Ўзбекистон | 08:50 / 01.05.2024
16725
2 дақиқада ўқилади

Бухоро шаҳрига янги ҳоким тайинланди

Жамол Носиров соғлиги ёмонлашгани муносабати билан Бухоро шаҳар ҳокими лавозимидан озод этишни сўраб, ариза билан мурожаат қилган. Қурилиш вазирлигида бошқарма бошлиғи бўлган Қурбон Турсунов шаҳар ҳокими этиб тасдиқланди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Халқ депутатлари Бухоро шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди

Сессияда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, вилоятдаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳар ҳокими ўринбосарлари ва мутасадди ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва шаҳар фаоллари иштирок этди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Вилоят ҳокими Жамол Носировни Бухоро шаҳар ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорни ўқиб эшиттирди. 

«Кейинги пайтда Жамол Носировнинг соғлиги ёмонлашганлиги зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажаришда қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Жамол Носиров соғлиги ёмонлашгани муносабати билан Бухоро шаҳар ҳокими лавозимидан озод этишни сўраб, ариза билан мурожаат қилди», - деди Ботир Зарипов.

Айни вақтга қадар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги иссиқлик таъминотини эксплуатация қилиш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган Қурбон Турсунов Бухоро шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Кун тартибидаги масала юзасидан шаҳар кенгаши депутатлари ва фаоллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Мавзуга оид