Ўзбекистон | 15:32 / 04.08.2022
4894
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда давлат хизматчилари сони 118 минг нафар экани маълум қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Бугунги мавзу 30 йилдан бери кейинга сурилиб келаётган масалалар ечимига қаратилган. Гап 35 миллион аҳоли ҳаётини енгил қиладиган, кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган – давлат хизматини ислоҳ қилиш ҳамда бошқарувда натижадорлик ва сифатни ошириш ҳақида боряпти”, деди давлат раҳбари. 

Таъкидланишича, соҳада 118 минг киши меҳнат қилмоқда. Сўнгги йилларда давлат хизматчилари халққа анча яқинлашди, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизими йўлга қўйилди. Ходимларга самарали ишлашлари учун муносиб шароитлар яратилди. Давлат хизматида 40 ёшгача бўлган ходимлар улуши 61 фоизга етди (илгари 37 фоиз бўлган).

“Лекин, ҳали давлат хизмати чинакам халқни рози қиладиган тизимга айлангани йўқ”, деди президент.

Билдирилишича, ўтган йили халқ қабулхоналарига вазирлик ва ҳокимликлар ходимлари билимсизлиги ва масъулиятсизлиги ҳақида 25 мингта, мулоқот маданияти етишмаслиги билан боғлиқ 7 мингта шикоят келиб тушган.

Энг кўп шикоятлар Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари фаолияти билан боғлиқ.

Мавзуга оид