Жаҳон | 20:05 / 18.12.2025
20108
7 дақиқада ўқилади

«Айримлар мигрантлар мавзусини кўпиртириб юборишди». Россиядаги фаоллар Одинцоводаги фожиа айбдорлари ҳақида

Россиядаги сиёсатчилар, давлат ва жамоат арбоблари Москва области Одинцово районида миллатчилик руҳида содир этилган қотиллик юзасидан фикрларини билдиришмоқда. Хусусан, таниқли тележурналист ва блогер Ксения Собчак бу фожиада Россиядаги миллатчи гуруҳларни айблади. «Бунга барчангиз жавобгарсиз... Сизлар ҳам ечилиши керак бўлган улкан муаммосиз», деган у.

Фото: Юрий Кочетков / РИА Новости

16 декабр куни Москва области Одинцово райони Горки-2 посёлкасидаги мактабда даҳшатли қотиллик содир этилди. Тўққизинчи синф ўқувчиси бўлган 15 ёшли Тимофей мактабга пичоқ билан келиб, қўриқчи ва ўқувчиларга ҳужум қилди. Натижада тўртинчи синф ўқувчиси, тожикистонлик Қобилжон Алиев ҳалок бўлди.

Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григоревга «Россия томонидан ушбу фожиали ҳодисани зудлик билан, холис ва беғараз тергов қилиш ҳамда барча алоқадор шахсларни қонунан қатъийлик бўйича жавобгарликка тортиш талаби билан» нота топширилди.

Тожикистон ТИВ Қобилжоннинг ўлдирилишини миллатга нафрат асосидаги қотиллик деб ҳисоблашини маълум қилди, зеро бунга асослар етарли.

Ҳужумдан олдин Тимофей мактабдаги болалардан қайси миллатдан эканини сўраган. Бундан ташқари, Тимофей No Lives Matter (“Ҳеч кимнинг ҳаёти аҳамиятга эга эмас”) ёзуви туширилган футболкада бўлган – ирқчилар бу шиорни Black Lives Matter шиорига жавобан ўйлаб топишган. Бошқа ёзувлар эса Андерс Брейвик томонидан содир этилган теракт, шунингдек АҚШ ва Янги Зеландиядаги мактаблар ва ибодатхоналарга қилинган ҳужумларга ишора қиларди. Бундан ташқари, ҳужумдан олдин Тимофей синфдошларига ўзининг «Менинг ғазабим» деб номланган манифестини юборган, унда мусулмонлар, яҳудийлар, либераллар ва сўлларга қарши фикр билдириб, барча муаммоларда уларни айблаган.

Ушбу фожиа кўпчиликни ларзага солди. Россиядаги қатор сиёсатчилар, давлат ва жамоат арбоблари қотиллик миллатчилик фонида содир этилгани, бундай ҳолатларнинг олдини олиш шартлигини таъкидлашди.

Жумладан, Москва области губернатори Андрей Воробёв бу ҳужумни «даҳшатли, ҳаддан ташқари шафқатсизлик» деб атади.

«Бутун Москва области учун бу ҳақиқий фожиа. Бунга олиб келган барча омилларни таҳлил қилиш ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги учун барча чораларни кўриш керак», – деб ёзди у.  

Журналист Ксения Собчак бундай фожиаларнинг илдизи интернет ёки ўйинларга эмас, балки фарзандларга тарбия бериш ва назорат етишмаслигида эканини таъкидлади.

Собчак шунингдек, Россияда миллатчилик кайфиятидаги гуруҳларнинг таъсири кучайганига эътибор қаратди.

«Нима деяётганини ўйламасдан ҳар куни нафратли тилда ёзаётган “Русская обшчина”, ромлар, жиганлар, уларга ўхшаган тўдалар ва ўнг жамиятлар – уларнинг барчаси ана шу ўсмирдагидек кайфиятнинг қонунийлашишига маълум бир даражада жавобгар.

У ғарблик миллатчиларга ихлос қўйган – бу унинг кийимидан ҳам маълум ва эҳтимол, бу ғояларни Россия интернетидан олмаган.

Лекин миллат ҳақидаги савол ҳам осмондан келиб тушмаган», – деб ёзди у ўз телеграм-каналида. 

