Иқтисодиёт | 15:28 / 02.09.2025
3469
2 дақиқада ўқилади

Автомобилни божхонада бировнинг номига ўтказиш қонун билан тақиқланиши мумкин

Бош вазирга янги ваколат берилиши кутилмоқда. Муҳокамага қўйилган қонун лойиҳасига асосан, Вазирлар Маҳкамасига божхона омбори режимида турган вақтида бошқа шахсга ўтказилиши тақиқланадиган товарларни белгилаш ҳуқуқини бериш кўзда тутилган. Ҳукумат бу янги ваколатини биринчи бўлиб автомобилларга нисбатан қўлламоқчи.

Очиқ манбалардан олинган сурат

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига божхона омбори режимидаги товарларни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ваколати берилиши мумкин. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тегишли қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига чиқарди. Гап биринчи навбатда автомобиллар ҳақида кетяпти.

Қонун лойиҳаси билан, Божхона кодексига қуйидаги мазмундаги банд киритиш кўзда тутилмоқда:

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган товарларни бошқа шахсга ўтказилиши тақиқланган айрим товарларни ва ҳолатларни белгилаши мумкин”.

Расмий изоҳда келтирилишича, қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишига бош вазирнинг 2025 йил 6 май кунги 1725-сонли топшириғи асос бўлган.

Бу топшириқда божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган товарларни бошқа шахсга ўтказиш бўйича тартиботларни енгил автотранспорт воситаларига қўлламаслик бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

“Мазкур қонун божхона назорати остида турган товарларни солиқ қонунчилиги талабларини бажармаган ҳолда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган”, – дейилади қонун лойиҳасининг преамбуласида.

Лекин қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтиришда бундай ҳолатлар ҳақида маълумот берилмаган.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид