Жаҳон | 07:44 / 13.02.2026
5407
3 дақиқада ўқилади

Шаҳарлар тахти кимга ўтади? 50 та мегаполиснинг 75 йиллик пойгаси

1975 йилда дунёнинг энг йирик шаҳарлари рўйхати асосан Япония, Европа ва Шимолий Америка ҳиссасига тўғри келган. 2025 йилга келиб бу мувозанат сезиларли даражада Осиё томон силжиди. 2050 йилгача бўлган истиқболда эса Африка глобал шаҳар иерархиясидаги асосий кучлардан бирига айланиши кутилмоқда. 

Фото: AP

Бу ўзгаришларнинг бош ҳаракатлантирувчи омили — урбанизация ва бу жараён ҳали якунланишдан жуда узоқ.

Янги визуализация дунёнинг 50 та энг йирик шаҳри тўрт вақт нуқтасида — 1975, 2000, 2025 ва 2050 йилларда — рейтингда қандай кўтарилгани, стагнация қилгани ёки ўрин йўқотганини кўрсатади. Таҳлил БМТнинг World Urbanization Prospects 2025 ҳисоботи маълумотларига асосланган.

1975 йилда дунёдаги энг йирик шаҳарлар Токио ва Осака бўлиб, улардан кейин Ню-Йорк, Жакарта ва Мехико келган.

2000 йилга келиб Осиёда аҳоли сони тез ўсиши фонида Шанҳай, Пекин ва Ню-Деҳли каби мегаполислар рейтингда жадал юқорилади. 2025 йилга келиб бу силжиш янада яққоллашди: дунёнинг энг йирик шаҳарларининг катта қисми Жанубий ва Шарқий Осиёда жамланди. Урбанизация давом этар экан, бу тенденция 2050 йилгача ҳам сақланиб қолиши кутилмоқда.

2050 йил бўйича прогнозларга кўра, дунёдаги аҳолиси энг кўп шаҳар Дакка бўлади, унинг аҳолиси 52 миллион кишидан ошади, ундан кейин эса жуда яқин фарқ билан Жакарта келади. Осиё шаҳарлари аҳолининг энг катта жамланиш марказлари мақомини сақлаб қолиши кутилмоқда: Шанҳай, Ню-Деҳли ва Карачи етакчи бешталикни тўлдиради. Умуман, Осиёга дунёнинг 50 та энг йирик шаҳрининг 24 таси тўғри келади.

Шу билан бирга, Африка сайёранинг энг тез суръатда урбанизациялашаётган ҳудуди сифатида олдинга чиқмоқда: 50 та энг йирик шаҳар рўйхатидан 13-ўрин Африка ҳиссасига тўғри келади. Лагос, Киншаса, Қоҳира ва Доруссалом каби шаҳарлар, прогнозларга кўра, келгуси ўн йилликларда юқори туғилиш ва тезлашган урбанизация фонида аҳоли сонининг “портловчи” ўсишига дуч келади.

Умуман олганда, мегаполислар — аҳолиси 10 миллиондан ортиқ бўлган шаҳарлар — сони 2050 йилга бориб 37 тага етиши кутилмоқда (2025 йилда 33 та).

Ривожланаётган мамлакатлар шаҳарлари шиддат билан ўсар экан, Европа, Япония ва Шимолий Американинг кўплаб анъанавий йирик шаҳарлари, прогнозларга кўра, анча секин ўсади ёки умуман “плато”га чиқади.

Масалан, Осака аҳолиси прогноз бўйича 2,5 миллион киши (тахминан 20 фоиз)га камаяди, Ню-Йорк аҳолиси эса тахминан 5 фоизга қисқаради. Бошқа йирик агломерациялар, жумладан Токио, Париж ва Сеул, ҳам эҳтимол, ўсиш чегарасига етади.

Шунга қарамай, демографик ўсиш секинлашса-да, бу шаҳарлар, эҳтимол, глобал иқтисодий марказлар мақомини сақлаб қолади — узоқ йиллик савдо ва бизнес тараққиётига таянилган ҳолда.

Прогнозларга кўра, Москвада 2050 йилга бориб 15,5 миллион киши яшайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид