Ўзбекистон | 09:19 / 25.04.2026
4128
1 дақиқада ўқилади

1 майдан ҳар ойда икки марта “автомобилсиз кун” ўтказилади

2026 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда экологик ҳолатни яхшилаш ва транспорт юкламасини камайтириш мақсадида ҳар ойнинг 10 ва 25 саналарида “автомобилсиз кун” ҳамда “автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказиб борилади.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Қонунчиликка кўра, мазкур акциялар доирасида давлат фуқаролик хизматчилари учун қатор чекловлар жорий этилади. Хусусан, ушбу кунларда уларга хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.

Шу билан бирга, агар белгиланган саналар иш кунларига тўғри келса, ҳайдовчиларнинг иш ҳақи сақлаб қолинади. Бу тартиб ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган.

Мутахассислар фикрича, “автомобилсиз кун” акцияси шаҳарларда ҳаво ифлосланишини камайтириш, жамоат транспортидан фойдаланишни рағбатлантириш ҳамда аҳоли орасида экологик маданиятни оширишга хизмат қилади.

Маълум қилинишича, бундай ташаббуслар дунё амалиётида кенг қўлланиб, йўл-транспорт юкламасини қисқартириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда самарали восита сифатида баҳоланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид