Иқтисодиёт | 08:12 / 22.04.2021
6494
3 дақиқада ўқилади

Ташқи савдо операциялари ягона тизимидан умидсиз қарздорликлар ҳисобдан чиқарилади

Фото: Dreamstime

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор қабул қилинди.

Ҳужжат президентнинг 2021 йил 14 январдаги «2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қабул қилинган.

Низомда қуйидагилар назарда тутилган:

  • қарздорликларни аниқлаш ва уларни асослантирувчи ҳужжатлар;
  • қарздорликларни ҳисобдан чиқаришда экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳукумат комиссияси ҳамда ҳудудий комиссиялар ўрни ва ваколатлари;
  • экспорт ва импорт шартномалари бўйича муддати ўтган умидсиз дебитор ва кредитор қарздорликларни ҳисобдан чиқаришни ташкил этиш тартиби;
  • ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимидан (ТСОЯЭАТ) умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш бўйича ҳисобдорлик механизми.

Низомда умидсиз қарздорлик, асосланган дебиторлик қарздорлик, кредит-нота тушунчалари берилган.

Қарздорликлар ТСОЯЭАТда хўжалик юритувчи субъектлар, давлат божхона хизмати органлари, товар-хомашё биржаси ва кўргазма-ярмаркалар ҳамда тижорат банклари маълумотлари асосида шакллантирилади.

ТСОЯЭАТда умидсиз қарздорликлар сифатида қуйидагилар эътироф этилади:

  • хўжалик юритувчи субъектларнинг суд қарорига мувофиқ мажбуриятлари тугатилгани;
  • якка тартибдаги тадбиркор вафот этиши, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиб, бошқа давлатга доимий яшаш учун чиқиб кетгани;
  • умумий даъво қилиш муддати ўтгани;
  • ҳукумат қарори асосида хўжалик юритувчи субъектлар қарздорликлари ҳисобдан чиқарилиши;
  • қарздорлик техник ва бошқа сабабларга кўра нотўғри шакллангани;
  • қарздорлик кредит-нота асосида чегирма тақдим этилиши ҳисобига юзага келгани ва бошқалар.

Умидсиз қарздорлик қуйидаги ҳужжатлар билан тасдиқланади:

  • хўжалик юритувчи субъект мажбуриятлари тугатилгани, банкротлик ишлари якунлангани ва мажбуриятларни қаноатлантириш имконияти йўқлиги ҳақидаги суд қарори;
  • якка тартибдаги тадбиркор вафот этгани ҳақидаги ўлим гувоҳномаси;
  • якка тартибдаги тадбиркорнинг Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиб, бошқа давлатга доимий яшаш учун чиқиб кетгани ҳақидаги ИИБ (ИИБ бўлимлари) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими маълумотномаси;
  • шартнома суммасини 5 фоизгача камайтириш бўйича чегирма бериш тўғрисидаги кредит-нотаси ва бошқалар.

Қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқариш тасдиқланган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Шунингдек, экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар намунавий таркиби тасдиқланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид