Иқтисодиёт | 09:44 / 25.05.2018
23905
14 дақиқада ўқилади

Чет эл валютаси қандай ҳолатларда тўловга яроқсиз ҳисобланади?

Фото: iStock

“Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом” лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Низомга кўра, чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш курслари тижорат банклари томонидан чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда белгиланади.

Операцион кун давомида тижорат банки томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш курси ўзгартирилиши мумкин.

Банк томонидан валюта айирбошлаш хизматлари кўрсатиш тижорат банки раҳбарининг буйруғига асосан банкнинг тегишли таркибий бўлинмасига юклатилади.

Таркибий бўлинма томонидан чет эл валютасини резидент жисмоний шахсларга, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларга сотиш халқаро тўлов карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда амалга оширилади.

Таркибий бўлинмада тўлов терминаллари, ҳисоблаш техникаси, тегишли дастурий таъминотга эга “Банклараро ягона электрон тизим”га уланган компьютер техникаси, телефон алоқаси, ёнмайдиган темир сейф, ёнғин хавфсизлиги сигнализацияси ва видеокузатув камералари бўлиши лозим.

Банк раҳбарининг тегишли буйруғисиз таркибий бўлинма ходимлари томонидан ўзларига юклатилган вазифаларни бошқа шахсларга топшириш тақиқланади.

Халқаро пул ўтказмалари бўйича қабул қилинган миллий валютани чет эл валютасига ёки халқаро тўлов карталари орқали тўловлар амалга оширилганда чет эл валютасини миллий валютага автоматик тарзда айирбошлаш операциялари банкнинг тегишли бўлинмаси томонидан амалга оширилади.

Резидент жисмоний шахс чет эл валютасини сотиб олиш учун тижорат банкининг таркибий бўлинма мутахассисига тижорат банки белгилаган шаклдаги ариза ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатини, якка тартибдаги тадбиркор эса қўшимча равишда гувоҳнома тақдим этади ва таркибий бўлинма мутахассиси ҳужжатлардан нусха олади.

Таркибий бўлинма томонидан резидент жисмоний шахсга чет эл валютаси банкнинг чакана амалиётлар кассасига топширилган нақд миллий валюта ёки банк картасидаги ёхуд депозит ҳисобварағидаги миллий валюта миқдори доирасида сотиш операцияси амалга оширилади.

Чет эл валютаси учун тўлов резидент жисмоний шахс томонидан миллий валютада тижорат банкининг операция бажариладиган кундаги сотиш курсида амалга оширилади ва тегишли тасдиқловчи ҳужжатнинг (чек ва бошқа) асл нусхаси мижозга берилади, нусхаси эса кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади.

Чет эл валютаси 09017-шаклдаги маълумотнома ва пул маблағлари тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжати асосида резидент жисмоний шахснинг халқаро тўлов картаси ҳисобварағига ўтказиб берилади.

Резидент жисмоний шахснинг халқаро тўлов картаси мавжуд бўлмаганда, банк ва резидент жисмоний шахс ўртасида чет эл валютасида банк ҳисобварағини очиш тўғрисида икки томонлама шартнома тузилади ҳамда банк томонидан шартномага асосан унинг номига чет эл валютасида банк ҳисобварағи очилади. Шартноманинг бир нусхаси резидент жисмоний шахсга берилади, иккинчи нусхаси эса, кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади. Шартномалар давлат тилида тузилади, зарур ҳолларда, рус ёки қорақалпоқ тилида ҳам тузилиши мумкин.

Жисмоний шахслар – халқаро тўлов карталаридаги маблағларни чакана амалиётлар кассалари, валюта айирбошлаш шохобчасидаги тўлов терминаллари, автоматлаштирилган банк шохобчаси ёки банкоматлар орқали нақд шаклда ечиб олишлари мумкин. Бунда, жисмоний шахсга нақд маблағлар билан бирга тегишли тўлов ҳужжатлари берилади.

