Иқтисодиёт | 09:07 / 26.02.2020
7161
2 дақиқада ўқилади

Январь ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2,9 млрд долларни ташкил этди

Ҳисобот даврида 373,8 млн доллар қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилди

Фото: Валентин Огиренко / Reuters

2020 йил январь ойи якунлари бўйича Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 2,9 млрд долларни ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 251,9 млн. долларга камайди.

Давстатқўм хабарига кўра, ТСАда экспорт ҳажми 1,2 млрд долларга (ўсиш суръати – 4,9 фоиз) ва импорт ҳажми 1,6 млрд долларга (ўсиш суръати – 8,7 фоиз) етди. Ҳисобот даврида - 373,8 млн. доллар қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилди. 

Ўзбекистон жаҳоннинг 129 дан ортиқ мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. ТСАнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой Халқ Республикасида (17,5 фоиз), Россия Федерациясида (16,0 фоиз), Қозоғистонда (7,4 фоиз), Корея Республикасида (6,5 фоиз), Туркияда (5,7 фоиз), Афғонистон (1,7 фоиз) ва Германияда (1,6 фоиз) қайд этилган. 

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор-давлатлар орасидан олтита давлатда фаол ташқи савдо баланси кузатилган, хусусан, Афғонистон (48,3 млн. АҚШ доллари), Туркия (26,9 млн. АҚШ доллари) Тожикистон (18,6 млн. АҚШ доллари), Қирғиз Республикаси (14,3 млн. АҚШ доллари), БАА (4,3 млн. АҚШ доллари) ва Эрон (2,3 млн. АҚШ доллари). Қолган 14 та давлатлар билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда. 

2020 йил январь ойлида ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши 33,7 фоизни ташкил этиб, ташқи савдо айланмасининг ўтган йилга нисбатан ўсиши 9,1 фоизни ташкил этди. 

Мавзуга оид