Жаҳон | 08:32 / 02.12.2025
7920
4 дақиқада ўқилади

РФ Покровск ва Волчанскни эгаллаганини билдирди, Украина буни рад этди

Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи РФ президенти Владимир Путинга Покровск ва Волчанск устидан назорат ўрнатилгани ҳақида ҳисобот берди. Киевда эса Россия армияси олға силжишга эришганига қарамай, ушбу аҳоли пунктлари учун жанглар давом этаётгани айтилмоқда.

Фото: Libkos/Getty Images

Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Россия қўшинлари Украинадаги Донецк ва Харкив вилоятларида жойлашган Покровск ва Волчанск шаҳарларини эгаллаганини маълум қилди. У бу ҳақда 30 ноябр куни Украинада уруш олиб бораётган Россия Федерацияси қўшинларининг бирлашган гуруҳи бошқарув пунктларидан бирига Путин ташрифи чоғида унга ҳисобот берди. Герасимовнинг Путинга берган ҳисоботи ҳақидаги маълумотни душанба, 1 декабр куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков тарқатди.

Кремл сайтида хабар қилинишича, “Марказ” ва “Шарқ” ҳарбий гуруҳлари қўмондонлари — Валерий Солодчук ва Андрей Иванаев Россия президентига Донецк вилоятидаги Мирноград шаҳрининг жанубий қисми устидан назорат ўрнатилгани ва Запорижжя вилоятида жойлашган Гуляйполе шаҳрини эгаллаш бўйича операция бошлангани ҳақида ҳам маълумот берган.

Шу билан бирга, Украина Қуролли кучлари Бош штаби кундалик кечки ҳисоботида Покровск йўналишида жанглар ҳануз давом этаётганини маълум қилди.

«Кун давомида Покровск йўналишида тажовузкор Новое Шахово, Дорожное, Никаноровка, Белицкое, Шахово, Родинское, Мирноград, Новоэкономическое, Ровно, Покровск, Зверовое, Котлино, Удачное, Молодецкое, Новоподгородное, Филия аҳоли пунктлари яқинида ва Гришино аҳоли пункти йўналишида 49 марта ҳужумкор ҳаракатлар амалга оширди. Ҳозирда жанглар бешта локацияда давом этмоқда», — дейилади Украина қўмондонлиги хабарида.

Ҳисоботда, шунингдек, Волчанск яқинидаги жанглар ҳам тилга олинган. Украина Бош штаби ҳисоботида ҚҚ бўлинмалари янги позицияларга чекингани ҳақида сўз юритилмаган.

Украина президенти Володимир Зеленский 1 декабр куни кечқурун Парижда Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашув натижалари бўйича сўзлар экан, Покровск ва Волчанск эгаллаб олингани ҳақидаги маълумотларни рад этди. Шу билан бирга, у Покровскдаги ва бошқа йўналишлардаги вазият «ҳануз оғирлигича қолаётганини» таъкидлади.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши ҳузуридаги Дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко Россия томонининг ушбу аҳоли пунктлари устидан назорат ўрнатилгани ҳақидаги баёнотларини ғарб аудиторияси учун «дипломатияда ставкаларни ошириш» деб атади. Коваленкога кўра, Волчанск ҳанузгача Украина Қуролли Кучлари назоратида, худди шундай тарзда, Герасимов аввал Путинга эгаллангани ҳақида ҳисобот берган Харкив вилоятидаги Купянск шаҳри ҳам Украина томони назоратида қолмоқда.

Фронт чизиғи ўзгаришларини кузатиб борадиган OSINT-лойиҳалар харитасида ҳам Волчанск, ҳам Покровск ҳали Россия армияси томонидан тўлиқ эгалланган деб кўрсатилмаган. Шу билан бирга, DeepState Украина OSINT-лойиҳаси олдинроқ Россия қўшинларининг Украина ҳудудини босиб олиш суръатлари тезлашгани ҳақида хабар берган эди. Унинг маълумотларига кўра, ноябр бошларидаги тўлиқ бўлмаган бир ҳафта ичида Россия Қуролли Кучлари Украинада 134 квадрат километр ҳудудни эгаллаган — бу октябр ойидаги кўрсаткичдан икки баробар кўп.

Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) баҳосига кўра, айниқса Покровск яқинида Россия қўшинларининг илгарилаши нуқтаи назаридан, фронтдаги вазият шаклланишига асосий таъсирни Россиянинг Украина армияси логистикасига қарши ойлар давомида дронлар ёрдамида олиб борган кампанияси кўрсатган. ISW'нинг 15 ноябр кунги ҳисоботида таъкидланишича, бутун фронт бўйлаб, айниқса Покровск ва Гуляйполе йўналишларида Россия армияси муваффақиятига ҳаво шароити — туман ва ёғингарчилик ҳам ёрдам берган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид