Жамият | 12:35
1424
2 дақиқада ўқилади

35 миллион сўмлик газ қарзи судда асоссиз деб топилди

Жиззахда фуқарога нисбатан қўйилган “ноқонуний газга уланиш” айблови судда ўз тасдиғини топмади ва асоссиз деб эътироф этилди. Газ идораси қонун талабларини қўпол равишда бузиб, истеъмолчини 35 миллион сўм қарздор қилиб қўйгани аниқланди.

Фото: Ҳудудгаз Жиззах

Маълум бўлишича, “Ҳудудгаз Жиззах”нинг Шароф Рашидов туман бўлими ходими томонидан фуқаро Ш.Қ.га нисбатан табиий газ тармоғига ноқонуний уланганлик ҳолати юзасидан далолатнома расмийлаштирилган ва 35 миллион 16 минг сўм миқдорида қарздорлик ҳисобланган.

Жиззах туманлараро фуқаролик ишлари бўйича суди томонидан мазкур далолатнома тузилишида қонун талаблари қўпол равишда бузилган, деб топилди. Хусусан, далолатнома истеъмолчи иштирокисиз, унинг имзосисиз ҳамда холиcлар жалб этилмаган ҳолда расмийлаштирилган.

Суд Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 319-сонли қарори билан тасдиқланган табиий газдан фойдаланиш қоидаларига таяниб, бундай ҳолатларда далолатнома ваколатли ходимлар ва истеъмолчи иштирокида, белгиланган тартибда тузилиши шартлигини қайд этди. Мазкур ишда эса ушбу талаблар бажарилмаган.

Шунингдек, суд томонидан фуқаронинг табиий газдан ноқонуний фойдаланганлигига оид ҳолат мавжуд эмаслиги ҳам аниқланган.

Натижада суд “Ҳудудгаз Жиззах” томонидан тузилган далолатномани ҳақиқий эмас деб топди ҳамда 35 миллион сўм миқдорида ҳисобланган қарздорликни бекор қилди. Шу билан бирга, газ таъминоти ташкилотининг туман бўлими зиммасига истеъмолчи бўйича қайта ҳисоб-китоб қилиш мажбурияти юклатилди.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид