Ўзбекистон | 19:17 / 06.10.2022
7948
3 дақиқада ўқилади

«Uztelecom Starlink'дан кўра 4-5 баробар тез интернетни исталган хонадонга олиб бориши мумкин» — Шерзод Шерматов

Илон Маскнинг Starlink интернетидан 4-5 баробар тез ва арзон бўлган интернетни Uztelecom ҳозир исталган хонадонга олиб бориб бера олади. АКТ вазири Шерзод Шерматов Starlink Ўзбекистонга қачон келади, деган саволларга шундай жавоб берди.

Фото: uznews.uz

Халқаро пресс-клубнинг 5 октябр кунги сонида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда IТ соҳаси вакиллари учун яратилган имкониятлар ҳақида гапирди.

«АКТ вазирлиги тизимида таълимга доир алоҳида бўлинмалар тузилди. Президентимиз кучли кадрлардан иборат жамоа тузиш бўйича вазифа қўйди. Чунки агар комплекс ёндашилса, норматив-ҳуқуқий база бўйича IT-компаниялар солиқлардан озод бўлади. Улар ҳозир энг зўр шароитда, ишчилари ҳам камроқ солиқ тўлайди. Инфраструктурани ҳам амаллаб қиляпмиз. Олдингиси билан ҳозиргиси орасида анча фарқ бор.

Масалан, Самарқанддаги ШҲТ саммити ўтганида журналистларнинг ўзи ҳам эътибор берди. Олдин бунақа тадбир ўтганида умумий 20 ёки 50 мегабит интернет берсак, биз учун катта иш бўларди. Саммитда пресс-клубдаги битта компьютерга 1 гигабит интернет берилди. Яъни умумий тадбирга 50 эмас, бир компьютерга 1 гигабит! Инфраструктурага шунча йил қилинган ҳаракат энди натижаларини беради.

Ҳазиллашиб ҳам айтиб қўйишимиз мумкин. Кўпчилик «Илон Маскнинг Starlink’ интернети қачон бизга келади?» деб сўрайди. Ундан 4-5 баробар тез ва арзон бўлган интернетни Uztelecom ҳозир исталган хонадонга олиб бориб бериши мумкин. Starlink'ка ойига 100-500 доллар тўлаш керак, бизга унақа пул тўлаш шартмас, арзонроқ тўласа, уйига бемалол олиб бориб берилади. Шунақа имкониятимиз бор», – дея АКТ вазири Шерзод Шерматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

ХПКнинг ушбу сессиясида қатнашган INHA университети ректори Музаффар Жалолов кейинроқ Starlink ва Uztelecom компанияси ойлик интернет пакетларининг тезлиги ва нархлари солиштирилган жадвални эълон қилди.

Музаффар Жалоловга кўра, Starlink'да WiFi қурилма нархи 600 доллар, Uztelecom'да эса бепул. Starlink 250 Мбит/с тезликдан таклиф қилаётган интернет пакет нархи 110 доллар бўлса, 1000 Мбит/с тезликдан таклиф қилаётган Uztelecom интернет пакети нархи ойига 999 минг сўм.

Маълумот учун, АҚШлик миллиардер Илон Маск асос солган Starlink лойиҳаси орбитага 12 мингдан 30 мингтагача сунъий йўлдош олиб чиқиб, Ерни 3 қатор бўлиб ўраб олишни мақсад қилган. Шунингдек, у бутун дунёга мобил бўлмаган, сифатли интернет етказиб беришни режа қилган.

Starlink таклиф қилаётган интернет пакетларга уланиш учун дастлаб сунъий йўлдошдан келаётган сигналларни тутиб, компьютер ва гаджетларга мослаштириш учун алоҳида қурилма сотиб олиш керак бўлади.

Мавзуга оид