Қобилжон Алиев. У 10 ёшда эди. Тожикистонлик. Уни Москва областидаги мактабда ўлдиришди. Онаси фаррош бўлиб ишлаган мактабда. Мактабга 15 ёшли ўсмир қуролли ҳужум уюштирди.

Тожикистон Москва областида тожикистонлик бола ўлдирилиши юзасидан Россия элчисини чақиртирди. Жиноят 16 декабр куни Москва области Одинцово райони Горки-2 посёлкасидаги мактабда рўй берди. Шу мактабнинг тўққизинчи синфи ўқувчиси бўлган 15 ёшли Тимофей мактабга пичоқ кўтариб келиб, қўриқчи ва ўқувчиларга ҳужум қилди. Натижада тўртинчи синф ўқувчиси Қобилжон Алиев ҳалок бўлди. Ҳужум уюштирган ўсмир қўлга олинган.

Ҳалок бўлган бола Тожикистондан бўлган, дейилади ушбу мамлакат ташқи ишлар вазирлиги хабарида. Тожикистоннинг Россиядаги элчихонасига марҳумнинг оила аъзолари билан алоқада бўлиб туриш вазифаси қўйилган, РФнинг Тожикистондаги элчиси Семён Григоревга эса «Россия томонидан ушбу фожиали ҳодисани зудлик билан, холис ва беғараз тергов қилиш ҳамда барча алоқадор шахсларни қонунан қатъийлик бўйича жавобгарликка тортиш талаби билан» нота топширилди. Тожикистон ТИВ Қобилжоннинг ўлдирилишини миллатга нафрат асосидаги қотиллик деб ҳисоблашини маълум қилган. 18 декабр куни тонгда Қобилжоннинг тобути Тожикистонга олиб келинди ва Шаҳринав тумани Аджам қишлоғига дафн этилди.

Қобилжоннинг онаси шу мактабда фаррош бўлиб ишлаган. У турмуш ўртоғининг ўлимидан кейин икки фарзандини ёлғиз тарбия қилиб келган – Қобилжон ва унинг эгизагини, у ҳам шу мактабда ўқиган. Маҳаллий телеграм-каналлар ёзишича, ҳужумдан кейин ушбу аёл фарзандларини олиб кетиш учун мактабга келган. Бу вақтда у ҳали ўғилларидан бири ўлдирилганини билмасди. Унга нима бўлганини эшик олдида айтиб беришган.

Тимофейнинг отаси эса хусусий тадбиркор, онаси ҳамшира. Уларнинг иккиси ҳам 2000-йиллар бошида президент администрациясига алоқадор тузилмаларда ишлашган, сўнгги пайтларда оила Горки-2 посёлкасидан тахминан олти километр масофадаги Сосная қишлоғидаги кўп қаватли уйда яшаган. Танишларидан бирининг телефон китобчасига Тимофейнинг контакти «нацист» деб сақланган.

Ҳужумдан олдин Тимофей К. мактабдаги болалардан қайси миллатдан эканини сўраган. Бу унинг ўзи томонидан олинган ва телеграм-каналига жойлаштирган видеосида акс этган. У ўқитувчиси билан турган бошланғич синф ўқувчилари гуруҳи олдига келган ва уларнинг миллатини сўраган, шу вақтда ортдан яқинлашган қўриқчи уни чақирган, у ўгирилиб қўриқчининг юзига баллончикдаги суюқликни сепган ва елкасига пичоқ урган, кейин эса ҳар томонга қочаётган ўқувчилардан бирига етиб олиб, танасининг турли қисмларига устма-уст зарба берган ва ҳаётига зомин бўлган. Шундан сўнг ўз қурбони фонида селфи олган.