. Шу ёзда АПЛга ўтган Максим Де Кюйпер эса «гол+пас» бўйича 2 (1+1) очко ишлади. Ўйинга якуний нуқтани «Лион»да мавсумни кучли бошлаган 20 ёшли Фофана қўйди – 6:0.

7 сентябр. Қозоғистон – Лихтенштейн, Белгия – Шимолий Ирландия.
Мавзуга оид
17:58 / 23.12.2025
Ўзбекистон миллий жамоаси Канадага қарши ўртоқлик ўйини ўтказади
21:08 / 17.12.2025
ФИФА Ўзбекистон миллий жамоасига камида 10,5 млн доллар тўлайди
18:50 / 12.12.2025
ФИФА ЖЧ-2026 чипталарининг қиммат нархи туфайли «улкан хиёнат»да айбланди
23:23 / 11.12.2025