Жаҳон | 19:57
7084
9 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Украина Запорижжя областида қарши ҳужумга ўтди

Россиялик ҳарбийлар Starlink тизимидан узилгани украинларга қўл келмоқда.

Украинадаги манбалар мамлакат қуролли кучлари Запорижжя ва Днипропетровск областлари туташган нуқтада, шунингдек, Запорижжя шаҳридан жанубда қарши ҳужумга ўтгани ҳақида хабар бермоқда.

«Украина қуролли кучларининг Жанубий операция зонасидаги бир қатор участкаларда душманнинг олдинги позицияларига қарши ҳужум уюштирилди, муайян натижаларга эришилган», – дея ёзган украиналик ҳарбий эксперт Константин Машовец.

Олдинроқ россиялик блогерлар ҳам Украина қуролли кучлари Запорижжя йўналишидаги қатор участкаларда илгарилагани ҳақида хабар берган, Украинадаги манбалар эса ёки сукут сақлаган ёки буни россияликларнинг дезинформацияси деб атаганди.

«Шарқий Запорижжя йўналишида рақибнинг бир неча алоҳида штурм полкларидан иборат гуруҳнинг ҳужумлари давом этмоқда, Гайчур дарёси бўйлаб оғир жанглар кетмоқда, Гуляйполедан ғарбдаги ҳудудларда тўқнашувлар қайд этилган», – деб хабар берганди 9 феврал куни РФ мудофаа вазирлигига яқин ҳисобланган Rybar телеграм-канали.

«Айрим участкаларда душман РФ қуролли кучлари назорат зонасига нисбатан чуқур кириб боришга муваффақ бўлганига қарамай, ҳозирча муҳим муаммолар ҳақида гап кетмаяпти. Қийинчиликлар асосан Starlink терминаллари ишидаги муаммолар ва парвозга имкон бермайдиган об-ҳаво билан боғлиқ», – дея қайд этган Rybar.

«Архангел спецназа» телеграм-канали ҳам рақиб Гуляйполе атрофида танклар ва зирҳли машиналарни қўллаган ҳолда жиддий юриш бошлагани, улар Россия мудофаасига чуқур кириб келгани ва шиддатли жанглар кетаётгани ҳақида ёзган.

«Улар ҳозирча секин одимламоқда, икки томоннинг ҳам асосий муаммоси – алоқа туфайли, анироқ айтганда „Старлинк“ тизими бутун фронт бўйлаб ўчирилгани билан боғлиқ, ҳаммаёқда фақат станциялар орқали ишлашга тўғри келмоқда, бу эса координацияни қийинлаштиради. Афтидан, навбатдаги ҳужум Березовойга бўлади – у ерда яхшигина куч жамланган, унинг ортидан Новониколайивкага босим уюштиришлари тайин», – дея тахмин қилади z-блогер.

Шу билан бирга, Россия ҳудудида Telegram мессенжери блокланиши ҳам ҳарбий алоқа тизимига таъсир қилгани қайд этилмоқда. Starlink чекловлари билан биргаликда бу ҳолат фронтдаги бошқарув жараёнларини мураккаблаштирган.

Ҳозирча Украина томони ҳам, Россия томони ҳам Запорижжя областидаги вазият бўйича расмий маълумот бермаяпти.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский чоршанба куни кечқурун десант-штурм қўшинлари ва штурмчи полклар компандирлари билан ишчи учрашув ўтказиб, Запорижжя ва Днипропетровск областларидаги оператив вазиятни муҳокама қилганини айтди.

Сирский қўмондонлик пунктларидан бирида Жанубий операция зонасига масъул бўлинмалар командирлари билан учрашди.
General Staff of the Ukrainian Armed Forces

«Қуролли кучлар Гуляйполе йўналишида баъзи ютуқларга эришди, бу ҳақда ҳозирча айтиб бўлмайди, чунки операция давом этмоқда. Душман ҳозир телеграмда тарқатаётган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келади», – деди Украина қуролли кучлари 1-алоҳида штурм полки командири Дмитро Филатов.

Ҳолбуки 1 феврал куни ҳам ушбу полк вакиллари ўзларига бириктирилган участкада «душманнинг шиддатли ёриб ўтишидан кейин критик вазият» юзага келгани, полк жангчилари қаршисида Россия армиясининг Запорижжя йўналишида ичкарилашига йўл қўймаслик вазифаси турганини хабар қилаётганди.

Константин Машовец Украинанинг Гуляйполе шимоли-ғарбидаги ва област марказидан жанубда жойлашган Степногорск ҳудудидаги қарши ҳужумлари натижаларини эҳтиёткорлик билан баҳоламоқда. Унинг сўзларига кўра, бу ҳужумлар чекланган характер ва кўламга эга бўлиб, душманнинг Украина қуролли кучларининг жанговар сафлари орасига кириб қолган кичик пиёда гуруҳларини йўқ қилиш мақсадида амалга оширилган.

Фото: Reuters

Украиналик эксперт бу йўналишлардаги вазият, умуман олганда, «оптимистик кўринишда эмаслиги», чунки Россия қўшинлари олдинги икки ой давомидаги ҳужумларида «жуда муҳим муваффақиятларга эришган»ни айтиб ўтган.