Резидент жисмоний шахслар тижорат банкининг махсус дастурдан фойдаланган ҳолда чет эл валютасини сотиб олиш, сотиш ва қонунчиликка мувофиқ бошқа операцияларни амалга оширишлари мумкин.

Бунда, фойдаланувчи махсус дастурни компьютер (планшет, телефон)га юклаб олади ҳамда ундан фойдаланиш шартлари билан боғлиқ афертани акцептлайди.

Тижорат банкининг махсус дастурдан фойдаланган ҳолда валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширишлари учун резидент жисмоний шахс номига банк картаси ва халқаро тўлов картаси очилган бўлиши лозим.

Бунда, муайян тижорат банкининг махсус дастурдан фойдаланилганда, худди шу тижорат банкининг халқаро тўлов картаси фойдаланувчиси номига очилган бўлиши лозим.

Тижорат банкининг автоматлаштирилган банк шохобчаси ҳамда махсус дастур орқали амалга оширилган валюта айирбошлаш операциялари тўғрисида тегишли маълумотларни таркибий бўлинма мутахассиси томонидан кунлик шакллантириб боради.

Валюта айирбошлаш шохобчаси тижорат банк раҳбарининг буйруғига асосан очилади. Валюта айирбошлаш шохобчасини очиш тўғрисидаги буйруқда валюта айирбошлаш шохобчасининг жойлашган жойи (почта манзили), ходимларининг штат бирлиги, шохобча фаолиятига раҳбарлик қилувчи ва уни назорат қилувчи мансабдор шахслар кўрсатилиши керак.

Тижорат банки валюта айирбошлаш шохобчасини рўйхатга олиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тегишли Бош бошқармасига валюта айирбошлаш шохобчасини очиш тўғрисидаги буйруқдан кўчирмани илова қилиб, ёзма равишда мурожаат қилади. Бош бошқарма томонидан 3 иш куни ичида валюта айирбошлаш шохобчаси рўйхатга олиниб, тижорат банкига гувоҳнома юборилади.

Валюта айирбошлаш операцияларини тижорат банкининг чакана амалиётлар кассаларида амалга ошириш мазкур бандда кўрсатилган гувоҳнома мавжуд бўлган ҳолларда рухсат этилади.

Валюта айирбошлаш шохобчалари “Банклар ва уларнинг филиалларини Ички ишлар идоралари ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмалари томонидан қўриқлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома” (рўйхат рақами 2128-хфу, 2010 йил 31 июль) талаблари асосида жиҳозланган бўлиши шарт.

Банк (филиал) ва Ички ишлар ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмалари ўртасида тузилган шартнома асосида валюта айирбошлаш шохобчалари банк иш куни давомида ташвиш хабарлари юбориладиган Техник қўриқлаш пункти (ТҚП)га уланган бўлиши лозим. Шунингдек, валюта айирбошлаш шохобчаларининг қўриқлаш ва ёнғиндан огоҳлантирувчи сигнализация воситалари банк иш куни тугаганидан сўнг, ТҚПга уланган бўлиши шарт.

Валюта айирбошлаш шохобчасининг иш тартиби у фаолият юритаётган ташкилот иш вақти билан келишилиши лозим.

Валюта айирбошлаш шохобчасида қуйидаги операциялар амалга оширилиши мумкин:

жисмоний шахслардан нақд чет эл валютасини нақд миллий валютага сотиб олиш;

норезидент жисмоний шахсларга нақд чет эл валютасини сотиш;

жисмоний шахсларнинг халқаро тўлов карталаридаги чет эл валютасини миллий валютага айирбошлаб бериш;

жисмоний шахсларнинг халқаро тўлов карталаридан нақд пул маблағларни мижознинг хоҳишига кўра миллий ёки чет эл валютасида ечиб бериш;

жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини инкассога қабул қилиш;

ҳақиқийлиги шубҳа туғдирган чет эл валюталарини жисмоний шахслардан экспертизага қабул қилиш;

жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини ўша чет эл валютасига майдалаб ёки йирик пул миқдорида бериш;

жисмоний шахсларнинг шикастланган чет эл валютасини шикастланмаган шу турдаги чет эл валютасига алмаштириб бериш;

жисмоний шахсларга бир хорижий давлатнинг нақд валютасини бошқа хорижий давлатнинг нақд валютасига алмаштириб бериш (конверсия);

Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасида қонун ҳужжатларда белгиланган божхона тўловларини ва йиғимларини қабул қилиши.

