Ўзбекистон | 11:01 / 21.07.2020
68382
2 дақиқада ўқилади

Расул Кушербаев: «Ўзавтомоторс» юзи қизармай, тез ёрдам учун ҳам автомобилларини отни калласидек нархда сотяпти»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Ўзбекистонда пандемия туфайли кечаётган оғир вазият ва шундай пайтда ҳам тез ёрдам учун автомобилларини жуда қиммат нархда сотишда давом этаётган «Ўзавтомоторс»га жиддий эътирозларини билдирди.

Хусусан, «Шу синовли кунларда юртдошларимизга енгил бўлиши учун барча қўлидан келгунча дори-дармон, тиббий ускуналар олиш учун ўз ёнидан хайрия қилаётган ёки беминнат хизмат кўрсатаётган бир вақтда бизни эркатой монополимиз «Ўзавтомоторс» юзи қизармай, тез ёрдам учун ҳам автомобилларини отни калласидек оширилган нархида сотишда давом этаяпти», – деб ёзади у ўз телеграм каналида

Кушербаев бу борада Фарғона вилояти ҳокимлиги вилоят аҳолиси учун 20 та янги «Дамас»ларни 75 млн. сўм атрофида сотиб олиб, «тез ёрдам»га топширганини мисол сифатида келтирган.

«Шу «Ўзавтомоторс»га ҳам ҳайронсан. Россиянинг Уфасида автомобиллари очиқда қолиб чириб ётса ҳам ўз халқи учун жилла қурса «Дамас»ларидан бепул ёки имтиёзлар билан бериш қийинми? 

«24 йил давомида халқимиз билан биргамиз», деб кўкрагини кераётган бу монопол ҳеч бўлмаса шу оғир кунларда ҳақиқатан халқи билан бирга эканлигини исботласа бўларди.

 Ахир шунча йил шу халқ ҳисобидан ялло қилиб яшади, эртага шу халқ бўлмаса уни «эрка»лигини ким кўтаради, дефектлар билан чиқаётган, отни калласидек қиммат машиналарини ким олади, албатта шу халқ олади. Пулини тўлаб ойлаб кутадиган Россия, Қозоғистон, Украина халқи эмас, шу халқ олади, шу халқ минади. Шу касал бўлаётган одамлар бўлмаса ҳеч кимсан «монопол дўстим», – дейди депутат.

Мавзуга оид