Технология | 07:46
884
2 дақиқада ўқилади

Космосдаги биринчи мегаполис: SpaceX амалий босқичга ўтмоқда

SpaceX Ойда ўзини ўзи таъминлайдиган шаҳар барпо этиш режасини амалий босқичга олиб чиқмоқда. Илон Маскка кўра, лойиҳа 10 йилдан кам вақт ичида рўёбга чиқиши мумкин. Ойга учиш имкониятлари ва парвоз муддатининг қисқалиги бу дастурни Марсга нисбатан анча реал ва динамик қилади. 

Фото: wellnews.ru

Американинг SpaceX космик компания инвесторларга компания устуворликларни ўзгартираётганини маълум қилди: яқин истиқболда у эътиборни Ойга қаратмоқчи.

“Билмаганлар учун: SpaceX аллақачон эътиборни Ойда ўзини ўзи ривожлантирувчи шаҳар қуришга кўчирди. Ҳозирги баҳоларга кўра, буни 10 йилдан кам вақтда амалга ошириш мумкин, Марсда шаҳар барпо этиш эса 20 йил ва ундан кўпроқ вақт талаб қилади. SpaceX миссияси эса ўзгармайди — биз билган шаклдаги онг ва ҳаётни Ердан ташқарига, юлдузлар сари ёйиш”, — деди Маск.

SpaceX раҳбари таъкидлашича, Марсга учиш фақат сайёралар қулай тарзда жойлашадиган камдан кам учрайдиган даврларда мумкин — тахминан ҳар 26 ойда бир марта, сафарнинг ўзи эса тахминан олти ой давом этади. Бундан фарқли равишда, Ойга парвозлар ҳар 10 кунда амалга оширилиши мумкин, парвоз эса бор-йўғи икки сутка атрофида. Бу дегани, синов–хатолар–такомиллаштириш суръати Ой дастурида бир неча баробар юқори бўлади. Демак, Ойдаги шаҳарни Марсдаги шунга ўхшаш лойиҳадан анча тезроқ қуриш мумкин.

Шу билан бирга, SpaceX Марс мақсадидан воз кечмаяпти. Компания Марсда шаҳар қурилишини тахминан 5–7 йилдан кейин бошлашни режалаштираётганини айтган. Аммо стратегик устувор вазифа ўзгармаган: цивилизациянинг узоқ муддатли омон қолишини таъминлаш. Бу нуқтаи назардан Ой — энг тез ва реалистик йўл сифатида кўрилмоқда.

Reuters хабарига кўра, SpaceX 2027 йил март ойида Ойга одамсиз қўнишни амалга оширишни режалаштирмоқда.

Айни пайтда SpaceX Starship транспорт тизимини ишлаб чиқишда давом этмоқда: у зангламас пўлатдан ясалган йирик аппарат бўлиб, тўлиқ қайта фойдаланиладиган ва Ой ҳамда Марс миссияларини ҳам ўз ичига олган кенг вазифалар учун мўлжалланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид