Тошкент шаҳар божхона бошқармаси собиқ бошлиғи Толибжон Саидов тантанали тарзда пенсияга кузатилганидан бир ҳафта ўтар-ўтмай янги лавозимга тайинланди.

27 январ кунги селекторда давлат раҳбари ҳуқуқ-тартибот соҳасига ёш ва талабчан раҳбарлар корпуси кераклигини айтган, шундан кейин божхона, прокуратура ва Миллий гвардияда узоқ йиллар ишлаган ходимлардан бир гуруҳи пенсияга чиқарилган эди.

Шулар қаторида Толибжон Саидов ҳам пойтахт божхона бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод қилиниб, 14 феврал куни тантанали тарзда нафақага кузатилганди.

2026 йил 14 феврал. Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов тизимда узоқ йиллар ишлаган ходимлардан бир гуруҳини пенсияга кузатмоқда. Суратда чапдан учинчи – Толибжон Саидов
Фото: Божхона қўмитаси матбуот хизмати

18 феврал куни эса у Божхона қўмитаси раисининг буйруғи билан, “Божхона сервис” давлат муассасига директор этиб тайинлангани маълум бўлди.

Шу куни қўмита раиси ўринбосари Отабек Ибрагимов муассасада йиғилиш ўтказиб, янги раҳбарни жамоага таништирган.

Толибжон Саидов 18 феврал кунги тайинлов йиғилишида жамоага таништирилмоқда. / Фото: Божхона қўмитаси

“Тадбирда “Божхона сервис” давлат муассасаси фаолиятида эришилаётган натижалар билан бир қаторда йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам таҳлил қилинди. Шу боисдан янги раҳбар зиммасига биринчи галда ҳал қилиниши зарур бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди”, – дейилади қўмита матбуот хизмати хабарида.