Ўзбекистон | 13:13 / 06.04.2023
153899
4 дақиқада ўқилади

“Ўлимидан олдин телефонимга хабар жўнатган” – Сергелида вафот этган аёлнинг турмуш ўртоғи

3 апрел кечаси Сергелида ўзини ва уч фарзандини 9-қаватдан ташлаб ҳалок бўлган аёлнинг турмуш ўртоғи унинг руҳий соғлом бўлганлигини, уйидаги ёнғинда унинг қўли бўлмагани ҳақида гапириб берди.

Марҳуманинг турмуш ўртоғи, айни пайтда Умра сафарида бўлган Рафкат Сабитовнинг блогер Олимжон Ҳайдаровга берган интервьюсида айтишича, унинг бошқа оиласи бўлмаган, шаръий ва қонуний никоҳ асосида шу оиласи билан яшаган. Аёлни руҳий ҳолатига таъсир қиладиган расмлар ва видеолар юборилганлиги ҳақидаги миш-мишлар ёлғондан иборат. Фожиадан икки кун аввал у сафарга синфдошлари билан кетган.

 “Оиламда моддий таъминот жиҳатидан ҳеч нарсага муҳтожлиги бўлмаган. 2017 йилдан буён бирга яшаб келаман. Униям, мениям иккинчи турмушимиз бўлган. Қайнонамникида туришининг сабаби - 2022 йилнинг октябр ойида уйимизда ёнғин чиқиб хоналаримиз яшашга нобоп ҳолатда эди. Ўша куни хотиним кичик қизимга сут тайёрлаш учун уйғонганда ёнғинни сезиб бизни уйғотган. Ёнғинда аёлимнинг қўли бўлмаган. Болаларим тутундан димиқиб қолгани учун ўзларига келишига етарли шароит бўлади, деб қайнонамникига олиб бориб қўйдим.

Шундан бери таъминлаб келаяпман. Қайнонам ҳам мени ўз ўғлидай яхши кўрарди. Очиқ-ойдин гаплашардик. Икки ўғлим хусусий боғчага боришарди, уларни ҳар куни ўзим олиб бориб – олиб келардим. Баъзида улгурмай қолсам меникидаям ётиб қолишарди.

Ҳамма нарсани қайнонам билан маслаҳатлашиб қилардим. Албатта, кичкина муаммолар бўлиб турарди ҳамма қатори. Лекин бола талашиш ёки моддий жиҳатдан талашиш, оилавий муаммолар бўлмаган орамизда”. 

Аёлингиз сизни шу даражада қаттиқ рашк қилишига асосли сабаб бўлганми?

“Рашк қилишига ҳеч қандай асос ҳам, сабаб ҳам бўлмаган. Лекин ўта қаттиқ яхши кўрарди, қаттиқ рашк қиларди. Фарзандларимиз туғилишида ҳам кўп синовларни бирга ўтказганмиз. Орада 3-фарзандимиз муддатидан аввал туғилиб нобуд бўлди. Ўшандаям аёлим жуда қаттиқ стрессга кирди. Ўзини бошқара олмайдиган даражада тушкунликка тушиб қолган ҳолатларида бир-биримизга далда бўлдик. Кўп ўтмай қизли бўлдик, 45 кун шифохонада ётишди. Ўшанда анча қийналди, мен ҳам, у ҳам қўлимиздан келганча ҳаракат қилдик. Лекин ўта рашкчи эди. Шулар сабаб бўлдими деб ўйладим, лекин ҳаммасини ўзи билан бирга олиб кетди”.

Хотинингизда руҳий ҳолатида ўзгариш кузатилганми?

“Йўқ, психикасига тааллуқли ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Никоҳдан олдин биргаликда барча тиббий кўриклардан ўтганмиз. Хотиним ҳаётдан завқ олиб яшайдиган қиз эди. Фақат фарзандларимиз кўпайишни бошлагандан кейин шунақа ҳолатлар кўпая бошлади. Орада бироз дам олишини, болаларимизни сал катта қилиб кейин туғишини айтганман. Болаларимизнинг ораси жуда яқин бўлди, туғруқлар қийин кечди. Қийналганидан ҳам стрессга тушиб қолдими деб ўйлаяпман.

Ҳеч қачон аёлимнинг оиласи билан низоли ҳолатлар бўлмаган. Бир-биримизни ҳурмат қиламиз.

Воқеани эшитган куним Ўзбекистонга қайтиб кетишга ҳаракат қилдим, лекин билет топилмади. Афсуски, болаларимни сўнгги манзилга кузатишга улгурмас эканман. Жуда катта йўқотиш бўлди – бир кунда ҳам болаларимни, ҳам аёлимни йўқотдим. Агар ўша ерда бўлганимда бу мусибатни кўтара олмасдим деб ўйлайман”.

Аёлингиз ўлимидан аввал сизга хабар жўнатганми?

“Телефонимга хабар келган. Мен сафарда бўлганим учун келиб, алоқа тиклангунча анча вақт ўтди. Кейин келган хабарни ўқиб шокка тушиб қолдим.

Чунки душанба куни кетган бўлсам, бир кун аввал – якшанба куни ҳамма билан хайрлашиб чиқдим. Фарзандларим билан ҳам кўришиб хайрлашиш учун кирдим. Бу ердаги шароитлар билан танишиб, кейинроқ уларниям олиб келмоқчи эдим. Бунга нима сабаб бўлганини билмайман. Бу фақат Яратганга аён”.

Мавзуга оид