Жамият | 11:21 / 22.04.2021
17617
8 дақиқада ўқилади

Ўриклар яна гуллади — Фарғонадаги Саховат уйига келиб қолган Нуриддин ота ҳикояси

Фарғонадаги саховат уйида ўрик яна гуллади. Нуриддин тоға бу масканга келгандан буён ҳовлидаги ўрикларнинг 20-марта гуллаши. У Саховат уйига келган йилиёқ шу ниҳолларни экканди.

Отахон ҳар йили ўрик гуллаганида ҳовлига чиқиб, кўклам нафаси уфуриб турган ҳаводан тўйгунча симиради, ўрик гулини тўйиб-тўйиб ҳидлайди...

У оппоқ рангга бурканган ўрик гулларини кўрганида болалиги, туғилиб ўсган қишлоғи, ота-онаси эсга тушади. Довуччалар териб еб, кўча чангитиб юрган болалик дамлари кўз ўнгида гавдаланади.

Ҳовуздаги балиқ

2001 йил. Нуриддин тоға ўшанда Наманган шаҳридаги Саховат уйида эди. Кунларнинг бирида яқин дўсти унинг қўлига журнал тутқазди. Журналда Фарғона шаҳридаги Саховат уйи саҳнидаги ҳовузда боқилаётган балиқлар ҳақида ҳикоя қилинган эди. Энди у ҳар дам Фарғонадаги Саховат уйи ҳақида ўйлар, журналда кўрган балиқларни ўз кўзи билан кўргиси келарди...

У ниятига етди — киндик қони тўкилган шаҳарни тарк этиб, Фарғонага келди. Саховат уйига кириб энг биринчи қилган иши ҳовлидаги балиқларни кўриш бўлди. У энди бу ердан Наманганга қайтиб кетгиси келмас, Фарғонада бир умр қолишни ич-ичидан истар эди.

Нуриддин тоға Саховат уйи раҳбарига ёшлигида кўп йиллар агроном бўлиб ишлагани, қўлидан боғбонлик келишини айтганида, директор уни дарҳол боғбонликка олиб қолди. У энди бу ерда яшаб, ҳовлидаги гулзор ва дарахтларни парвариш қила бошлади. Энг асосийси, ҳовуздаги балиқларга ҳар куни кўзи тушар эди...

Болалик дамлари...

1941 йил Сталинградда жанг қилган отасидан қорахат келади. Отаси вафотидан сўнг, онаси турмушга чиқиб кетади. Нуриддин тоға оилада тўнғич фарзанд бўлиб, ундан кейин синглиси бор эди. Она синглисини ўзи билан бирга олиб кетганидан кейин у бобоси қўлида тарбияланди.

Фарғона Саховат уйига келиши...

У Маҳмуджон деган тожикистонлик дўсти билан балиқларга қизиқиб, Фарғонага келиб қолганини айтиб берди.

«Бу ерда Клара Қосимова деган бош врачга дуч келдик. У бизни Саховат уйи директори билан юзлаштирди. Мен директорга Саховат уйига боғбонлик қилиш учун келганимни айтдим.

2001 йил 27 июн куни Фарғонага бутунлай келдим. 10-бўлимга жойлашдим. Орадан 7 кун ўтиб, боғбонликка киришиб кетдим. Арра, болта, кетмон каби иш қуроллари қилиб беришди...»

Оиласи

«1937 йилда Наманган туманидаги Тошбулоқ қишлоғида туғилганман. Урушда отамдан қорахат келгач, онам Тожимастон ая турмушга чиқиб кетди. Бобом мени ўзи билан олиб қолди. Синглим Кимёхон онам билан бирга кетган. Онам бошқа турмушдан 2 қиз ва 1 ўғил фарзанд кўрди. Кейинчалик улғайиб онамни топиб бориб, унга уй олиб берганман. Чунки онамнинг кейинги оиласидаги ҳолати яхши эмас экан. Онам узоқ яшади, 117 йил умр кўрди...

Бобом Маматқул билан бирга яшаб юрдим. Ўқишларни битирдим. Пахта заводда ишладим. Қишлоқда мени «ёзувчи» деб аташарди. Чунки ноҳақликларни кўриб чидаб тура олмай, фельетон ёзардим. Бунинг орқасидан кўчаларда калтак еган кунларим ҳам бўлган...», дейди отахон.

Мухбирлик...

«Маматқул бобом мактабга бормасимдан аввал менга ҳарфларни танитган эди. Шу сабаб мактабда қийналмай ўқидим. Дадамнинг оналари ҳам ўқимишли аёл бўлганлар.

Қишлоқ хўжалиги техникумида ўқидим. Кейин эса Наманганда университетнинг сиёсатшунослик факультетида таҳсил олдим. 1958 йил ўқишни тамомлаб, 2 йил «Победа», «Дмитров» колхозларида агроном бўлиб ишладим. 1961 йилда Наманган шаҳридаги пахта заводда, 1967 йилда Ободонлаштириш бошқармасида фаолият юритдим. 1980 йил гулчилик билан шуғулланиб, 1985 йилда пенсияга чиқдим.

