Ўзбекистон | 22:09 / 07.12.2022
30445
2 дақиқада ўқилади

Сардор Умрзоқов энергетика масаласида йиғилиш ўтказмоқда. Ҳудудларга қўшимча масъуллар бириктирилди

Газ, электр ва кўмир таъминотини яхшилаш мақсадида президент маслаҳатчилари ва бош вазир ўринбосарлари вилоятларга бириктирилди. Учта вазирликда кун-у тун ишлайдиган штаблар ташкил этилади.

Фото: Президент администрацияси

Айни пайтда Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов бошчилигида қишни беталафот ўтказиш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Танқидий руҳдаги тадбирда мутасаддиларга энергетика тизимидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича қўшимча вазифалар юкланди.

Kun.uz'га маълум қилинишича, тадбирда администрация раҳбари Сардор Умрзоқов томонидан қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун масъул мутасаддилар ишидаги жиддий камчиликлар кўрсатиб ўтилди ва мавсумга тайёргарлик ишларидаги қолоқликлар, юзага келган вазиятни бартараф этиш чоралари тезкор қабул қилинмагани ва умуман сустлиги юзасидан жиддий эътирозлар билдирилди.

Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан мутаносиб таъминлаш масалаларини тезкор ва тизимли ҳал этиб бориш мақсадида Энергетика вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида кун-у тун ишлайдиган штаблар ташкил этиш топширилди.

Фото: Президент администрацияси

Шунингдек, энергетика тизими мутасаддилари билан ҳудудларга қўшимча табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси ва кўмирни етказиб бериш масаласи алоҳида муҳокама қилинди.

Бу масалалар бўйича кунлик назорат тизимини ўрнатиш учун президент маслаҳатчилари ва бош вазир ўринбосарлари ҳар бир вилоят ҳокимига бириктирилди.

Президент топшириғига асосан бош вазир бошчилигида энергия муаммоларини тезкор ўрганиш ва ҳал қилиб бориш бўйича ҳукумат ишчи гуруҳи тузилмоқда.

Мавзуга оид