Собчак шунингдек, айрим рус телеграм-каналларини миллатчилик қилишда ва миллатлар ўртасида адоват қўзғатишда айблади.

«Ҳатто шу ерда ҳам улар “душман биз эмас, булар” ва “мигрантлар ҳам рус болаларини ўлдиришяпти” деган фикрни сингдиришга уринишмоқда», – дея Россиядаги телеграм-каналлардан биридан олинган скриншотни жойлайди у.

«Ҳа, мигрантлар жиноятчилиги ечилиши керак бўлган катта муаммо. Лекин сизлар ҳам ечиш керак бўлган улкан муаммосизлар»,  – дея сўзини якунлаган журналист.

Давлат думасининг оилани ҳимоя қилиш, оталик, оналик ва болалар масалалари бўйича қўмитаси раҳбари Нина Останина фожиада мактаб маъмуриятини айблади. Унинг сўзларига кўра, ўсмир ўз ғоялари ҳақида ўқитувчисига айтган, лекин бу маълумот директор ва ўқувчининг ота-онасига етиб бормаган.

Сиёсий шарҳловчи Андрей Гусий ҳам мактабдаги ҳужум ўқувчиларнинг миллати ҳақидаги саволдан бошланганига эътибор қаратди.

«Кўп марта айтганман, айрим сиёсатчилар ва ташкилотлар мигрантлар мавзусини ҳаддан ортиқ кўпиртириб юборишди. Улар вазиятни шу даражага олиб келишдики, одамлар Россиядаги халқлар орасидаги фарқни англай олмай, хавфсирайдиган ёки зўравонлик ишлатадиган бўлиб қолишди», – деди у.

«МИГ России» телеграм-канали муаллифлари миллатлар ўртасига адоват солишнинг оқибатлари ёмон бўлишини таъкидлашди.

«Ҳукумат эртами-кечми бу оловни ёққанларни кишанлайди. Лекин буни амалга ошириш қанчалик узоққа чўзиладиган бўлса, бундай фожиаларнинг яна такрорланиш эҳтимоли юқори бўлади», дейилади каналдаги постда.

Минтақавий сиёсатни ривожлантириш маркази бош директори Иля Грашченков эътиборни ўсмирнинг «манифести»га қаратди.

«Бу камолга етмаган ақлнинг сиёсийлаштирилиши қандай бўлишини кўрсатувчи ҳолат. Аввалига миллатни улуғловчи қўшиқ ҳит мақомига чиқади, кейин эса қотил қурбонининг қайси миллатга мансублигини сўрайди», – деб ёзди Грашченков.

Сиёсатшунос Георгий Бовт болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш масаласини кўриб чиқиш вақти келганини қайд этган.

«Миллатчи ўқувчининг „манифест“ тарқатиши ва жиноят содир этиши орасида қанчадир вақт ўтган. Жиноятнинг олдини олиш мумкин эдими?  Назарий жиҳатдан ҳа, лекин қийин – вақт жуда оз бўлган. Балки бу воқеа Австралиядаги каби болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш кераклигини кўриб чиқиш учун сабаб бўлар», – дейди Бовт.

Россия президенти ҳузуридаги фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ва миллатлараро муносабатлар бўйича кенгаш президиуми аъзоси Одинцоводаги воқеани «даҳшатли ҳолат» деб атади.

«У одамларни миллати бўйича ажратиб аллақандай манифест ёзган. Унинг каскасида очиқ-ойдин радикал неонацистик чақириқларни кўриб турибмиз», – деди у.

Броднинг қайд этишича, бу ёшлар орасида радикализмнинг намоён бўлиши билан боғлиқ ягона ҳолат эмас: шу йилнинг январида Раменское шаҳрида бир гуруҳ ўсмирлар «Ҳалол» ва «Самарқанд» кафеларига ўт қўйишган, Оренбургда 8- ва 9-синф ўқувчилари хорижлик талабаларга ҳужум қилишган, март ойида Пермда ўсмирлар лўлиларнинг уйини ёқиб юборишган ва буни видеога олишганди.

Тайёрлаган:  Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид