Ислом Каримов тутган кундалик (1-қисм)
Бундан бир неча йил муқаддам Самарқанд шаҳрига, Президентимиз Ислом Абдуғаниевич ўқиган 21-мактабга борган эдим. Мени, Ислом Абдуғаниевичнинг болалик чоғлари қизиқтирар, “Бўладиган бола бошидан маълум” иборасини ишлатиб, ҳаммани лол қолдирувчи мақола ёзсам дердим.
Мактаб Ислом Абдуғаниевич ўқиган пайтлари қандай бўлса, ўша ҳолатда сақланиб қолган, кўҳна ва шинам, стол, стул, доскалар, хоналар ўша ўша, ҳатто Ислом Абдуғаниевич тутган кундалик дафтарлар, иншо дафтарлари, табеллар, биринчи синфдан то юқори синфгача синфдошлар билан тушган суратлар, виньеткалар, бироз сарғайиб, йиллар нуқси урганини айтмаганда ҳаммаси гард юқтирилмай сақланган эди. Кундалик дафтарга қўйилган баҳолар, тўғриси мен умуман кутмаган, мени бу қадар ҳайратга солади деб ўйламаган, яъни ҳаммаси “аъло” – “5” баҳолар эди. Йиллар давомида бирорта “4” олмаслик, назаримда ақлимга сиғмасди.
Ҳайратимни яширолмай, “Ростдан ҳам шундай бўлганми?” деган маънода мактаб директори Сайёра Маликовага юзландим.
— Бу жуда қизиқ, — деди Сайёра опа, — Президентимиз мактабни тугатган 1955 йилда, Самарқанд вилоятига фақат битта олтин медаль келган. Ўша олтин медални Ислом Абдуғаниевич олганлар. Ўша йили вилоятда ўқувчилар ўртасида ўтқазилган олимпиаданинг мутлоқ ғолиби ҳам Ислом Абдуғаниевич бўлганлар. Бундан ҳам қизиғи, Ислом Абдуғаниевични кўп йиллар ўқитган устози, кекса педагог Ҳалим Абдураҳмонов, 1955 йилда Ислом Абдуғаниевичга топширган “Фахрий ёрлиқ” нинг орқасига қолдирган ёзувдир:
“Мен бутун умримни педагогикага бағишладим. Олтмиш йиллик фаолиятим давомида минглаб болаларга устозлик қилдим. Аммо шу йиллар ичида Ислом Каримовдай зукко, ақлли, илмга чанқоқ, дўстларининг меҳру-муҳаббатини қозонган бошқа ўқувчини учрата олмадим. Ислом Каримовга ўнинчи синфни битирув кечасида олтин медаль топширишим, ҳаётимнинг энг саодатли дақиқаларидир!”
1955 йилда олимпиаданинг мутлоқ ғолиби бўлиш, “Олтин медаль” олиш ва кекса педагогнинг бундай олқишига сазовор бўлиш – бу жуда катта бахт ! – дея сўзларди Сайёра Маликова.
( Ислом Каримовнинг болалиги ҳақидаги ҳикояларимизни давом эттирамиз, илоҳо жойлари жаннатдан бўлсин, у киши туфайли нимаики яхшилик кўрган бўлсак, мукофотлашни Оллоҳ таолодан сўраб қоламиз)
Шоир Муҳаммад Исмоил.
Манба: diydoraziz.uz
Мавзуга оид
13:34 / 07.10.2024
Туркияда Ислом Каримов ҳақида китоб нашр қилинди
13:30 / 02.09.2024
Фото: Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди
20:03 / 26.08.2024
Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, қурилиш ишлари билан танишди
22:12 / 14.02.2024