Жамият | 12:21 / 18.08.2021
15670
10 дақиқада ўқилади

Уйсизликнинг уч йили – Юнусободда ҳовлиси бузилган оила 3,5 йилдан бери ваъдадан бошқа нарса олмаяпти

Ўзбекистонда “снос” учун компенсация берилмаслиги мавзуси ниҳоятда оғриқли масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Қатор қонунлар, давлат раҳбарининг бевосита кўрсатмаларидан кейин ҳам қуйи бўғинда муаммолар барҳам топгани йўқ. Kun.uz’га мурожаат қилган фуқаронинг айтиб беришича, у ҳокимиятнинг кафолат хатига ишониб, уй-жойини буздирган. Лекин орадан 3,5 йилдан кўпроқ вақт ўтдики, унга на ер, на уй-жой ва на компенсация берилди. Ҳокимият фуқаро фойдасига чиққан суд қарорини ҳам бажармаяпти.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи Саидабуви Жўраевадан келиб тушган мурожаатнинг қисқача мазмуни қуйидагича:

“Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 29 январдаги “Ер майдонида ободонлаштириш ва бузиш ишларини олиб бориш ҳақида”ги 146-сонли ва Юнусобод тумани ҳокимининг 2018 йил 31 январдаги 235-сонли қарорларига асосан, менга тегишли бўлган Юнусобод тумани Янги шаҳар ва Чинобод кўчасида жойлашган 264-сонли уй-жойим бузилиш ҳудудига тушиб, 790 кв.м.ли ҳовлимда 7 хонали уй-жойим бузилди. Бузиш учун туман ҳокими ва тайинланган комиссия келиб, уй-жойим ўрнига Юнусобод тумани, 8-мавзе, Фароғат 1-тор кўчаси бўйлаб, майдони 400 кв.м. бўлган 2-сонли ер участкаси ажратилишини билдирди ва қўшимча квартира ажратиш масаласида Тошкент шаҳар ҳокимидан рухсат олиб бериш ваъда қилинди.

Юқорида айтилган 2-сонли ер участкасини туман ер тузиш ва кадастр ходимлари олиб чиқиб кўрсатишганда у жой менга маъқул бўлди. Шундан сўнг ўғлим, келиним ва уч нафар неварамнинг ҳозирда уй-жойи йўқлиги сабабли қўшимча равишда квартира ажратиш шарти билан юқоридаги ер участкасини олишга розилик аризаси бердим. “Эртага, индинга, шу ҳафта” деган ваъдалар билан орадан 7 ой ўтиб туманга янги ҳоким тайинлангандан сўнггина қарор чиқди.

Лекин бизга туман ер тузиш ва кадастр ходимлари олиб бориб кўрсатган жой эмас, умуман бошқа жой ажратилган экан. Бу ажратилган ер участкаси фақатгина томорқа қилиб, боғ сифатида фойдаланишга ярайди, чунки у ер участкаси кўп қаватли уйнинг шундоққина тагида жойлашган, бир томони пастликка тўғри келиб қолган. Табиийки биз бу ерни олишни рад қилдик. Ўғлим 3 нафар вояга етмаган фарзандлари билан 1 йил давомида ижарада яшади, шундан сўнг туманимиз ҳокими ерга чиқарилган қарорни бекор қилиб, битта 3 хонали ва битта 2 хонали квартира ажратиш бўйича туман мутасаддиларига топшириқ берди.

Квартира ажратиш масаласи 2021 йилнинг 1-чорагига қадар ҳам ҳал бўлмади. Уч йилдан ортиқ давр ичида биз мурожаат қилмаган идора қолмади, десак бўлади. 2018 йил қарор кутиш билан, 2019 йил идора ташкилотларга шикоят аризалари ёзиб, расмий жавоблар олиш ва туман ҳокимиятида тортишувлар билан ўтиб кетди. 2020 йил пандемия ва карантин бўлганини важ қилиб, ишларимиз ечим топмади. Бизнинг хатомиз туман ҳокимлигининг ваъдаларига ишониб, уй-жойимизни бузишларига рози бўлганимиз бўлди, “Олдин бизга беринг, кейин биз берамиз” қабилида иш тутганимизда, уч йилдан ортиқ сарсон-саргардонликда юрмаган бўлар эканмиз.