Валюта айирбошлаш операциялари бўйича ундириладиган воситачилик ҳақи миқдори тижорат банки томонидан мустақил белгиланади (чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш операциялари бундан мустасно).

Валюта айирбошлаш шохобчасининг назоратчиси:

қимматликлар солинган халтачаларни қабул қилади, уларни очишда иштирок этади ҳамда ундаги қимматликлар кам ёки ортиқ чиққан ҳолларда, икки нусхада далолатнома тузади, ушбу далолатномани кассир билан бирга имзолайди ва унинг бир нусхасини банкка юборади;

айирбошлаш учун тақдим этилган миллий ва чет эл валютаси эквивалентини ҳамда воситачилик ҳақини ҳисоблайди;

амалга оширилган валюта айирбошлаш операцияларини тегишли реестрга қайд этади;

маълумотномаларни тўлдиради ҳамда имзолайди;

амалга оширилган валюта айирбошлаш операциялари бўйича ҳужжатларни иш куни охирида имзолайди;

иш куни охирида қолган қимматликларни дасталари бўйича санаб чиқади ва бу қимматликларнинг дасталари бўйича халталарга тўлиқ солинишини назорат қилади;

амалга оширилган операциялар тўғрисида ҳисобот тузади ва уни тегишли реестрлар ва маълумотномалар нусхалари асосида текшириб чиқиб, имзолайди;

қимматликларнинг амалдаги қолдиқларини амалга оширилган операциялар тўғрисидаги ҳисобот билан солиштиради ва қимматликлар ортиқ ёки кам чиққан ҳолларда, икки нусхада далолатнома тузади ва уни кассир билан бирга имзолайди. Унинг бир нусхаси банкка юборади ва иккинчи нусхаси валюта айирбошлаш шохобчасининг кунлик ҳужжатларига тикиб қўйилади;

шубҳали операциялар ҳақида зудлик билан банкнинг Ички назорат хизматига ёзма равишда хабар беради.

Валюта айирбошлаш шохобчасининг кассири:

қимматликларни олиш учун буюртманомаларни тузиб тижорат банкига тақдим этади;

инкассаторлар олиб келган қимматликлар солинган халталарни қабул қилиб олади ҳамда халталарни назоратчи иштирокида очади ёки тижорат банки кассасидан қимматликларни қабул қилиб, валюта айирбошлаш шохобчасига олиб келади;

алмаштириш учун тақдим этилган банкнотларнинг ҳақиқийлиги ва тўловга яроқлилигини текширади;

реестрлар ва маълумотномаларни, шунингдек назоратчи томонидан тузилган далолатномаларни имзолайди;

иш куни охирида қолган қимматликларни санайди, уларни саралаб дасталайди ва назоратчи кузатувида қимматликларни халталарга жойлайди.

Қуйидагилар тақиқланади:

миллий валютани чет эл валютасига сиртдан алмаштириш;

тегишли маълумотнома бермасдан, валюта айирбошлаш операцияларини кўрсатиш;

валюта айирбошлаш операциясини бажармай туриб, тегишли маълумотномалар бериш;

валюта айирбошлаш шохобчасида чет эл валютасидаги ва энг кам ойлик иш ҳақининг ярмидан ортиқ миқдорда миллий валютадаги шахсий жамғармаларнинг бўлиши.

Валюта айирбошлаш шохобчасида жисмоний шахслардан чет эл валютаси чекланмаган миқдорда сотиб олинади.

Валюта айирбошлаш шохобчаси томонидан амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотлар электрон тизимга киритилиши лозим.