Машовец Россия қўшинларининг 2026 йил ёзидаги кампанияда эҳтимолий Орихив-Запорижжя ва Словянск-Краматорск йўналишларидаги ҳужум амалиётларида имкониятлари минимал даражада бўлиши учун Украина қуролли кучлари қаттиқ ҳаракат қилиши лозимлигини қўшимча қилган.

Россия ҳарбийлари Starlink’дан узилиши Украина қуролли кучларига қандай ёрдам бермоқда? 

BBC рус хизмати шарҳловчиси Павел Аксенов:

Украина қуролли кучларининг Запорижжя областидаги муваффақиятлари Россия қўшини Starlink терминалларидан фойдаланиш имкониятини йўқотгани билан боғлиқ, дейди BBC’га НАТОнинг юқори мартабали мулозими.

Украина мудофаа вазирлиги феврал ойи бошларида Американинг SpaceX компанияси билан Украинада «оқ рўйхат»га киритилмаган Starlink сунъий йўлдош терминалларини ўчириш бўйича келишувга эришганди. Россия армияси «кулранг импорт» ёрдамида қўлга киритилган терминаллардан фойдаланишини истисно қилиш учун шундай чорага қўл урилганди.

Россия уларни фронтда алоқани таъминлаш учун ишлатган, аммо янада экзотик ҳолатлар ҳам бор эди – Starlink ҳатто Украина ичкарисидаги нишонларга ҳужум қилган узоқ масофали дронларга ҳам ўрнатилган.

«Айни пайтда бу алоқанинг узилиши россияликларни бошқарув ва назорат нуқтайи назаридан қийин аҳволга солиб қўйди ва бу эса улар энди ушбу бўлинмаларни бошқаришда анъанавий воситалардан фойдаланишга тўғри келишини англатади», – дейди НАТО вакили.

«Россияликлар қандай муқобил вариантларни ўйлаб топишмасин, улар унчалик самарали бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун, менимча, бу албатта, жанг майдонида акс этади. Ва мен шундай дейман: Украина яқинда Запорижжяда эришган муваффақиятнинг бир қисми Россиянинг Starlink’дан фойдаланиш имконияти ўзгариши билан боғлиқ», – деб ҳисоблайди у.

Украина қуролли кучларининг Запорижжя областида олдинга силжиши Россия ҳарбийлари фойдаланадиган Starlink тизимлари ўчирилиши билан бир вақтга тўғри келди. Фото: Reuters

«Старлинклар – гарнир»

Россия армияси ўтган йил кузида Запорижжя областида – унинг жануби-шарқий қисмида ҳамда област марказидан жанубда сезиларли даражада фаоллашганди.

Йил охирига келиб россиялик ҳарбийлар узоқ вақтдан буён Украина қуролли кучлари таянч пункти бўлиб турган Гуляйполе шаҳрини деярли тўлиқ эгаллади ҳамда Запорижжя шаҳрига 25 км масофада яқинлашди. Бу икки йўналишни экспертлар жанубда Украина мудофаасига энг таҳдидли йўналишлар деб атай бошлади.

Россия қўшинларининг Запорижжяга яқинлашишда давом этиши – шаҳарни стволли артиллериядан ўққа тутиш хавфини туғдиради ва дронлар ҳужуми хавфини оширади. Гуляйполе ғарбидаги ҳудудда эса ҳимояланиш қийин – бу ҳудуд очиқ майдонлардан иборат ва таянч вазифасини ўташи мумкин бўлган аҳоли пунктлари жуда кам.

Бундай шароитда кичик кўламли қарши ҳужумлар ҳам, агар муваффақиятли чиқса, муҳим аҳамиятга эга бўлади. Бундай ҳужумлар мудофааланаётган томонга вақтдан ютиш ва хавфли йўналишларга захира кучларни олиб келиш имконини беради.

Кўп сонли манбаларга кўра, Украина қуролли кучлари бир неча посёлкаларни – Гуляйполедан шимоли-ғарбдаги Терноватое ҳамда Придорожноени қайтариб олган, шунингдек, Россия бўлинмалари Запорижжя жанубидаги Приморское ва Лукяновскоедан чекинтирилган.

Украина армия қарши зарбаларини январ ойи охирида, старлинклар ўчирилишидан олдинроқ бошлаганди, аммо сўнгги кунларда ҳужум кенгайди, дейди исроиллик ҳарбий таҳлилчи Давид Генделман.

«У ерда, одатдагидек, кучлар нисбати, Украина қуролли кучлари қанча захираларни олиб келиши мумкинлиги муҳимроқ, старлинклар эса – шунчаки гарнир», – дейди у BBC рус хизматига.

«Катта ҳудудлар қайтариб олинмаса ҳам, бундай ҳаракатлар аллақачон ҳужум динамикасини бузади: қанотларни кесиш ва умуман қарши ҳужумларни амалга ошириш – шунчаки мудофаада ўтириш ёки секин-асталик билан чекинишдан кўра самаралироқ», – деб ҳисоблайди Давид Генделман.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид