Дунёдаги футбол мухлислари ЖЧ-2026 чипталари нархидан норози. Мухлислар Халқаро футбол федерациясини (ФИФА) чипта сотиш сиёсатини қайта кўриб чиқишга чақирмоқда. Бу ҳақда Euronews ёзди.
Футбол мухлислари 11 декабр куни жаҳон чемпионати чипталари нархи маълум бўлгач, ФИФА ташкилотини «улкан хиёнат»да айблади. ФИФА миллий ассоциацияларга ўз жамоаси иштирокидаги ўйинлар учун чипталарнинг 8 фоизини «энг содиқ мухлисларга» сотиш учун ажратади.
Германия футбол федерацияси томонидан эълон қилинган рўйхатда гуруҳ босқичининг турли ўйинларига чипталар нархи 180 доллардан 700 долларгача белгиланган. Финал чиптасининг энг арзон нархи 4185 долларни, энг қиммат нархи эса 8680 долларни ташкил этади.
Гуруҳ босқичидаги бу нархлар ФИФА томонидан 60 долларлик чипта ҳақидаги баёнотлардан кескин фарқ қилади. 7 йил олдин турнирга мезбонлик қилиш учун ариза берган АҚШ футбол расмийлари гуруҳ босқичида 21 долларлик юз минглаб чипталарни эълон қилган эди.
Football Supporters Europe (FSE) мухлислар ташкилоти ҳозирги нархларни «товламачилик» деб атади.
«Бу жаҳон чемпионати анъаналарига хиёнат қилиш, мухлисларнинг ушбу томошага қўшган ҳиссасини эътиборсиз қолдиришдир», дейилади ташкилот баёнотида.
Сентябр ойида ФИФА сайтида сотиладиган чипталар нархи гуруҳ босқичи ўйинлари учун 60 доллардан финал учун 6730 долларгача бўлиши маълум қилинган эди. Аммо бу нархлар ўзгариши мумкин, чунки футбол бўйича жаҳон чемпионатида биринчи марта динамик нархлар (талабга қараб) қўлланади.
ФИФА чипталари тўртта тоифада сотилади, энг яхши ўринлар 1-тоифага киради. Германия футбол федерацияси томонидан эълон қилинган нархлар рўйхатида атиги учта тоифа бор. Германия терма жамоасининг Ҳюстондаги Кюрасаога қарши гуруҳ босқичи биринчи ўйинига энг арзон чипта нархи 180 доллар. Яримфиналнинг энг арзон нархи 920 доллар, максимал нархи эса 1125 доллар эди.
FSE ФИФА ташкилотини «Жаҳон чемпионатининг анъаналари, универсаллиги ва маданий аҳамиятини ҳурмат қиладиган ечим топилмагунча» миллий ассоциациялар орқали чипта сотишни зудлик билан тўхтатишга чақирди.
11 декабр куни ФИФА чипталар сотувишнинг учинчи босқичини бошлади ва энди мухлислар илк бор «Тасодифий танлов қуръаси» ёрдамида муайян ўйинларга ариза топшириши мумкин.









