Жамият | 11:40 / 02.02.2020
40882
5 дақиқада ўқилади

Термиз тумани ҳокимлиги халқнинг ҳақини «йиғлатиб» берадими?

Кимгадир қарз бергансиз. Аммо маълум муддат ўтгач сизга ўша пул жуда керак бўляпти. Айтайлик, қарздорнинг ҳурмати бор. Қанча кута оласиз? Аксига олиб, ўша қарзни рўзғорингизни тебратиб турган савдо дўконини сотиш эвазига бериб турган эдингиз...

Термиз тумани «Солиобод» маҳалласидаги бир гуруҳ фуқаролар берган қарзини қайтариб олишни бир неча йиллаб кутишди. Айримлари ҳамон кутишмоқда.

Маълум қилинишича, Термиз тумани ҳокимининг 2014 йил 30 апрелдаги қарори билан «Солиобод» маҳалласидаги савдо дўконлари бузилади. Мақсад — ҳудудларнинг архитектуравий-режалаштириш қиёфасини янада яхшилаш, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектларини жадал ривожлантириш ҳисобига қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини ошириш. Бу яхши албатта. Замон ўзгаряпти, барча объектлар ҳам шунга монанд бўлмоғи керак. Бугун буни тушунмайдиган фуқаро кам топилса керак.

Лекин савдо дўкони замонавий бўлмагани учун бузилишига розилик билдирган Баҳодир Баҳромов товон пулини осонликча ололмайди. Туман ҳокимлиги дўкон эгаларига компенсацияни тўлаб беришдан аввал судлашишни маъқул кўради. Натижада объекти бузилган фуқаролар ойлар, йилларни ҳокимият, суд эшигида ўтказиб юборди.

Буни қарангки, фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди 2016 йилнинг 25 январида ишни дўкондорларнинг фойдасига ҳал қилиб бўлганди. Ушбу қарордан кейин ҳам бир неча марта қовун пишиғи ўтди. Аммо ҳамон ҳокимиятнинг пул бергиси йўқ. 2018 йилнинг 7 февралида ўша суд ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича бекор қилиш ҳақидаги аризани рад қилиш тўғрисида ажрим қабул қилди.

Эътибор қилинг, ушбу ажримгаям икки йил бўлди!

Kun.uz сайтига Баҳодир Баҳромовнинг турмуш ўртоғи Муҳаббат Чориева мурожаат қилиб, суд қарори бўлишига қарамай, бузилган дўкон компенсациясини ололмай юргани ҳақида хабар берди.

Термиз туманида бўлдик. Муҳаббат опа билан суҳбатлашар эканмиз, имкон қадар у кишидан босиқроқ бўлишни илтимос қилдик. М.Чориевани ваъда, алдов ва сарсонгарчиликлар анча ҳолдан тойдирибди.

Мурожаатчи ҳамроҳлигида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Қаландаровнинг фикрини эшитдик.

Шуҳрат Қаландаров вазиятдан яхши хабардор эканини билдирди. Шунингдек, ҳокимлик нафақат «Солиобод» маҳалласи, балки тумандаги жами 13 нафар фуқарога тегишли нотурар бинолар компенсациясини тўлаб бермоқчилигини маълум қилди. Бу ҳақда 2019 йилнинг 28 ноябрида вилоят ҳокими Тўра Боболов номига чиқарилган хатни ҳам илова қилди.

Аммо кутилганидек, бу асос ҳам мурожаатчини қаноатлантирмади. Яна ўзини сарсон қилишлари мумкинлигини айтиб, нолиди.

Шундан сўнг тахминан қанча вақтларда фуқаролар товон пулини олиши мумкинлигини билиш мақсадида туман молия бўлими бошлиғи Ўктам Кўчкинов билан телефон орқали боғландик. Молия бўлими бошлиғи Муҳаббат Чориеванинг компенсация пулини кўпи билан уч кун ичида тўлаб беришини айтди. Суҳбатимизни эшитиб турган Муҳаббат опага бу жавоб маъқул келди.

Буни қарангки, биз бу мурожаатни ўргандик, деб турганимизда яна бир фуқаро бизга алоқага чиқди. Туман ҳокимининг ўша қарори билан Нафиса Исақулованинг онаси Зархол Мирзақуловага тегишли дўкон ҳам бузилишга тушган экан. Компенсация пули 50 403 000 сўм этиб белгиланган.

Дарҳақиқат, ҳоким ўринбосари кўрсатган ўн уч кишилик рўйхатда Зархол Мирзақулованинг (вафот этган) ҳам номига кўзимиз тушганди. Қизи Н.Исақулованинг айтишича, молия бўлими ҳозирча фақат Баҳодир Баҳромовнинг товон пулини тўлаб бермоқчи эканлигини маълум қилибди. Мурожаатчи «Биз яна қачонгача кутамиз, нега ҳаммага бир кўзда қаралмайди?» дея эътироз қилди.

Икки кундан сўнг Муҳаббат опа дўкони эвазига 24 160 000 сўм компенсация пули тўлаб берилганини айтиб, миннатдорчилик билдирди.

Аммо Нафиса Исақулова қўнғироқ қилиб, ҳокимлик вакиллари яна кутиб туришни сўраганидан нолиди.

Иккинчи марта молия бўлими раҳбари Ўктам Кўчкинов билан боғланганимизда, халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги сессиясида компенсация масаласи киритилиши ва шундан сўнг қолган ҳақдорларнинг ҳам товон пули тўлаб берилишини айтди. Шунингдек, 13 кишилик рўйхатдан жами беш кишининг компенсацияси тўлаб берилганини илова қилди.

Очиғи, биз ҳокимлик манфаатига тўғри келса ҳаммаси қоғоздагидек бўлишига, фуқаро манфаати турганда эса «деҳқончасига» ишлашга ўрганиб қолганмиз. Яъни, истасак сессияни кутамиз, истамасак — йўқ. Аммо шунисига ҳам раҳмат.

Гарчи қўпол ўхшатишдир, аммо бу ҳам халқ мақоли: «Бола йиғламаса, она сут бермайди». Ҳокимликнинг хатти-ҳаракати шу нақлни эслатди. Умид қиламизки, Термиз туманида ўз ҳақини ололмаётган бошқа фуқаролари узоқ «йиғламайди»лар.

Исомиддин ПЎЛАТОВ, Kun.uz мухбири.
Фото муаллифи: Фахриддин ҲОТАМОВ

Мавзуга оид