Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рақобат қўмитаси асоссиз қарздорлик юзасидан Чиқиндиларни бошқариш агентлигига сўров юборди
Рақобат қўмитаси айрим ҳудудларда чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлигига амал қилинмаётгани ҳамда фуқароларга асоссиз қарздорликлар ҳисобланаётганини аниқлади. Бу борада мурожаатларнинг асосий қисми Наманган, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Фарғона вилоятларига тўғри келади. Қонунчиликка кўра, хизмат сифатсиз кўрсатилган ҳолларда истеъмолчи тегишли давр учун тўловдан озод этилади.
Фото: Kun.uz
Асоссиз қарздорлик ҳолатлари юзасидан электр таъминотига киритилган вақтинчалик чекловларни қайта кўриб чиқиш юзасидан Чиқиндиларни бошқариш агентлигига сўров юборилди, дея хабар берди Рақобат қўмитаси ахборот хизмати.
Қайд этилишича, қўмитанинг ҳудудий органларига чиқиндиларни ташиш хизматлари бўйича 2025 йил давомида 1141 та, 2026 йилнинг дастлабки ойларида эса 850 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.
«Мурожаатларда асосан чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетилмаслиги, хизматлар сифати пастлиги, шартнома шартларига амал қилинмаслиги, шунингдек, хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланиши ҳамда бунинг оқибатида фуқароларнинг электр энергияси тўловларига чекловлар қўйилгани юзасидан ҳақли эътирозлар билдирилган», дейилади қўмита хабарида.
Ўрганишлар давомида айрим ҳудудларда чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг белгиланган минимал даврийлигига амал қилинмаётгани ҳамда фуқароларга асоссиз қарздорликлар ҳисобланаётгани аниқланган. Мурожаатларнинг асосий қисми Наманган, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Фарғона вилоятларига тўғри келади.
Шу муносабат билан, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Рақобат қўмитаси томонидан: чиқиндиларни ўз вақтида ва сифатли олиб чиқиб кетишни таъминлаш, асоссиз қарздорликлар ҳисобланишининг олдини олиш, асоссиз қарздорлик сабаб электр энергияси тўловларига киритилган чекловларни қайта кўриб чиқиш чораларини кўриш юзасидан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигига сўров юборилган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари белгиланган муддат ва даврийликда амалга оширилиши шарт. Шунингдек, хизмат кўрсатилмаган ёки сифатсиз кўрсатилган ҳолларда истеъмолчи тегишли давр учун тўловдан озод этилиши белгиланган.
Қўмита фуқароларни хизмат сифати билан боғлиқ ҳолатларда мурожаат қилишга чақирди ва бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилишини маълум қилди.
Мавзуга оид
18:05 / 10.02.2026
«Квартплата»дан қарздорлар учун электрга тўлов қилиш чекланади
15:30 / 03.02.2026
Самарқандда кунига 500 тонна чиқинди саралайдиган станция қурилади
15:10 / 03.02.2026
UzAirways йўловчилари рейсга кечикканда, қайтиш чиптаси бекор қилинмайдиган бўлди
08:57 / 29.01.2026