Шу давр ичида Юнусобод туманида уч марта ҳоким ўзгарди, ҳокимликнинг ҳозирги ходимларининг ҳам аксарияти янги келган. Тумандаги мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳам алмашиб кетганлиги сабабли менинг уйим бузилиши жараёнида қатнашган раҳбар ва ишчи ходимлар, менга ваъда берган инсонлар ҳозир умуман бошқа ишга ўтиб кетган ёки бошқа жойларда. Бугунги кундаги раҳбар ва ишчи ходимлар бу нарсалардан бехабарлиги ишимизни ортга суряпти, керак бўлганда зарур ҳужжатларни топиш, нусха олиш ҳам қийин бўляпти.

2021 йилнинг март ойларида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига бузилган уй-жойимиз эвазига пул кўринишида компенсация ажратилиши бўйича шикоят аризаси топширдик. 2021 йилнинг 17 июнь куни Жавобгар Тошкент шаҳар ҳокимлигидан менинг фойдамга пул кўринишида компенсация ундирилиши тўғрисида 2-1001-2109/5901-сонли ҳал қилув қарори қабул қилинди ва 18 июлда қарор қонуний кучга кирди.

2021 йил 23 июлда суд ижро варағи Чилонзор тумани мажбурий ижро бюросига ижро этиш учун топширилди. Чилонзор МИБ томонидан 2021 йил 26 июлда ижро иши юритиш тўғрисида қарор чиқарилиб, 28 июлда Тошкент шаҳар ҳокимиятига топширилди.

Бугунги кунда ижро ҳужжатлари Тошкент шаҳар Молия бўлимида ижро этилиш жараёнида эканлиги маълум бўлди.

3 (уч) йилдан ортиқроқ вақт сарсон-саргардонликда юриб мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Менинг еримни ҳокимият захирасига олиб, инвесторларга бериб юборган ва ҳозир инвесторлар ерим ўрнида кўп қаватли уй-жойлар қуриб битириш жараёнида. Лекин менга шу кунга қадар бирорта мулк берилмади”.

Фуқарога ҳокимлик томонидан берилган кафолат хати

Энди мурожаатнинг қисқача мазмунини тушуниб оламиз. Анча юмшоқлик билан ёзилган дард шундаки, фуқаронинг уй-жойи кафолат хати билан бузиб ташланяпти, орадан 3,5 йил вақт ўтяптики, ўрнига на ер, на бошқа кўчмас мулк ва на компенсация пули берилган. Фуқаронинг ҳуқуқлари шунчалар топталмоқдаки, ҳокимият ҳатто суд қарорини ҳам бажармаяпти. Қизиғи, кафолат хати билан фуқаролар уйини буздирган ҳокимлик аллақачон бу жойларни инвесторларга бериб юборган. Ҳокимлик бу ерларни қандай асосда бергани алоҳида масала, фуқаро инвестор ёнига борса, у бу ишларга умуман алоқаси йўқлиги, қуриб битказиш арафасида бўлган уйлари табиийки бозор нархида пулланишини айтади.

Бузилган уй-жой

Мазкур масала юзасидан Юнусобод тумани ҳокими ўринбосари Ш.Қўчқоров номидан йўлланган жавоб хати таажжубларни янада оширмай қолмайди (мазмунан):  

“Тошкент шаҳар ва Юнусобод тумани ҳокимининг 2018 йил 26 октябрдаги тегишли қарорларига асосан сизга ва оила аъзоларингизга Юнусобод тумани, 8-мавзе, Фароғат 1-тор кўчаси бўйлаб, майдони 400 кв.м. 2-сонли ер участкаси ажратиб берилган. Ушбу ер участкаси сизга ва оила аъзоларингизга маъқул бўлмаганлиги сабабли, 2019 йил 22 январда Юнусобод тумани ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилиб рад қилгансиз.

Сизга ва оила аъзоларингизга ажратилган ер участкаси бекор қилинганлиги муносабати билан, ўрнига ўрин 1та 3 хонали ва 1та 2 хонали квартира ажратилиши тўғрисида мурожаат қилганлигингизни инобатга олиб, 2019 йил 17 июлда сизга ва оила аъзоларингизга Юнусобод тумани, 13 мавзе, 164 уйнинг (3 хонали) 19-хонадони ажратилган.