Бобом ҳар замон редакцияга олиб борар эди. Кунларнинг бирида ўқишдан чиқиб, таҳририят биносидан ёнидан ўтиб кетаётсам, бир одам «Нуриддин тўхта, сен Маматқулга ким бўласан?» деб қолди. Унинг невараси эканимни айтганимда мени ўзи билан бирга редакцияга олиб кириб кетди ва таништириб, бу ерга тез-тез келиб туришим кераклигини айтди, ишлаш қоидаларини тушунтирди.

Секин-асталик билан ишга киришиб, кунлар ўтиб мухбирлик қила бошладим. 1958-59-йилларда ўша газетанинг Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларидаги мухбири бўлганман. Ота уруғим Карим ака гаражда 180та машинага назоратчи эди ўша пайтда.

Битта бўш турган Виллис машинасини бериб, «мана шуни миниб юргин, барибир бўш турибди» деди. У машинани устага кўрсатиб тузатиб олдим ва энди Виллисда жойларга бориб мухбирлик қила бошладим. Мухбирлик қилишим учун газетадан менга фотоаппарат ва бошқа керакли жиҳозлар беришди...»

Аҳмаджон Одиловнинг иш фаолиятини ёритиш учун унинг олдига ҳам борганман. Унинг балиқхонаси, отлари ва сурув қўйларини суратга олдим. Тоғ ёнбағрига 2 қаватли қилиб уйлар солиб ташлаган экан. Ҳали-ҳануз кўз ўнгимда. Унинг «Ширин» деган чойхонаси бор эди тепаликда. Шундай қилиб, мухбирлик қилиб юрган пайтимда Аҳмаджон Одилов билан 3 марта учрашганман».

Фарзанд тарбияси

Отахон бўз йигитлигида рўзғор тебратиш учун жуда кўп жойларда ишлаб чиққанини сўзлаб берди.

«Уйланиб, икки ўғил ва икки қизли бўлдим. Машраб боғида директор ўринбосари бўлиб ҳам ишладим. Ундан кейин бошқа ташкилотларда ҳам фаолият олиб бордим. Фарзандларимни ўқитаман, деб етишмовчиликдан қўшимча ишлар ҳам қилиб юрдим. Қурилишларда усталарга лой тайёрлаб берардим. Уйларда электромонтаж, лой, сувоқ ишларини қилиб фарзандларимни ўқитдим.

Бир қизим Москвада ўқиди. Умри қисқа экан, автоҳалокатга учраб вафот этди. Кичик қизим ҳозир Наманганда яшайди. У мендан тез-тез хабар олиб туради. Катта ўғлим Ленинградда ҳарбий соҳага ўқиган эди, ўқишни тамомлаб ўша ерда қолиб кетди. Кичик ўғлим эса оиласи билан Қозон шаҳрида яшайди.

Ўғилларим 5 йилда бир марта келиб кетади Ўзбекистонга. Кичик қизим пенсияга чиққан. Бир ойда бир марта келиб кўриб кетади. 11 ой бўлди, кичик қизимдан чевара кўрдим. Чеварамнинг расми хонамда туради. Расмга термилиб силаб-силаб қўяман. Шу билан кўнглим тасалли топади. Бу ердаги шароитимиз яхши. Давлат томонидан барча шароитлар қилиб қўйилган».

Қариялар уйига келиш сабаби

«1978 йилда хотиним вафот этди. 4 болам билан ёлғиз қолдим, кенжа ўғлим 3 ёш эди. 1980 йилда 56 ёшимда иккинчи марта уйландим. Шундан кейин фарзандларим билан чиқиша олмай қолдим. Оилавий можаролар сабаб, иккинчи хотиним билан ажрашишга мажбур бўлдим. Бу орада катта қизим турмушга чиқиб кетди. Катта ўғлим эса армияга кетди.

Қолган икки фарзандимни ўқитишим керак эди. Оналари ўтиб кетгандан кейин фарзандларимнинг кўнглига қарадим. Уларга қаттиқ гапирмадим. Наманган саховат уйи кейинги манзилим бўлди».

Хотима

Саховат уйи ҳар доимгидек турфа тақдирлар макон топган гўша. Кимдир дераза ойнасидан жуда узоқларга термилган, яна кимлардир эса ҳассага таянганича чуқур ўйга толган.

Нуриддин тоға бир оёғидан ажраб қолганига қарамай, ногиронлар аравасига ўтириб, бир ўзи аравани ҳаракатга келтириб тоза ҳавода сайр қилишни ёқтиради. 20 йиллик қадрдон ўриклари гуллаб таскин ва умид бахш этиб туради.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид