Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳам 22 сентябрь – халқаро автомобилсиз кун муносабати билан шу куни ишга велосипедда борди. У аввалроқ барча ўзбекистонликларни ушбу акцияда фаол қатнашишга чақирган эди.

«Бугун ишга одатдагидан вақтлироқ йўлга чиқиб, велосипедда бордим. Бу киши кайфиятига катта ижобий таъсир қилади», – деди Абдуҳакимов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Бош вазир ўринбосари суҳбат давомида Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш янги даражага чиқиши ҳақида айтиб ўтди.

Ўзбекистоннинг кўплаб шаҳарларида велосипед йўлаклари қурилади

«Албатта, битта камчилик яққол кўриняпти: шаҳримизнинг кўп жойларида ҳали велосипед йўлаклари йўқ. Айни пайтда махсус ишчи гуруҳ бу масалани ҳам қамраб олган қарор лойиҳасини тайёрлаяпти.

Унга асосан, нафақат Тошкент шаҳрида, балки бутун республикамиздаги йирик аҳоли пунктларида велосипед йўлаклари, пиёда юриш ва югуриш маршрутлари ташкил этилади. Бундан ташқари, стритболл (кўча баскетболи), street workout (машғулот майдонлари), мини футбол, бадминтон кабиларни бутун республикамиз бўйича оммалаштириш, керакли инфраструктурани яратиш чоралари кўрилади», – деди Ўзбекистон бадминтон федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов.

Оммавий спорт давлат сиёсати даражасига кўтарилади

Маълум бўлишича, ҳозирда Вазирлар Маҳкамасида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов раҳбарлигида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, Ўзбекистонда оммавий спорт ва соғлом ҳаёт тарзи тарғиботини кучайтириш, бу йўналишни давлат сиёсати даражасига олиб чиқиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

«Соғлом турмуш тарзи Ўзбекистонда ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётидан ўрин олиши бўйича дастур ишлаб чиқилмоқда. Яқин орада тегишли қарор лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинади. Бу борада кенг жамоатчиликдан таклифлар беришини сўраб қолардик.

Ҳозирги кунда ишчи гуруҳ ҳар куни иш олиб боряпти, қарор лойиҳаси қатор вазирликлар ва экспертлар иштирокида ишлаб чиқилди», – деди Азиз Абдуҳакимов.

Аҳолини соғлом овқатланишга чақириш бўйича фаол тарғибот олиб борилади