Бугунги кунга мазкур турар жой қурувчи инвестор томонидан туман ҳокимиятига тўлиқ топширилмаганлиги сабабли, мазкур хонадонни сизнинг номингизга расмийлаштириб беришнинг имкони бўлмаган. Сиз 2021 йил 10 август куни Юнусобод тумани ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилиб, ушбу ажратилган хонадонни туман ҳокимлигига қайтариб топширишни билдиргансиз.

Юқоридагиларни инобатга олиб, 2021 йил 11 август ҳолатига, сизга бузилган уй-жойингиз эвазига мол-мулк кўринишида ёки бошқа турдаги компенсация тўловлари амалга оширилмаганлигини маълум қиламиз”.

Ер масаласи юқорида тушунтирилди – фуқаро бир ерни кўрсатиб, кейинчалик бошқаси таклиф қилингани учун рад этган. Ўрнига берилиши керак бўлган иккита квартира бўйича жавобга эътибор беринг – “уй тайёр эмаслиги учун биз сизга бермадик, сиз биз бермаган (!) уйни рад қилдингиз ва хонадонларни қайтариб (!) топширдингиз. Шунинг учун бугунги кунда сизга на уй, на пул берилди.

Қалай, бунга ҳам қойилмисиз?

Юнусобод тумани ҳокимлиги йўллаган жавоб хати

Масалага узил-кесил ечим бўлиши лозим бўлган суд қарорига асосан ундирув тақдири билан қизиқдик. Сабаби, мазкур ишда ҳам уй бузилганига ва фуқаро ҳуқуқлари поймол бўлганига 3,5 йил, суд қарори чиққанига 2 ой, қонуний кучга кирганига 40 кун бўлган.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судининг қарори

Бош прокуратура Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси билан боғландик ва қуйидаги жавобни олдик.

“17.08.2021 йил ҳолатига маълумотнома:

Мажбурий ижро бюроси Чилонзор тумани бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 17.06.2021 йилдаги 2-1001-2109/5901-сонли ижро варақасига асосан қарздор Тошкент шаҳар ҳокимлигидан солидар тартибда ундирувчи Жўраева Саидабуви фойдасига компенсация тариқасида 1 млрд 687 млн сўм ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати 26.07.2021 йил куни келиб тушиб, ижро иши юритиш қўзғатилган ва ижро ҳужжатини ижросини ихтиёрий равишда бажариш учун 10 кунлик муддат берилиб, Тошкент шаҳар ҳокимиятига топширилган. Ҳозирда ижро ҳаракатлари давом этмоқда”, – дейилади МИБ Чилонзор туман бўлими маълумотномасида.

Шу билан бирга, бошқарма берган маълумотларда “Иш юритувида Тошкент шаҳар ҳокимиятидан ундирув билан билан боғлиқ 107 млрд сўмлик 200дан ортиқ ижро ҳужжатлари мавжуд бўлиб, ҳозир ушбу ижро ҳужжатлари бўйича ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, компенсация пули ва қарз суммаси ундириш чоралари кўрилаётгани” айтилган.

“Ҳокимиятга бошқалар каби МИБ портал дастури орқали инкассо қўйиб бўлмайди. Сабаби Тошкент шаҳар ҳокимияти бюджет ташкилоти ҳисобланади”, дейилади унда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги зиммасида бунча қарз тўпланиб қолгани ҳам бежизга эмас. Кўриниб турибдики, фуқаро давлат идораларидан қарздор бўлиб қолса, дарҳол “думини тугиб қўядиган” МИБ давлат идораси фуқародан қарз бўлса “попуги пасайиб қолади”.

Бу масала бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими билан ҳам боғландик ва қисқа муддатларда изоҳ берилиши ҳақида жавоб олдик.

Қиссадан ҳисса шуки, давлат органлари томонидан фуқаро ҳуқуқлари ва қонунни бузиш, берилган кафолатни бажармаслик, масхараомуз жавоблар қайтариш ва энг муҳими – суд қарорини ҳам писанд қилмаслик бугунги ҳолатнинг якуний хулосаси бўла олади. Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, ҳокимият зиммасида каттагина қарз тўпланиб улгурган. МИБнинг эса қўли боғлиқ. Бу иллатли доирада зарар кўрган яна ўша оддий одамлар.

Қизиқ, ҳокимият вакиллари уйи бузилганида ҳам шундай бўлармикан?

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид