Ўзбекистон | 18:24 / 15.03.2024
17618
2 дақиқада ўқилади

Чет тилини биладиган ёшларнинг юқори маошли ишга жойлашишига ёрдам берилади

Инглиз, француз, немис, корейс, япон, рус, хитой ва араб тилларини яхши биладиган ёшлар айти компанияларига ишга жойлаштирилади. Бунда талабгорнинг мутахассислиги муҳим эмас. Бу ердан сўровномани тўлдириб, иш учун ариза бериб қўйиш мумкин.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда яшаб туриб, хорижий айти компанияларда ишлаш имконияти яратилгани, бунинг учун ёшларга ёрдам берилишини маълум қилди.

Биз чет мамлакатларга бориб, Ўзбекистоннинг айти имкониятларини тарғиб қиляпмиз. Улар юртимизга кириб келганидан сўнг эса бизга чет тилларини мукаммал биладиган ёшлар керак. Аҳамиятли томони, айти компанияларда ишлаш учун фақатгина дастурчи бўлиш шартмас, бошқа кўплаб масофадан кўрсатиш мумкин бўлган хизматлар бор. Бу жуда имконияти кенг соҳа, ушбу компанияларда ишлаш учун чет тилини билиш, бироз салоҳият ва ҳаракат кифоя”, – деди вазир 14 март куни бўлиб ўтган анжуманда.

Маълум қилинишича, ҳозир чет тилини юқори даражада биладиган 10 минг нафар ёшга эҳтиёж бор. Йил охиригача бу эҳтиёж 70 мингдан ошиши кутилмоқда.

Анжумандан кейин вазирлик расмий саҳифаларида хорижий тил сертификати бўлган ёки шундай ёшларни таниган аҳолига мурожаат қилиб, сўровнома тўлдиришларини сўраган. “Сўровномани тўлдириб, ўзингиз ҳақингиздаги маълумотларни қолдиришингизни сўраймиз. Биз сиз билан боғланиб, айти компанияларга ишга жойлашишингизга ёрдам берамиз”, – дейилади расмий хабарда.

Бу ҳавола орқали рўйхатдан ўтиб, сўровномани тўлдиришингиз мумкин.

Мавзуга оид