Чет эл валютасини сотиб олишда операция энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорига тенг бўлган ёки ундан ошган ҳолларда, жисмоний шахслардан шахсини тасдиқловчи ҳужжат талаб этилади ҳамда уларнинг нусхаси кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади.

Валюта айирбошлаш шохобчасида шикастланган чет эл валютасини шикастланмаган шу турдаги чет эл валютасига алмаштириб бериш операциялари амалга оширилиши мумкин.

Энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари ёки ундан ошган эквивалентдаги бундай операциялар жисмоний шахслар томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим қилинган ҳолда амалга оширилади.

Чет эл валютаси қуйидаги ҳолларда шикастланган ҳисобланади:

сийқаланган ва ифлосланган бўлса;

ёпиштириб қўйилган йиртилган бурчаклари ёки қисмлари бўлса;

банкнот ёпиштириб қўйилган ва унчалик катта бўлмаган йиртиқларга эга бўлса;

майда мой доғлари ва бошқа доғлар, ёзувлар ва муҳрлар ўрни бўлганда ва улар банкнотнинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган ва тўловга яроқлиликнинг асосий белгиларини 50 фоизидан ортиғини тўсиб қўймаган бўлса;

банкнотлар майда тешикларга эга бўлганда.

Бунда эмитент банк номи, валюта қийматининг рақамлари ва сўз билан кўрсатилиши, серия ва тартиб рақами, олд ва орқа томонининг асосий расми (сурати), шунингдек қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи элементлари (сув белгиси, магнитли белгилар, қоғозга киритилган рангли толалар, жумладан, ультрабинафша нурларда кўринадиган толалар, конфетти, ҳимоя иплари, микроматн, нур сочувчи расмлар ва бошқалар) ва бошқа асосий белгиларини сақлаб қолган бўлиши лозим.

Чет эл валютаси қуйидаги ҳолларда яроқсиз ҳисобланади:

тўловга яроқлиликнинг асосий белгиларини сақлаб қолмаган бўлса;

дастлабки ранги ўзгарган ёки ранги ўчган бўлса;

ёнган ёки куйган ҳолатда бўлса;

тўловга яроқлиликнинг асосий белгиларини 50 фоизидан ортиқ қисмига бўёқ ёки сиёҳ тўкилган бўлса;

банкнотда кимёвий реактивлар таъсири бўлса;

муайян даражада қасддан шикастланган (асосий расмлари, хусусан номинали ўзгартирилган, ҳимоя ипчалари олиб ташланган, катта ҳажмдаги ёзувлар бўлган) бўлса;

эмитент банк томонидан муомаладан чиқарилган бўлса;

банкнотлар аниқ босма хатога эга бўлган (сув белгиси ёки ҳимоя ипчаларининг йўқлиги ёки нотўғри жойлашганлиги), тасвирлари тўлиқ босилмаган ёки суркалиб кетган бўлса.

Тўловга яроқсиз пул белгилари валюта айирбошлаш шохобчаси томонидан инкассога эмитент банкка жўнатиш учун қабул қилиниши мумкин.

Валюта айирбошлаш шохобчаси қуйидаги ҳолларда ёпилади:

тижорат банкининг ихтиёрига кўра;

тижорат банки валюта операцияларини амалга оширишни белгиловчи банкларга оид қонун ҳужжатларни бузган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан чоралар ва санкциялар қўлланилганда.

Валюта айирбошлаш шохобчасини ёпиш тўғрисида тижорат банки раҳбари томонидан буйруқ чиқарилади ва буйруқ нусхаси у чиқарилган кундан эътиборан 3 иш куни ичида гувоҳноманинг асл нусхаси билан бирга Марказий банкнинг тегишли Бош бошқармага кузатув хатига илова қилинган ҳолда юборилади. Бош бошқарма томонидан тижорат банки раҳбарининг валюта айирбошлаш шохобчасини ёпиш тўғрисидаги буйруғига асосан, валюта айирбошлаш шохобчасини рўйхатга олиш журналига тегишли ёзув киритилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид